Жамият | 08:15 / 27.04.2019
38430
11 дақиқада ўқилади

Пахтакор туманидаги 34 фермернинг бўйнига 1 млрд 300 млн сўмдан зиёд маблағ қўйилгани сабаби нима?

«Бугун тилимизга янги атама — кластер кириб келди. Қисқа қилиб айтганда, пахта етиштиришдан тортиб, ундан тайёр маҳсулот ишлаб чиқаришгача бўлган босқичларни ўз ичига қамраб олган мазкур усул пахтачиликни янада ривожланишига хизмат қилиши керак. Жиззах вилояти, Пахтакор тумани «Амир Темур» ва «Гулистон» массивларида айнан шу усулни қўллаш мақсадида яхши ниятлар билан Ўзбекистон – Америка қўшма агрокластери ташкил этилди.

Бизнинг розилигимиз билан туман ҳокимлиги захирасига ўтказилган энг унумдор 2 минг гектар ер майдони кластерга берилди. Туманда пахтачиликни ривожлантириш учун хизмат қиладиган кластерни иш бошлаши қишлоқ хўжалигида яхши натижаларга эришишига шубҳа қилмаймиз. Кўплаб иш ўринлари яратилади. Биз ҳам ана шу ниятда ерларимизни ҳеч бир қаршиликсиз, ўз ихтиёримиз билан топширдик. Ўзаро келишув ва давлат раҳбарининг «Жиззах вилоятида замонавий агрокластерни ташкил қилиш тўғрисида»ги №4009-сонли қарорига асосан бизга зарарларни тўлиқ қоплаш ҳақида ваъда беришди.

Бироқ ўтган 2018 йилнинг ноябрь ойидан бери Пахтакор тумани ҳокимлиги ҳамда Ўзбекистон – Америка қўшма агрокластери орасида сарсонмиз. Ғалла етиштириш мақсадида олинган имтиёзли кредитларимиз ва бир қатор агротехник тадбирлар учун кетган харажатларни тўлашни зиммасига олган масъуллар «эртага келинг, албатта берамиз», дея қуруқ ваъдалар беришдан нарига ўтмайди. Бунинг натижасида Фориш тумани иқтисодий суди қарорига асосан, биз қарздор бўлиб қолдик. Ушбу муаммони ечишда ёрдам беришингизни сўраймиз», — деб ёзишган таҳририятимизга пахтакорлик фермерлар.

Мурожаатни ўрганиш мақсадида Пахтакор тумани, Амир Темур жамоа хўжалигидаги «Гулистон» СИУ ҳудудида фаолият юритган фермерлар билан учрашдик.

— Ўтган 2018 йил ноябрь ойида президентнинг «Жиззах вилоятида замонавий агрокластерни ташкил қилиш тўғрисида» ги № 4009 сонли қарорига асосан Пахтакор туманида «Silverleafe BMB Agro Trade Group» қўшма корхонасига тумандаги «Гулистон» СИУдан 2 минг гектар ер ажратиб берилди. Кластер ташкил қилиш учун берилган Ўша 2000 гектар ернинг 921 гектарига октябрь ойида ғалла экилганди. Ғалла учун давлатдан уруғ ва банкдан имтиёзли кредит олганмиз, фермер хўжалигидаги ишчиларга ғаллани экиш, суғориш ва агротехник тадбирлар учун ёнимиздан маош тўлаганмиз. Ғалла эса ўз-ўзидан унмайди.

Хуллас, Пахтакор туман ҳокимининг «Ер майдонларини захирага олиш» тўғрисидаги 1256-сонли қарорига асосан фермер хўжалигига тегишли бўлган ерлар туман ҳокимлиги захирасига ўтказилди ва кластерга берилди.

Табиийки, 2019 йил учун экилган ғалла майдонлари текислаб ташланди. Биз албатта кластер ташкил қилинганига хурсанд бўлдик. Қарорга асосан январь ойигача бизга барча харажатлар тўланиши лозим эди, аммо бизга ноаниқ сабабларга кўра бу иш орқага сурилаверди.

Бир неча марта туман ҳокими Шукрулло Бобоевга учрашдик. Ҳар сафар борганимизда туман ҳокими бизга қўшма корхона раҳбари жаноб Дэн Паттерсон ҳали Америкадан келмаганини, келса албатта қарорда кўрсатилган харажатлар тўланишини ваъда қилди.

Биз «Жиззах Дон маҳсулотлари» АЖдан 34 нафар фермер жами 586 миллион сўмга уруғ олганмиз. 504 миллион сўм имтиёзли кредит ҳам бизнинг зиммамизда. Фермер хўжалигидаги ишчиларимиз билан 170 миллион сўм миқдорида иш ҳақларини тўлаш учун шартнома тузганмиз.

