Жамият | 10:12 / 27.04.2019
20267
6 дақиқада ўқилади

Лой кўчалар ва хавфли симёғочлар. Қаршидаги маҳалланинг муаммоларига ечим борми?

Бу йилги баҳор фаслининг серёғин келиши республиканинг турли ҳудудларида истиқомат қилаётган аҳоли учун қатор ноқулайликларни келтириб чиқарди.

Айниқса, тинимсиз ёғган ёмғир шундоқ ҳам иссиқ кунларда чанг аримайдиган, ёғингарчиликда лойга айланадиган олис қишлоқлар йўллари янада абгор бўлишига сабаб бўлди.

Kun.uz таҳириятига Қашқадарё вилояти, Қарши шаҳридаги Отчопар маҳалласидан бир қатор муаммолари билан мурожаат қилган фуқароларни қийнаётган масалаларни ўрганиш жараёнида шундай ҳолатга гувоҳ бўлдик.

«Маҳалламиздаги Мустақиллик номли кўчанинг 5-22 кварталлари орасидаги йўллар ботқоққа айланди. Фарзандларимиз узоқдаги мактабга бориб келишга қийналишмоқда. Сабаби, бу ерда мактаб ҳам, боғча ҳам йўқ. 3-4 километрга мактабга қатнашга мажбур. Ўзимиз юришга қийналаётган бундай ботқоқ йўлда фарзандларимиз қандай юрсин? Яна бир муаммомиз бу электр энергиясидир. Симёғочлар талабга жавоб бермайди. Шу ердаги аҳоли пул йиғиб, қўлбола қилиб ўрнатганмиз. Уй рақамларида ҳам чалкашликлар бор. Айрим уйларга бир хил рақам берилгани учун тўлов қоғозлари ҳам адашиб келади. Қарзи йўқ хонадонга асоссиз қарзлар ёзилади. Муаммоларимиз кўп, аммо бир неча йиллардан буён ҳал бўлмай келмоқда», – дейди Бекзод Сатторов.

Ушбу эътирозлар асосида «Отчопар» маҳалласи Мустақиллик кўчаси 5-22 кварталлар оралиғидаги эътирозларга сабаб бўлаётган ҳолатларни кўздан кечирдик. Йўлларнинг ҳолати ҳақиқатан ҳам ачинарли. Сув ва лойга айланган йўллардан зўрға ҳаракатландик. Мактабга қатнайдиган болажонларнинг бу ботқоқда ҳаракатланиши ва ачинарли аҳволини ҳис қилдик.

Симёғочлар жуда паст жойлашган ва аҳоли учун хавф туғдирадиган даражада. Сабаби, бу симёғочларни аҳоли ўз маблағлари ҳисобига қўлбола қилиб ўрнатишган. Аҳолининг айтишича, симёғочлар пастлиги туфайли уларни чўп билан ўйнаган ёш болаларнинг икки нафарини ток урган.

Қизиғи, маҳалланинг ушбу қисмидаги аҳоли хонадонлари ва лой кўчалар устидан юқори кучланишли электр энергияси тармоғи ўтган. Бу умуман мумкин бўлмаган ҳолат. Юқори кучланишли электр энергияси тармоғи сабабли аҳоли доимо хавфда яшашга мажбур. Аҳолига қандай тартибда, қандай ҳолатда бундай тарзда уй қуришга рухсат берилгани, ер ажратилгани тушунарсиз ҳолат. Хавфсизлик талаблари умуман ҳисобга олинмаган.

Маҳалладаги мазкур ҳолатлар ва фуқаролар билдирган эътирозлар асосида Қарши шаҳар ҳокимлиги мутасаддилари билан учрашдик.

