Жонли Месси ва жонсиз «Реал». «Барселона»нинг чемпионлиги сабаблари
Каталонлар муддатидан аввал Испания чемпионлигини нишонлашди. Бунинг асосий сабабчиси кимлар бўлди?
Бир жамоа чемпионати
Испанияда кўп йиллардан бери асосий соврин учун рақобат фақат икки жамоа - «Барселона» ва «Реал» ўртасида кечиши, қолган жамоалар биринчи ўринни мақсад қилишмаслиги танқид остига олиб келинарди. Диего Симеоненинг «Атлетико»си пайдо бўлганидан кейин танқидчиларнинг овози бироз ўчди - «матрасчилар» 2014 йилда икки грандни ҳам ортда қолдириб, чемпион бўлганди ва ўшандан бери бу жамоа ҳам биринчи ўрин учун курашадиган бўлди.
Испания футболига фақат сўнгги йилларда қизиқа бошлаган футбол мухлиси бундай мунозаралардан ҳайрон бўлиши табиий. «Қанақасига икки ёки уч жамоа рақобат қиладиган чемпионат? Битта, фақат битта!», дейди ундайлар. «Барселона» кейинги 11 йил ичида 8 бор олтин медалларни кўксига таққан (Агар кейинги 15 йил, яъни Месси ушбу жамоанинг асосий таркибида ўйнай бошлаганидан буён ҳисобланса 10 бор чемпионлик).
Кўк-анорранглилар шанба куни «Леванте»ни енгиш орқали ўз тарихидаги 26-чемпионликни нишонлашди. Каталонларнинг бундай муваффақиятида кимлар айбдор?
Рақобатчиларнинг эрта таслим бўлиши
Аввало қайд этиш керакки, каталонияликларнинг олтинига «Реал» ва «Атлетико» ҳаммуаллифлик қилишди. Кўк-анорранглиларнинг асосий рақиби «Барса» бу мавсумда ҳеч қандай рақобатни ҳис қилмаслиги учун барча ишни қилишди. Мавсумдаги шармандали муваффақиятсизликдан (ЕЧЛ нимчорак финалида «Аякс»га йирик мағлубият, ички чемпионат ва Испания Кубогида «Барса»дан мағлубиятлар) ва олти ой ичида икки мураббий истеъфосидан (Хулен Лопетеги ва Сантьяго Солари) кейин Флорентино Перес бу мавсумни «қурбон» қилиб, жамоани қайта қуришга киришди. Мадридликларнинг қўшниси эса ўтган йил ёзида асосий ҳужумчиси Антуан Гризманни таркибда сақлаб қолишга эришган бўлсада, барқарорликни йўқотди ва медал учун тўғридан-тўғри рақибларга қарши ўйинларда ғалабага эриша олмади («Реал» билан 0:0 ва 1:3, «Барселона» билан 1:1 ва 0:2). Қолаверса, жамоага бу мавсумда голлар етишмади - Ла Лиганинг 35 туридан кейин атиги 52та гол, Вальверде жамоасида эса 86та.
«Қироллик клуби» 2018-19 йилги мавсумни алам билан эслаб қолади, бу мавсумдаги класиколарда улар умумий ҳисобда 2:10га ютқазишди (+0=1-3). Каталонлар эса класиколардаги ғалабалар сони бўйича илк марта олдинга ўтиб кетди (96:95).
Майдонда ёлғиз Лео
«Леванте»га қарши ўйиндаги ғалаба голи бу ўйинни захирада бошлаган Лео томонидан урилишида рамзий маъно бор. Аргентиналик бу футболчи ҳамма мавсумларда ҳам кўк-анорранглиларнинг асосий футболчиси бўлиб келган, аммо бу сафар чиндан ҳам унинг ёлғиз ўзи жамоани елкасида кўтариб юрмоқда. Асосий чорловсиз - Италияни забт этиш учун йўл олган Криштиану Роналдусиз чемпионатда ҳам унда мотивация йўқолмади, у Европада энг яхши тўпурар сифатида қолмоқда - 34 гол ва 15 голли узатма. Голлар сони бўйича ҳам, узатмалар сони бўйича ҳам яққол пешқадам. У бу мавсумда «Олтин тўп» учун асосий даъвогар (ЕЧЛ натижаси барчасини ҳал қилади).
Месси бу мавсумда айниқса жарима зарбаларидан унумли фойдаланиш бўйича яхши кўрсаткич қайд этмоқда. Барча турнирлар доирасида «штрафной»дан 7та гол, шундан 3таси Ла Лиганинг қаторасига 3 ўйинида урилган. Каталония дербисидаги паненка услубидаги жарима зарбаси эса музей учун.
Un tiro libre a lo panenka 😶😮⚽🔥
— Luis Fdo Restrepo (@luisferpo) 30 марта 2019 г.
