Ўзбекистон | 15:57 / 26.04.2019
14312
3 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда бир йилда ўртача қанча ҳажмда сув ишлатилиши маълум бўлди

Фото: Олий Мажлиси Сенатининг ахборот хизмати

2019 йилнинг 26 апрель куни Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институтида “Сувни тежайдиган суғориш технологияларини кенг қўллашдаги муаммолар ва уларнинг ечими” мавзусида конференция ўтказилди.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг ахборот хизмати хабарига кўра, бугунги кунда мамлакатда фойдаланилаётган сувнинг қарийб 20 фоизи республика ҳудудида шаклланиб, қолган 80 фоизи трансчегаравий дарёлар – Амударё ва Сирдарёдан олинади.

Фото: Олий Мажлиси Сенатининг ахборот хизмати

Мамлакатда бир йилда ўртача 55-56 миллиард куб метр ҳажмида сув ишлатилиб, сув ресурсларининг асосий қисми ёки 85 фоизидан ортиғи қишлоқ хўжалигида суғориш ишларига сарфланади. Қишлоқ хўжалигида фойдаланадиган сувнинг асосий қисми республика ҳудудига қўшни давлатлар орқали кириб келади. Бу захиралардан имкон қадар самарали фойдаланиш, тежамкор суғориш технологияларини жорий қилиш, яъни томчилатиб, ёмғирлатиб, тупроқ остидан, эгатларга плёнка тўшаб ва кўчма эгилувчан пластик қувурлар ёрдамида суғориш усулларини кенг жорий қилишни талаб этади.

Шу мақсадда мамлакатда қишлоқ хўжалиги экинларини етиштиришда ресурс тежовчи илғор технологияларни жорий қилган деҳқон ва фермер хўжаликларини қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантиришга қаратилган қатор норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинган. Бироқ кўрилаётган чораларга қарамай, бу йўналишда эришилаётган натижаларни қониқарли деб бўлмайди. Деҳқон ва фермер хўжаликларига сувни етказиб бериш хизмати давлат ҳисобидан амалга оширилаётганлиги сабабли фермер хўжаликларининг сув тежашга бўлган масъулияти етарли даражада эмас. Бунинг оқибатида мамлакатда мавжуд жами 4,3 миллион гектар суғориладиган ерларнинг 328 минг гектарида ёки умумий экин майдонининг бор йўғи 7 фоизида тежамкор суғориш технологиялари жорий қилинган.

Шундан келиб чиқиб, конференцияда сув захираларидан оқилона фойдаланиш ва уни муҳофаза қилиш, жумладан махсус истеъмол қилиш учун рухсатномалар бериш билан боғлиқ фаолиятни танқидий кўриб чиқиш ва бу борада давлат назоратини янада кучайтириш чораларини кўриш лозимлиги таъкидланди.

Мавзуга оид