Ўзбекистон | 15:30 / 23.04.2019
53414
6 дақиқада ўқилади

«Бир раҳбар одам ҳам ҳоким, ҳам кенгаш раиси бўлолмайди». Президент топшириғи ва давлат дастури ижроси нега таъминланмаяпти?

1993 йил 2 сентябрь санасида «Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида»ги қонун қабул қилинганди. Унда маҳаллий вакиллик ва ижроия ҳокимиятининг фаолияти, улар қабул қиладиган ҳужжатлар, ҳуқуқлари, мажбуриятлари ва бошқалар белгилаб қўйилганди.

Мазкур қонуннинг 24-моддасида халқ депутатлари Кенгашининг ваколатлари санаб ўтилган. 5-бандида Кенгаш ҳокимни ва унинг ўринбосарларини лавозимга тасдиқлаши, ҳокимни ва унинг ўринбосарларини лавозимдан озод этиши, уларнинг фаолиятига доир ҳисоботларни, шунингдек ҳокимларнинг вилоят, туман, шаҳар ижтимоий-иқтисодий ривожланишининг энг муҳим ва долзарб масалалари юзасидан ҳисоботларини тинглаши кўрсатилган.

Содда қилиб тушунтирсак, халқ томонидан сайланган депутатлар олдида ҳоким маълум муддат давомида ўзи ва ўринбосарлари томонидан амалга оширилган ижтимоий, иқтисодий, қишлоқ хўжалиги, саноат, инвестиция, ёшлар, хотин-қизлар масалалари ва бошқалар тўғрисида вақти-вақти билан ҳисобот бериб туради. Агар халқ учун етарли даражада оқилона сиёсатни амалга оширолмаса, халқ вакиллари ишончини оқламаса, лавозимидан озод этилади.

2010 йил 30 декабрда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Сенат Кенгашининг «Халқ депутатлари вилоят, туман, шаҳар кенгашининг намунавий регламентини ва халқ депутатлари вилоят, туман, шаҳар кенгашининг доимий комиссиялари тўғрисидаги намунавий низомни тасдиқлаш ҳақида»ги қарори қабул қилинганди.

Қарорнинг 4-моддасида халқ депутатлари Кенгаши ишини ҳоким — халқ депутатлари Кенгашининг раҳбари ташкил этади ва унга раҳбарлик қилади. Ҳоким – халқ депутатлари Кенгашининг раҳбари ўз фаолияти ҳақида халқ депутатлари Кенгаши олдида ҳисобот беради, деган жумлалар мавжуд.

Ўз-ўзидан табиий саволлар туғилади. Халқ депутатлари Кенгаши бирор марта ҳокимнинг ҳисоботини эшитиб, маъқул келмаса ишдан олиб ташлаганини кўрганмисиз? Мен эшитмаганман ҳам. Чунки, ҳудудидаги барча масалаларни ҳал этадиган куч, йўлбошчи, етакчи бўлган ҳоким Кенгашга ҳам раҳбарлик қилади. Ҳокимлар Кенгашга раҳбар экан, депутатлар халқ манфаати йўлида уларга қарши бора олмайди. Бу аниқ. Қарши борса, бирор баҳона билан депутатликдан чақиртириб олинади. Бу амалиётда кўп учраб турадиган ҳолат.

2018 йил 22 январь куни фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йилида амалга оширишга оид давлат дастури тўғрисида Президент фармони қабул қилинди. Амалга оширилиши шарт бўлган 231 қисмдан иборат давлат дастури ишлаб чиқилди.

Унинг 25-қисмига қарайдиган бўлсак, халқ депутатлари Кенгаши ваколатларини кенгайтириш орқали маҳаллий давлат ҳокимияти органлари фаолиятини такомиллаштириш доирасида ҳокимнинг маҳаллий ҳокимият вакиллик органи бўлган Кенгашнинг раҳбари сифатида мақомини бекор қилиш тўғрисидаги қонун лойиҳаси тайёрланиши зарур эди.

Муддат 2018 йилнинг 1 майига қадар бўлиб, масъул ижрочилар Вазирлар Маҳкамаси, Адлия вазирлиги, Молия вазирлиги, Иқтисодиёт вазирлиги (ҳозирги Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги), Амалдаги қонун ҳужжатлари мониторинги институти (ҳозирда бу институт тугатилган), Давлат бошқаруви академияси, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари томонидан қонун лойиҳаси тайёрланиши керак эди.

Бироқ, яқинда лойиҳа тайёр бўлмаётганига бир йил тўлишига қарамай, масъул ижрочилар ҳали ҳамон сукутда.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 2018 йил декабрь ойида Қашқадарё вилояти фаоллари билан бўлган учрашувда шу масалага тўхталиб, «Бир раҳбар одам ҳам ҳоким, ҳам кенгаш раиси бўлолмайди. Керак бўлса, ҳоким кенгашга ҳисобот беради. Вилоят ва туман депутатларига ҳам ваколатлар берилади», деган эди.

Бундан ташқари, Президентнинг 2018 йилнинг 28 декабрида парламентга мурожаатномасида ҳокимнинг маҳаллий кенгашларга раислик қилиши амалиётини бекор қилиш ҳақида гапириб, «Ҳоким ҳокимлигини қилсин, лекин кенгаш олдида ҳисобот берсин», дегани кўпчиликнинг ёдида бўлса керак.

Қизиғи, 2019 йил 17 январь санасида 2017—2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясининг «Фаол инвестициялар ва ижтимоий ривожланиш йили»да амалга оширишга оид давлат дастури қабул қилинди.

Иккинчи қисмида 2019 йил 1 мартига қадар Вазирлар Маҳкамаси аъзоларини Олий Мажлис, вилоят, туман ва шаҳар давлат органлари раҳбарларини тегишли халқ депутатлари Кенгашлари томонидан тасдиқлаш амалиётини жорий этиш ҳақида қонун лойиҳасини тайёрлаш топширилди.

Масъул ижрочилар сифатида Олий Мажлис палаталари (келишув асосида), Вазирлар Маҳкамаси, вазирлик ва идоралар белгиланди. Лекин мана муддатдан деярли икки ой ўтаётганига қарамай давлат дастури ижроси кечиктирилмоқда. Лойиҳадан эса дарак йўқ.

Нега давлат дастурлари ижроси бажарилмаяпти ёки кечикиб кетмоқда? Нега тегишли давлат ташкилотлари бу ҳақида жамоатчиликка изоҳ бермаяпти? Агар ҳар бир мансабдор шахсни халқ ёки унинг вакиллари олдида ҳисобдор қилиб қўймас эканмиз, давлат дастурлари ижросини тўлиқ амалга ошира олмаймиз. Демократик фуқаролик жамиятини қуриш йўлидаги ҳаракатларимизга бу каби ҳолатлар тўсиқ бўлмасмикин, деган хавотирдаман.

Зафарбек Солижонов

Kun.uz мухбири

Мавзуга оид