Ўзбекистон | 08:38 / 24.04.2019
17099
4 дақиқада ўқилади

Тўгарак ташкил этаётган ўқитувчиларга қўшимча рағбатлантириш механизми яратилди

Вазирлар Маҳкамасининг “Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги тизимидаги умумий ўрта таълим муассасаларида пуллик таълим хизматларини кўрсатиш тартиби тўғрисида низомни тасдиқлаш ҳақида”ги қарори тасдиқланди.

Халқ таълими вазирлиги ахборот хизмати хабарига кўра, қарор билан мактабларда пуллик таълим хизматларини кўрсатиш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди.

Ҳужжатда пуллик таълим хизматлари мактабда зарур моддий-техник база ҳамда тегишли педагог ходимлар мавжуд бўлганда ёки мутахассис жалб этилиб ташкиллаштирилиши мумкинлиги белгиланган. Бу каби таълим хизматлари ўқув дастури бўйича ўқувчига бериладиган таълим-тарбия жараёнига халал бермаслиги керак.

Мактабларда ташкил этиладиган таълим хизматлари ўқув дастурларида назарда тутилмаган (давлат таълим стандартларидан ташқари) машғулотлар бўйича мактаб директори ва ўқувчиларнинг ота-онаси ёки уларнинг ўрнини босувчи шахслар ўртасида шартнома асосида кўрсатилиши белгиланмоқда. Асосийси, директор ва педагоглар томонидан ўқувчиларни пуллик таълим хизматларига мажбурий жалб этилишига йўл қўйилмайди.

Низомга кўра, таълим хизматлари нархлари Кузатув кенгаши билан келишилган ҳолда мактаб директори томонидан тасдиқланади. Тўловлар белгиланган тартибда банклар орқали мактабнинг ҳисоб варақларига нақд пул ёки пул ўтказиш йўли билан амалга оширилади.

Кам таъминланган оила фарзандлари учун нархлар умумий тўловнинг 50 фоизи миқдорида белгиланади.

Пуллик хизмат кўрсатишдан келиб тушадиган маблағларнинг 50 фоизидан кам бўлмаган миқдори ўқитувчиларга ҳақ тўлашга йўналтирилади. Бу эса ўқитувчиларнинг меҳнатини рағбатлантиришда муҳим роль ўйнайди.

Мазкур ҳужжат мактабларда қўшимча таълим хизматлари кўрсатишда шаффофликни таъминлайди. Шу билан бирга ўқув муассасасининг инфратузилмаси ва таъминотини яхшилаш учун қўшимча маблағ топиш имкониятини яратади.

Шунингдек, Вазирлар Маҳкамаси томонидан “Халқ таълими муассасаларини бюджетдан ташқари жамғармаси маблағларини шакллантириш ва фойдаланиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш тўғрисида”ги қарори ҳам қабул қилинди.

Қарор билан Халқ таълими муассасаларини бюджетдан ташқари жамғармаси маблағларини шакллантириш ва фойдаланиш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди.

Ушбу Низом халқ таълими тизимидаги муассасаларнинг кўчмас мулкини ижарага беришдан, ўқувчилар учун ташкил этилган пуллик хизматлардан, ҳомийлик, грант ва бошқа маблағлар ҳисобидан шакллантирилган бюджетдан ташқари жамғармаси маблағларидан самарали ва тўғри фойдаланишни тартибга солади.

Халқ таълими муассасаларининг кўчмас мулкини белгиланган тартибда беришдан тушган маблағ, ўқув дастурларида назарда тутилмаган (давлат таълим стандартларидан ташқари) билимлар бўйича қўшимча таълим беришга қаратилган машғулотлардан олинган фойда, фаолият тури бўйича ишлаб чиқарилган товарлар (ишлар ва хизматлар) реализациясидан тушган маблағлар, юридик ва жисмоний шахсларнинг ҳомийлик маблағлари, халқаро молия ташкилотлари ва хорижий давлатларнинг грантлари ва техник кўмаклашиш маблағлари ва бошқа қонун ҳужжатлари билан таъқиқланмаган маблағлар халқ таълими муассасаларини жамғармаси маблағларининг манбаси ҳисобланади.

Халқ таълими муассасаларининг бюджетдан ташқари жамғармаси маблағлари фақат тасдиқланган даромад ва харажатлар сметасида кўзда тутилган мақсадлар учун йўналтирилиши мумкин.

Бундан ташқари, муассаса раҳбарига бюджетдан ташқари жамғарма маблағларини Кузатув кенгаши билан келишилган ҳолда эркин тасарруф этиш, шу жумладан жамғарма даромадларининг жами суммасидан 10 фоизини ўз моддий рағбатлантириши учун йўналтириш ҳуқуқи тақдим қилинади.

Шу билан бирга, муассасанинг бўш турган объектларидан ҳамда бошқа мавжуд имкониятлардан самарали ва оқилона фойдаланиш орқали муассасанинг моддий-техник базаси яхшиланади. 

Мазкур қарорларнинг самарали амалиётга жорий қилиниши ота-оналардан таълим муассасаларида ноқонуний йиғимларни бартараф этишга ҳам кўмак беради.

Мавзуга оид