Ўзбекистон президенти Хитой раисига таклиф билан чиқди
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Хитойга ташрифи 25 апрель куни эрталаб Пекин шаҳрида Хитой Халқ Республикаси раиси Си Цзиньпин билан учрашувдан бошланди. Бу ҳақда президент матбуот хизмати хабар қилмоқда.
Ўзбекистон ва Хитой – ҳар томонлама стратегик шериклар. Ўзбекистон ХХРнинг ташқи сиёсий курси ва ягона Хитой масалалари бўйича қатъий позициясини, терроризм, экстремизм ва сепаратизмга қарши олиб бораётган курашини қўллаб-қувватлайди. Хитой мамлакатда амалга оширилаётган ислоҳотлар ва Ўзбекистоннинг минтақавий сиёсатини олқишлайди. Давлатлар халқаро ташкилотлар доирасида фаол ҳамкорлик қилмоқда.
Давлат раҳбарларининг мунтазам учрашувлари ва сиёсий иродаси Ўзбекистон-Хитой ҳар томонлама стратегик шериклик муносабатларини сифат жиҳатидан янги босқичга кўтарди. Бугун сиёсат, иқтисодиёт, савдо, саноат, молия, қишлоқ хўжалиги, қурилиш, фан, таълим ва маданият соҳаларида ҳамкорлик жадал ривожланмоқда.
Хитой – Ўзбекистоннинг энг йирик савдо-иқтисодий ва сармоявий шерикларидан бири. Ўзаро товар айирбошлаш изчил ўсмоқда. Ўтган йил якунларига кўра унинг ҳажми 6,4 миллиард доллардан, жорий йилнинг биринчи чорагида эса 50 фоизга ошган.
Мамлакат иқтисодиётига жалб қилинган Хитой инвестициялари ва кредитлари ҳажми 8 миллиард доллардан ошди. 2017 йил май ойида ХХРга амалга оширилган олий даражадаги давлат ташрифи натижасида умумий қиймати 4,5 миллиард доллардан зиёд лойиҳалар амалга оширилмоқда.
Учрашувда товар айирбошлашни янада кенгайтириш ва диверсификация қилиш масалалари муҳокама қилинди, ўзаро савдо ҳажмини яқин йилларда 10 миллиард долларга етказишдан манфаатдорлик билдирилди. Ўзбекистон иқтисодиётига инвестиция, инновация ва технологиялар жалб этиш соҳасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш истиқболларига, турли соҳаларда ҳамкорлик бўйича янги қўшма лойиҳалар ишлаб чиқиш, минтақанинг транзит ва транспорт-коммуникация салоҳиятини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилди.
Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон “Бир макон, бир йўл” ташаббусини тўлиқ қўллаб-қувватлаши ва унинг кенг кўламда амалга оширилишига амалий ҳисса қўшишга тайёр эканини таъкидлади.
Хитой раиси Ўзбекистоннинг бу борадаги иштироки ва ташаббуслари Хитой билан Ўзбекистон ва Марказий Осиё ўртасидаги ўзаро манфаатли ҳамкорликни ҳар томонлама кенгайтиришга хизмат қилишига ишонч билдирди.
Учрашув якунида Шавкат Мирзиёев Си Цзиньпинни давлат ташрифи билан Ўзбекистонга келишга таклиф этди.
Мавзуга оид
18:33 / 05.02.2024
Президент Париж-2024 ўйинларидаги натижалар тарихдаги энг яхшиси бўлиши учун зарур чоралар кўришни буюрди
18:30 / 05.02.2024
Дорилар бепул ажратилса-да, беморлар уларни дорихонадан 10 баробар қиммат сотиб олмоқда — президент
18:13 / 05.02.2024
Ҳар бир она ва бола ўлими фавқулодда ҳолат сифатида баҳоланади — президент
14:13 / 05.02.2024