Монополияга қарши курашиш қўмитаси: колбаса маҳсулотлари бўйича ноҳалол рақобат ҳолати бартараф этилди
Монополияга қарши курашиш қўмитасига келиб тушган, “SHERIS RENT GROUP” МЧЖнинг ноҳалол рақобат ҳолати бўйича иш қўзғатиш сўралган мурожаатига биноан ушбу компания қонунчиликда белгиланган тартибда Товар ва хизматларнинг халқаро классификатори бўйича 29-синфга мансуб маҳсулотларга (колбаса маҳсулотлари) товар белгиларини рўйхатдан ўтказган.
Ўзбекистон Республикаси Монополияга қарши курашиш қўмитаси матбуот хизмати хабарига кўра, иккита МЧЖ ва битта ХК томонидан ишлаб чиқарилаётган ва сотилаётган колбаса маҳсулотларининг ўрамида “SHERIS RENT GROUP” товар белгиларига адаштириб юбориш даражасида айнан ўхшаш бўлган белгилардан фойдаланганликлари маълум бўлган.
Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги Интеллектуал мулк Агентлиги маълумотига кўра, иккита МЧЖ ва битта ХК ўз маҳсулотларида фойдаланаётган белгиларни рўйхатдан ўтказиш учун Агентликка мурожаат қилмаганлар. Кўрсатилган ташкилотларнинг маҳсулотларидаги белгилар бўйича ўтказилган қиёслов таҳлилига кўра, улар “SHERIS RENT GROUP” МЧЖ товар белгиларига адаштириб юбориш даражасида бир хил эканлиги аниқланган.
Ўзбекистон Республикаси “Рақобат тўғрисида”ги Қонунининг 13-моддаси биринчи қисми, учинчи хатбошисига кўра юридик шахснинг интеллектуал фаолияти натижаларидан ва уларга тенглаштирилган индивидуаллаштириш воситаларидан, товарни индивидуаллаштириш воситаларидан қонунга хилоф равишда фойдаланилган ҳолда товарни реализация қилиш, шу жумладан товарни хўжалик юритувчи субъектнинг (рақобатчининг) товар белгисига, фирма номига ўхшаш бўлган ёхуд адаштириб юбориш даражасида у билан ўхшаш бўлган белгидан уни товарларда, этикеткаларда, ўровларда жойлаштириш йўли билан ёки сотилаётган ёхуд фуқаролик муомаласига ўзгача тарзда киритилаётган товарларга нисбатан товар белгисидан бошқача тарзда фойдаланиш йўли билан, шунингдек ушбу белгидан домен номида фойдаланиш орқали қонунга хилоф равишда савдони амалга ошириш тақиқланиши белгилаб қўйилган.
Қайд этилганларга асосан, қўмита томонидан МЧЖлар ва ХКга нисбатан Ўзбекистон Республикаси “Рақобат тўғрисида”ги Қонунининг 13-моддаси биринчи қисми, учинчи хатбошиси талабларини бузилиши белгилари бўйича иш қўзғатилди.
Ўрганишлар натижасида, ушбу талаблар бузилган деб топилди ва уларга “SHERIS RENT GROUP” МЧЖга тегишли бўлган товар белгиларига адаштириб юбориш даражасида ўхшаш бўлган белгилардан фойдаланиб колбаса маҳсулотларини ишлаб чиқаришни тўхтатиш, ушбу белгилар туширилган колбаса маҳсулотлари ўрамини йўқ қилиш ва келгусида бундай қонунбузилиш ҳолатига йўл қўймаслик тўғрисида кўрсатмалар берилди, дейилади хабарда.
Мавзуга оид
08:08
Монополияга қарши орган розилигисиз давлат иштирокидаги корхона ташкил этилган 4 та ҳолат аниқланди
14:06 / 26.10.2024
Таом етказиб бериш хизматлари бозори монополлашди
13:04 / 23.10.2024
Телекоммуникация соҳасида операторлар ва провайдерларга адолатли рақобат муҳити таъминланади
19:03 / 15.10.2024