Messi hace posible lo imposible pic.twitter.com/qQksvS24da
Марк-Андре тер Стеген - девор
«Барселона»нинг германиялик дарвозабони Германия термаси бош мураббийи Йоахим Лёвни афсуслантирган ҳолда жавлон урди (мураббий Россиядаги жаҳон чемпионатига ёши ўтган ва жароҳатлар ўз изини қолдирган Мануэль Нойерни олиб кетишга қарор қилди ва бу муваффақиятсизликнинг бош сабабчиларидан бирига айланди). У навбатдаги мавсумда жамоа қутқарувчиси вазифасини бажармоқда. Ҳа, «Барселона» «Бетис»га қарши (3:4) ва «Вильярреал»га қарши (4:4) ўйинларда сахийлик қилди, аммо аксар ўйинларда тер Штеген ва унинг Пике ҳамда Лангледан (ёш французнинг ўйини бу мавсумда сезиларли даражада ўсди) иборат мудофаа чизиғи жуда ишончли ҳаракат қилишди.
This save from Ter Stegen 😮😮😮
— UEFA Champions League (@ChampionsLeague) April 22, 2019
📽️🍿 From all angles 👌#UCL | @FCBarcelona pic.twitter.com/WJ1ZLf8uor
Чумолидек меҳнаткаш
Эрнесто Вальверде каталонлар жамоасидаги илк мавсумида сабоқ бўлувчи хатоларга йўл қўйганди, иккинчи мавсумда эса у хатолари устида ишлаб, тажрибасини фойдали томонга йўналтира олди. Мавсумдаги ҳал қилувчи ўйинларда (чемпионатдаги сафар класикоси, ЕЧЛда «МЮ»га қарши сафар ўйини) «Барса» натижа учун ўйнай олишини кўрсатди ва зерикарли ўйнаб бўлсада рақибни иложсиз қолдирди. Томошабоплик ўрнига ишончли ҳаракатланиш - ҳар қандай меҳнат натижа билан баҳоланади. «Чумоли»нинг меҳнатини қадрлашди - у билан шартнома яна бир йилга узайтирилди.
Артур ва Артуро
Ўтган мавсумда кўк-анорранглилар жамоаси марказида Паулиньо ёрқин ўйинлар кўрсатганди. Шунинг учун, бразилиялик бу футболчи Хитойга қайтиб кетганида, жамоанинг асосий «сеҳргари» Иньеста Япония чемпионатига йўл олганида бу жамоада кимлар бузувчи ва тузувчи вазифаларини бажариши ноаниқ эди - биргина Бускетснинг ўзи барчасига улгурмаслиги тайин эди.
Бу саволлар тезлик билан ҳал қилиниши керак эди. Биринчи жавоб яна бир бразилиялик бўлди - ҳамма кутганидек Коутиньо эмас, Артур. Иккинчиси чилилик «қирол» Видаль. Деярли адаш бўлган Артур ва Артуро жамоавий ўйинга қўшилиб кетишди: бири жамоа ҳужуми ривожланиши учун масъул, иккинчиси тўп рақиб оёғида узоқ вақт ушланиб қолмаслигини таъминлашган. Барчаси кўнгилдагидек кечди.
Ҳали қариликни тан олмаётган Суарес (барча турнирлар доирасидаги ўйинларда 24 гол ва 12 голли узатма) ва елкасини даволаб қайтган Дембеле (14 гол ва 9 голли узатма), нисбатан яхши мавсум ўтказган Коутиньо (11 гол ва 5 голли узатма) Месси йўқ вақтларда ҳам (у мавсум давомида икки марта жароҳат туфайли сафдан чиққанди) жамоани олға етаклашди ва биргаликда олтин учун интилишди.
Якшанбага ўтар кечаси Каталония пойтахти уйқу билмади.
👋 Good morning Barça fans!@LaLiga is OURS! 🏆 pic.twitter.com/R39nsg4rRP
— FC Barcelona (@FCBarcelona) 28 апреля 2019 г.
Аммо шаҳар асосий байрамни июнь ойи бошига мўлжаллаган - ахир Месси мавсум бошида Чемпионлар лигасининг «қулоқли кубоги»ни «Камп Ноу»га қайтаришни ваъда қилганди.
Мавзуга оид
12:02 / 22.12.2024
«Барса»да инқироз, «Сити»да антирекорд. Кун ўйинлари
12:24 / 16.12.2024
«Барса» яна аутсайдерга ютқазди, «Сити» камбэк қурбони. Кун ўйинлари
11:17 / 12.12.2024
«Сити» яна ютқазди, «Барса»да муҳим ғалаба. ЕЧЛда кун ўйинлари
12:04 / 08.12.2024