Хуллас, бизга ўша кластернинг молиявий директори Шерзод Иномов барча харажатларни ҳисоблаб олиб келишимизни айтди. Биз барча харажатларни ҳисоблаб тегишли ҳужжатларни олиб бориб бердик. Аммо ҳеч қандай натижа бўлмади. Белгиланган муддат яқинлашди.

Куни кеча бизни судга чақиришди. «Жиззах Дон маҳсулотлари» АЖ судга даъво ариза киритибди. Банк ҳам, албатта, эртага судга даъво ариза билан мурожаат қилиши табиий. Дард устига чипқон деганларидек фермер хўжаликларида меҳнат қилган ишчиларимиз ҳам ўз иш ҳақларини ундириш учун турли идораларга арз қилишмоқда. Алам қилгани — ҳеч кимнинг биз билан иши йўқ. Кимдир бизни ҳам ёнимиздан чиқиб, дардимизни ҳис қилиб эшитадими, муаммолар ҳал бўладими? — дейди Шуҳрат Нуриддинов.

— Мурожаат қилмаган жойимиз қолмади. Жиззах вилоят Халқ қабулхонасига ҳам бордик. У ерда бизга адвокат олишни маслаҳат беришди. Ўзингиз ўйлаб кўринг, бу ерда адвокатга ҳожат борми? Давлатимиз раҳбарининг қарорида аниқ-тиниқ қилиб харажатлар тўланиши белгилаб қўйилган бўлса. Яна қандай исбот, далил керак? Биз корхона раҳбари Дэн Паттерсон кимлигини ҳам билмаймиз ва танимаймиз, у билан суҳбатлашишга имконимиз ҳам йўқ. Биз билан январь ойигача хушмуомалалик билан, барча харажатлар тўланишини ваъда қилган қўшма корхонанинг молиявий директори Шерзод Иномов энди пулларни туман ҳокимидан ундириб олишимизни таъкидлади.

Барча харажатлар айни кунда 1 млрд 311 млн 756 минг 392 сўмни ташкил қилади. Суднинг қарорига кўра ушбу маблағ бир ой муддат ичида тўланиши лозим. Биз бу суммани қандай тўлаймиз? Орамизда ишсизлар бор. Эртага МИБ ходими келиб уйимиздаги бор-будимизни олиб чиқиб кетсинми? Кимга мурожаат қилайлик. Пахтакор тумани ҳокими Шукрулло Бобоев тайинли жавоб бермаса, қўшма корхонадаги масъуллар эртага-индинга деб алдаса, — дейди Тангир Йўлдошев.

Вазиятга ойдинлик киритиш мақсадида туман ҳокимлигидаги қишлоқ хўжалиги бўлими мутахассиси Фарҳод Мирзаевга учраганимизда. У бўлим мутахассиси «фермерларнинг чигал муаммосидан қисман хабари борлигини, айни кунда бу масала қандай ечим топганлигидан хабари йўқлигини, барча ҳужжатлар тайёр эканлигини, қўшма корхона билан ҳисоб китоблар бўлиб ўтганлигини, лекин нега пул бериш масаласи кечикаётганлигини аниқ билмаслигини бу масала бўйича туман ҳокими албатта батафсил жавоб беришини», айтиб ўтди.

Пахтакор тумани ҳокимлиги қишлоқ хўжалиги бўлимидан аниқ бир маълумот ололмагач. «Silverleafe BMB Agro Trade Group» Америка – Ўзбекистон қўшма кластери молиявий директори Шерзод Иномовга боғландик. Фермерларнинг эътирозига Шерзод Иномов қўйидагича жавоб қилди.

— Сизга қисқа ва лўнда қилиб айтадиган бўлсам, биз республика раҳбарининг №4009-сонли қарорида белгилаб қўйилган тегишли бандларни бажаришни ўз бўйнимизга олганмиз. Айнан харажатларни қоплаш масаласи бўйича керакли ҳисоб-китобларни қилиб бўлдик. Пахтакор тумани ҳокимлигида ташкил этилган ишчи гуруҳи билан ҳамкорликда ишладик. Аслида, мен бу корхонада молиявий директорман. Корхона раҳбари айни пайтда чет элда, шу ҳафта келиши мўлжалланган. Инвестор, яъни корхонамиз раҳбари келиши билан, албатта пуллар тўлаб берилади. Фермерларнинг эътирозига қўшилмайман. Биз ҳар сафар уларга худди шу мазмунда жавоб қилганмиз. Тўловнинг кечикишига сабаб эса битта — ҳисоб-китоб масалалари бироз чўзилди.

