Жамият | 22:19 / 26.04.2019
4698
3 дақиқада ўқилади

Имконияти чекланган кишилар учун махсус саёҳатлар ташкил қилиш таклиф этилди

Ёшларнинг туризм йўналишидаги бизнес стартапларини қўллаб-қувватлаш мақсадида энг самарали бизнес-лойиҳалар танлови ғолиблари тақдирланди. Kun.uz мухбири 26 апрель куни Миллий матбуот марказида Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси томонидан ўтказилган тадбир доирасида шу ҳақида хабар берди. 

Тадбирда маълум қилинишича, стартап лойиҳаларни қўллаб-қувватлашга умумий ҳисобда 600 миллион сўм ажратилган бўлиб, танлов ғолиби бўлган уч лойиҳа тасдиқланиш арафасида турибди. Уларнинг ҳар бирини ҳаётга татбиқ қилиш учун Қўмита вакиллари 3 нафар ғолибни 50 миллион сўмлик пул мукофоти билан тақдирлашди. 

Ғолибларга мукофот пули ва совғаларни Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси раиси ўринбосари Улуғбек Қосимхўжаев топширди. 

Ғолиблардан бирининг "Enjoy time" лойиҳаси соҳада event-management жорий қилиш, имконияти чекланган кишилар учун махсус саёҳат дастурларини ташкил этиш, сурдогид экскурсоводлар билан алоқа ўрнатишга ёрдам бериш ва Ўзбекистонга саёҳат қилаётган туристларни имкон қадар кўпроқ вақт мамлакатда олиб қолиш ҳамда шу тариқа давлатга кўпроқ даромад келтиришга қаратилганлиги билан кўпчиликнинг эътиборини тортди. 

Қолган икки лойиҳа "Кўринг ва келинг" ҳамда "Trip to Khorezm" Хоразм вилояти туристик салоҳиятини оширишга ва у ерга кўпроқ сайёҳларни жалб қилишга қаратилган. 

Танлов лойиҳаларининг бари хорижий сайёҳларни Ўзбекистонга жалб этишга қаратилган. Унда қатнашиш истагини билдирган фуқаролар 2018 йилнинг декабрь ойида танлов талаблари асосида зарур ҳужжат ва бизнес лойиҳаларини Қўмитага тақдим этишган. 

Туризм соҳасидаги энг самарали бизнес-лойиҳалар танловга юборилган аризалар 2019 йилнинг январь-апрель ойлари давомида икки босқичда махсус комиссия аъзолари томонидан аниқланди. Комиссия Қўмита ва нодавлат нотижорат ташкилотлари вакилларидан иборат. 

Ғолибларга ўз лойиҳаларини амалга ошириш учун Қўмита томонидан тегишли шартлар асосида энг кам иш ҳақининг 250 (икки юз эллик) баробаригача бўлган миқдорда пул мукофотлари ажратилади.

Шунингдек, лойиҳа самарадорлигини таъминлаш мақсадида танлов ғолиблари Ўзбекистон-Япония маркази ва Қўмита томонидан ташкил этиладиган туризм соҳасида бизнес юритиш ва бошқариш бўйича махсус ўқув курсларида таълим олиш имкониятига эга бўлишди.

Қўмита вакиллари туризм соҳасидаги ёшларнинг стартап лойиҳаларни қўллаб-қувватлашда давом этишларини таъкидлашди. 

Мавзуга оид