Шарғунда 105,5 миллион долларлик лойиҳа амалга оширилмоқда
Президент Шавкат Мирзиёев Сариосиё туманидаги Шарғун кўмир конида олиб борилаётган ишлар билан танишди.
«Давлатимиз раҳбарининг жорий йил 7 мартдаги қарорига мувофиқ «Ўзбеккўмир» акциядорлик жамияти бошқарув тизими такомиллаштирилиб, кўмир саноатини барқарор ривожлантиришга йўналтирилган қатор чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.
Шарғун кўмири сифатининг юқорилиги, захираси кўплиги билан бошқалардан ажралиб туради. Бугунги кунда бу ерда 2017-2020 йилларга мўлжалланган 105,5 миллион долларлик лойиҳа амалга ошириляпти. Хитой билан ҳамкорликдаги ушбу лойиҳа натижасида 2021 йилдан бошлаб бир йилда 900 минг тонна тошкўмир қазиб олинади. 600 та иш ўрни яратилади. «Ўзбекэнерго» акциядорлик жамиятининг Ангрен ва Янги-Ангрен иссиқлик электр станциялари, цемент заводлари, аҳоли ва бошқа истеъмолчиларга тошкўмир етказиб бериш кўпаяди», дейилади президент матбуот хизмати хабарида.
Айни пайтда коннинг асосий захираси томон туннел қазиб борилмоқда. Ҳозиргача 2 километрдан зиёд шундай йўл қурилди. Яна 1,5 километрдан сўнг, 33 миллион тонналик асосий кўмир захирасига етиб борилади.
Давлат раҳбарига Сурхондарё вилоятида тошкўмир қазиб чиқаришни ривожлатиришнинг асосий йўналишлари ҳақида маълумот берилди.
«Бундай сифатли кўмир ҳеч қаерда йўқ. Ақл, илм билан ундан самарали фойдаланиб, халқимиз манфаати учун ишлатишимиз керак», - деган давлат раҳбари.
Шу ернинг ўзида «Шарғункўмир» акциядорлик жамиятини модернизация қилиш, Бойсун ва Шеробод туманларидаги конларда кўмир қазиб чиқаришни ташкил этиш, Сариосиё тумани ва Шарғун шаҳарчасини 2019-2020 йилларда ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш лойиҳалари тақдимоти ҳам ўтказилди.
Шавкат Мирзиёев кончиликни янада ривожлантириш, бунинг учун соҳага оид замонавий технологияларни яхши биладиган мутахассислар тайёрлаш зарурлигини таъкидлади. Шарғун шаҳарчасини янгидан қуриш, тадбиркорлик ва чорвачиликни ривожлантириш бўйича топшириқлар берди.
Мавзуга оид
14:36 / 13.11.2024
Имтиёзли нархларда тарқатилиши лозим бўлган кўмирни сотаётган шахслар ушланди
10:02 / 19.10.2024
Сурхондарёда аҳолига тарқатилиши керак бўлган 1 400 тонна кўмир талон-торож қилинди
12:08 / 27.09.2024
Хоразмда МЧЖ масъул шахслари ижтимоий соҳа объектларига бериладиган кўмир учун ажратилган пулларни ўзлаштирди
07:55 / 10.07.2024