Самарқандда 8 мингдан зиёд кишини чув туширган электрон молиявий пирамида асосчиси судланди
Жиноят ишлари бўйича Самарқанд вилоят судининг очиқ суд мажлисида электрон молиявий пирамида яратиб, одамларни чув туширган 59 ёшли Норқул Раҳматов билан боғлиқ жиноий иш кўриб чиқилиб ҳукм ўқилди. Бу ҳақда Kun.uz’га вилоят суди раиси ўринбосари Ў.Мамадалиев маълум қилди.
Норқул Раҳматов эски таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 168-моддаси 2-қисми «г» банди («Фирибгарлик), 179-моддаси («Сохта тадбиркорлик»), 188 (1)-моддаси 3-қисми «а» банди («Пул маблағларини ва (ёки) бошқа мол-мулкни жалб этишга доир ноқонуний фаолият) ва 192 (11)-моддаси 2-қисми «а» банди (Нодавлат тижорат ташкилотида ёки бошқа нодавлат ташкилотида мансабдор шахслар томонидан ўз ваколатларини суиистеъмол қилиш) билан айбланган.
Н.Раҳматов «WEBSYS» МЧЖни таъсис этиб, ижарага олинган хонани интернет жаҳон ахборот тармоғидан фойдаланиш имконини берадиган махсус техникалар билан жиҳозлаб, «Миллий электрон гаштак» лойиҳасини яратади.
2017 йилнинг ноябрь ойидан 2018 йил июнь ойигача «Oltinyul.uz» ва «E-sum.uz» сайтлари орқали «Миллий электрон гаштак» лойиҳасини реклама қилиб, рекламада «Бойишни орзу қиляпсизми? Имкониятни қўлдан чиқарманг» ёзувлари, «50.000 дан 3.465.150.000 сўмгача» ёзувларини кўрсатиб хизмат реклама қилинади.
«Миллий электрон гаштак» лойиҳаси иштирокчиларига 600 минг сўм ютуқ, яна иштирокчиларни жалб этса қўшимча бонуслар ваъда қилинган. Бу молиявий пирамиданинг типик кўринишидир.
2003 йилда Бельгия Қироллигига бориб, у ерда ишлаш асносида компьютер дастурлари ва интернет билан ишлаш усуллари бўйича 4 ойлик курсда ўқигани, компьютер ва интернет билан ишлашни, сайтлар яратишни ҳам ўрганиб олганини айтган Н.Раҳматов ўз ноқонуний фаолиятини кенг тарзда тарғибот қилиб, қизиқтириш ишларини олиб бориб, «Oltinyul.uz» сайти орқали «E-sum.uz» сайтига Тошкент шаҳридан 911 нафар, Тошкент вилоятидан 102 нафар, Наманган вилоятидан 452 нафар, Жиззах вилоятидан 1.045 нафар, Бухоро вилоятидан 156 нафар, Сирдарё вилоятидан 24 нафар, Қашқадарё вилоятидан 1.160 нафар, Андижон вилоятидан 333 нафар, Навоий вилоятидан 129 нафар, Хоразм вилоятидан 265 нафар, Сурхондарё вилоятидан 793 нафар, Фарғона вилоятидан 774 нафар, Самарқанд вилоятидан 1.732 нафар ва Қорақалпоғистон Республикасидан 463 нафар — жами 8.339 нафар шахс аъзо бўлишига эришади.
Шулардан дастлабки тергов даврида гувоҳ ва жабрланувчи тариқасида сўроқ қилинган жами 3.537 нафар шахс томонидан «E-sum.uz» сайтига жамиятнинг ҳисоб рақамига пул кирим қилиш, нақд пул бериш, «Click» тизими орқали ва бошқа йўллар билан жами 324.662.300 сўм пул маблағни кирим қилишларига, уларга худди шу йўллар билан 141.477.000 сўм пул маблағларини жамият ҳисоб рақамидан ва бошқа йўллар билан чиқим қилинишига эришиб, шунингдек 68.386.400 сўм пул маблағларини кирим қилинган суммадан ортиқча чиқим қилиб, сайтга аъзо бўлган шахсларнинг манфаатларига жами 251.571.700 сўм — жуда кўп миқдорда моддий зарар етказган.
Суд Н.Раҳматовга Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодесининг 168-моддаси 1-қисми билан, энг кам ойлик иш ҳақининг 100 баравари миқдорида жарима жазоси тайинлади.
Шунингдек, у Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 188(1)-моддаси 3-қисми «а» банди билан билан, ЖКнинг 57-моддасини қўллаб 5 (беш) йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.
Мавзуга оид
11:44 / 27.12.2024
Тошкент - Самарқанд йўналишида янги темирйўлнинг техник-иқтисодий асосларини тайёрлаш бошланди
15:52 / 26.12.2024
Самарқандда “Turkish Airlines” авиакомпанияси экипаж аъзоси божхона назоратидан жанговар ўқ-дори олиб ўтишга уринди
07:35 / 26.12.2024
Бешта ҳудудда 16 кг гиёҳвандлик воситалари тўхтатиб қолинди
09:09 / 20.12.2024