Спорт | 14:25 / 29.04.2019
6456
2 дақиқада ўқилади

Каннаваро Хитой миллий жамоаси бош мураббийлигидан кетди

Фото: Zhizhao Wu/Getty Images

Фабио Каннаваро ижтимоий тармоқдаги саҳифасида Хитой миллий жамоаси бошқарувидан кетганини эълон қилди.

45 ёшли мутахассис бу қарорини оиласига ва «Гуанчжоу Эвергранд» клуби бош мураббийи сифатидаги фаолиятига кўпроқ эътиборини қаратиши кераклиги билан изоҳлаган.

«Мен бир неча йилдан буён яшаб келаётган мамлакатга ҳурмат сақлаган ҳолда Хитой миллий жамоаси бош мураббийи лавозимини топшириш қарорим ҳақида маълум қилишни жоиз деб биламан», – деб ёзган Каннаваро Weibo`даги саҳифасида.

Италиялик мураббий хитойликлар миллий жамоасини февраль ойида ҳамюрти Марчелло Липпидан қабул қилиб олганди. Липпи жамоани Осиё кубоги чорак финалигача олиб чиқиб, шартнома муддати тугагани сабаб истеъфога чиққан, сўнг унинг ўрнини 2017 йилдан буён «Гуанчжоу Эвергранд» бош мураббийи бўлиб келаётган Каннаваро эгаллаганди.

Бир вақтда ҳам клубни, ҳам терма жамоани бошқарган Фабио Хитойни март ойида шу мамлакатда бўлиб ўтган «China Cup» турнири доирасидаги иккита ўйинда майдонга бошлаб тушди. Ярим финалда Таиландга ютқазиб қўйган (0:1) мезбонлар учинчи ўрин учун баҳсда Ўзбекистон миллий жамоасига ҳам имкониятни бой беришганди (0:1). Ўзбекистон билан ўйинда хитойликлар дарвоза томон бирорта ҳам аниқ зарба йўллашмаганини таъкидлаш жоиз.

Каннаваро бошқарувидаги «Гуанчжоу Эвергранд» Хитой чемпионатида 7-турдан кейин 2-ўринда бормоқда.

Мавзуга оид