«Албатта, аҳоли билдираётган эътирозлар ўринли. Йўллар абгорлигини кўриб турибмиз. Аммо мазкур маҳалла шу йилги «Обод маҳалла» дастурига киритилган. Дастурда маҳалланинг 11 километр ички йўли иккинчи чораккача муддатда таъмирланиши белгилаб қўйилган. Айни вақтда ёғингарчилик туфайли йўлларда таъмирлаш ишларини олиб боришнинг имкони йўқ. Симёғочлар ва юқори кучланишли электр тармоғи остига уй ва йўллар қурилиши масаласига келсак, бу ҳолат шаҳарнинг аввалги мутасаддилари айби билан юзага келган. Мумкин бўлмаган жойдан уй-жой учун ер ажратиб беришган. Тегишли ҳужжатлар тайёрлаб берилган. Аҳоли шу асосида уй-жойлар қуришган. Бундай ҳолатга йўл қўйганлар тегишли жавобгарликка тортилган. Энди эса бутун маҳаллани кўчиришнинг имкони йўқ», – дейди Қарши шаҳар ҳокимлиги қурилиш бўлими мутахассиси Хуршид Зиятов.

Ўрганишимиз давомида «Отчопар» маҳалла фуқаролар йиғини идорасида бўлиб, маҳалла раиси Пармон Чоршанбиев билан суҳбатлашдик.

«Тегишли дастурлар асосида маҳалладаги муаммоларни ҳал этиш бўйича ишлар босқичма-босқич амалга оширилмоқда. Йўллар таъмири «Обод маҳалла» дастурига киритилган.  Мактаб масаласига келсак, 2020 йил дастурига ушбу кварталлар оралиғида мактаб қурилиши режалаштирилган. Мактаб қурилиши учун ер ҳам ажратилган», – дейди маҳалла раиси.

Ҳужжатларда уйларнинг рақамланишидаги чалкашликлар юзасидан Қарши шаҳар ҳокимлиги ҳузуридаги уй-жой бўлими мутахассиси Маҳмуд Отамуродов изоҳ берди.

«Уйларнинг рақамланишидаги ноаниқликлар йиллар давомида юзага келган ва бунинг турли сабаблари бор. Қайсидир ҳолатда хонадон эгаларининг, қайсидир ҳолатда тегишли мутасаддиларнинг ҳам айби бор. Шунинг учун айни вақтда мутахассислардан иборат ишчи гуруҳи хатлов қилишни бошлаган. Йил охиригача бу муаммо бартараф этилади», – дейди мутасадди.

Маҳалладаги хавфли симёғочлар ва юқори кучланишли электр тармоғи ҳақида Қарши шаҳар «Электр таъминот» корхонаси мутасаддиси Шуҳрат Худойбердиев билан ҳам суҳбатлашдик.

«Аҳоли ўзлари ўрнатиб олган симёғочлар корхона балансига олинмаган. Аммо бу муаммодан хабаримиз бор. Бу борада тегишли ишлар амалга оширилмоқда. Юкламани камайтириш учун дастур асосида қўшимча трансформатор ўрнатилиши режалаштирилган. Симёғочларни алмаштириш чоралари ҳам кўрилади. Юқори кучланишли электр тармоғига келсак, тегишли тартибди муҳофаза ҳудуди ер ажратилишида ҳисобга олиниши керак эди. Ҳақиқатан ҳам бу ҳолат мумкин эмас ва хавфсизлик талабларига жавоб бермайди», дейди – у.

Ўрганиш давомида Қарши шаҳар ҳокимлиги мутасаддилари маҳалладаги мавжуд муаммоларнинг ижобий ечими бўйича ваъдалар берди. Айрим масалалар манзилли дастурларга киритилиб, муддатлари белгилангани маълум қилинди.

Ушбу ваъдалар ваъдалигача, дастурда белгиланган ишлар қоғозда қолиб кетмаса, «Отчопар» маҳалласи аҳолисини қийнаётган муаммолар ижобий ечим топади, албатта.

Kun.uz воқеалар ривожини кузатишда давом этади.

Бардошбек САМАД ўғли,
«Kun.uz» мухбири

Мавзуга оид