«Ёлғонларга ортиқ ишонмаймиз, бу ваъдалар такрорланавериб ёд бўлиб кетган, десак муболаға бўлмайди. Олти ойдан ошиқ вақт ўтди ахир! Уч ой олдин ҳам худди шу ваъдани эшитганмиз. Ишонганимиз оқибатида судга чақиришди. Кейин нималар бўлиши эса номаълум», — дейди мурожаатчи фермерлар.

Мурожаатчиларнинг айтишича вазиятдан нафақат туман ҳокимлиги балки Жиззах вилояти ҳокимлиги ҳам хабардор. Лекин ҳеч қандай ижобий натижа йўқ. Ушбу масала бўйича вилоят ҳокими муовини Маҳмуд Холбўтаевга қўнғироқ қилиб боғландик. Маҳмуд Холбўтаев фермерлар ҳеч қачон вилоят ҳокимлигига ушбу муаммо юзасидан мурожаат қилинмаганини, бизни иштирокимизда фермерлар билан юзма-юз суҳбатлашишини, барча масалаларда фермерлар тўғридан-тўғри вилоят ҳокимлиги билан боғлана олишини, бундай маълумот бекор эканлигини таъкидлади.

— Президентни «Жиззах вилоятида замонавий агрокластерни ташкил қилиш тўғрисида»ги № 4009 қарори бор, унда кўрсатилган ҳар бир банд эътирозсиз бажарилади. Шунга кўра, биз барча ҳисоб китобларни қилиб олдик. Ҳисоб-китобларга кўра 1 млрд 890 минг сўм пул маблағи тез кунларда тўланади.

Ҳамма ҳужжатларни «Silverleafe BMB Agro Trade Group» қўшма корхонасига тақдим қилдик. Улар ҳам бирма-бир текшириб кўриб чиқишди. Ростини айтадиган бўлсак, корхона биздан бир қанча муддат ушбу харажатлар масаласини ортга суришни илтимос қилишди. Бунинг сабаби шундаки, корхона ҳали ўз фаолиятини тўлиқ бошламади. Айни кунларда улар 8 миллион АҚШ долларга янги технологияларни сотиб олиб келишди. 344 миллион АҚШ доллари миқдорида инвестиция киритяпти. Янгича суғориш тизимини жорий этиш мақсадида 100 миллион АҚШ доллари атрофида иш бажариляпти. Тез кунларда харажатлар қопланади. Бунга барча имконият ва шароит ҳам бор, — дейди Шукрулло Бобоев.

Бугун юртимизда инвестиция муҳитини яхшилаш, иқтисодиётни тубдан модернизация қилиш учун катта миқёсда ислоҳотлар олиб бориляпти. Бу борада керакли ва зарур ҳужжатлар қабул қилинди. Йиллар ўтиб эзгу ишлар самарасини кўришдан умидвормиз. Биз билан суҳбат чоғида туман ҳокими Шукрулло Бобоев биз инвесторларни чўчитиб қўймаслигимизни улар ҳар қандай ҳолатда ҳам «меҳмон» эканлигини ва буни асло унутмаслигимизни ва бундай вазиятларда уларнинг эркалигини кўтариб масалага ҳеч қачон бир ёқлама ёндашмаслигимизини таъкидлаб ўтди. Биздан талаб қилингани ҳам холислик.

Шу ўринда бир мулоҳаза. Бизга маълум бўлишича, Ўзбекистон – Америка қўшма кластерига тумандаги энг унумдор ерлар берилган. Шу вазиятда айнан пахтачиликни ривожлантириш учун энг сўнгги русумдаги техникалар билан таъминланган кластерга Пахтакор туман ҳокимлиги захирасидаги ерлар берилганида фермерлар ўз фаолиятларини давом эттириш билан бир қаторда қарздорлик балосига гирифтор бўлишмас эди.

Яна бир гап. Биз кўпинча ўзбекчилик деймиз, меҳмонни ҳурматини жойига қўйишга ҳаракат қиламиз. Аммо айнан шу «ўзбекчилигимиз» баъзи ҳолларда оёғимизга болта урмаяптимикан? Ҳам еридан, ҳам ҳосилдан айрилган фермерлар бўйнига тушаётган катта қарздан қутилиш учун сарсон бўлаётган бир вақтда, инвесторлар билан «меҳмон-меҳмон» ўйнаш жоизмикан?

Бугун ҳаловати бузилган фермер учун ҳар бир дақиқа, соат ва кун ғанимат, олти ойдан бери маҳаллий ҳокимият, кластер ва турли масъул идоралар эшигида сарсон бўлаётган фермерлар додини ким эшитади? Уларнинг кўнглига ким қарайди?

Гулчеҳра ШАРИПОВА,
Kun.uz мухбири.

Мавзуга оид