Ўзбекистон | 11:37 / 01.05.2019
136122
6 дақиқада ўқилади

1 майдан қандай ўзгаришлар юз берди?

Фото: Norma.uz

2019 йил 1 майдан кучга кирган асосий ҳуқуқий янгиликлар тўплами Norma томонидан тақдим этилди.

Болалар боғчаларида болалар учун тўлов оширилди 

Давлат бюджетидан молиялаштириладиган мактабгача таълим муассасаларида болалар таъминоти учун ота-оналар тўловининг миқдорлари оширилди. Илгаригидек, болалар боғчаси жойлашган жой ва унинг иш режими суммага таъсир кўрсатади.

Қизилмия етиштирувчилар плантацияларни ташкил этишлари шарт

Қизилмия ва бошқа доривор ўсимликларни етиштириш ва қайта ишлаш ташкилотлари уюшмаси аъзоларига қўшимча талаблар амал қила бошлади. Хусусан, Уюшма аъзолари – қизилмия экстракти ишлаб чиқарувчилари 2024 йил 1 январгача ҳар йили 100 гектардан кам бўлмаган майдонда қизилмия плантацияларини ташкил этишлари шарт. 

Қўшимча имтиёз ва преференциялар ҳам назарда тутилган:

• Халқаро лабораторияларни аккредитация қилиш ташкилоти (ILAC) ва Халқаро аккредитация қилиш форумининг (IAF) тўлақонли аъзолари ҳисобланган мамлакатларнинг сертификатлаш органлари томонидан берилган мувофиқлик сертификатлари ёки синовлар протоколлари тақдим этилганда ўзларининг ишлаб чиқариш эҳтиёжлари, плантациялар ташкил этиш ҳамда қизилмия ва бошқа доривор ўсимликлардан юқори қўшилган қийматга эга бўлган маҳсулотлар ишлаб чиқариш учун Уюшма аъзолари томонидан олиб келинадиган товарларни сертификатлаш талаб этилмайди;

• жорий йилнинг 1 апрелидан 30 декабригача бўлган даврда Фанлар академиясининг ижобий хулосасини инобатга олган ҳолда Уюшма буюртманомасига кўра Давлат экология қўмитаси томонидан тасдиқланадиган қизилмиядан фойдаланиш учун қўшимча квоталар ажратилади.

Хотин-қизлар чекловларсиз ишлашлари мумкин

Хотин-қизларнинг меҳнат ҳуқуқлари ва тадбиркорлик фаолиятига оид масалаларда янги қоидалар:

биринчидан, аёллар меҳнатини муайян соҳа ёки касбларда қўллаш бўйича тақиқлар бекор қилинди (МКнинг 225-моддаси). Унинг ўрнига аёллар соғлиғига салбий таъсир этиши мумкин бўлган соҳа ва касблар тавсиявий рўйхати тасдиқланди;

иккинчидан, агар отаси бола парваришлаш таътилининг камида 3 ойидан фойдаланса, ота ёки онадан бирига Меҳнат кодексининг 234-моддасида белгиланган тартибда қўшимча 1 ой нафақа тўланадиган бола парваришлаш таътили берилади;

учинчидан, 2 ёшга тўлмаган фарзандини тарбияловчи ота-оналардан бирига уларнинг иш пайтидаги дам олиш ва овқатланиш, болани овқатлантириш учун бериладиган танаффуслар ҳисобидан иш берувчи билан келишган ҳолда кун давомида фойдаланиладиган танаффус вақтини белгилаш ҳуқуқи берилади;

тўртинчидан, аёлларнинг пенсия ёшига тўлганлиги (МКнинг 100-моддаси 7-банди) ёки қонун ҳужжатларига мувофиқ ёшга доир давлат пенсиясини олиш ҳуқуқи вужудга келганлиги сабабли улар билан тузилган номуайян муддатли меҳнат шартномасини 60 ёшга тўлгунга қадар, шунингдек муддатли меҳнат шартномасини муддати тугагунга қадар иш берувчининг ташаббусига кўра бекор қилиш тақиқланади;

бешинчидан, эркак ва аёллар ҳуқуқлари тенглигининг бузилиши билан боғлиқ ишларнинг судларда кўриб чиқилишида аёлларга адвокатлар томонидан кўрсатиладиган юридик хизмат учун ҳақ уларнинг хоҳишига кўра давлат ҳисобидан қопланади.

Қишлоқ хўжалиги вазирлигида ва «маҳаллаларда» иш ҳақи оширилди

Қишлоқ хўжалиги вазирлиги марказий аппарати ходимларининг лавозим маошларини белгилашда ЯТС бўйича тасдиқланган тариф коэффициенти 1,4 бараварга, ҳудудий бўлинмаларда 1,2 бараварга оширилди.

Фуқаролар йиғинлари раислари ва масъул котибларининг ойлик меҳнатга ҳақ тўлаш фонди 1 майдан 1,25 бараварга оширилди (иккинчи индексация 1 октябрда амалга оширилади – 1,2 бараварга).

Ўзбошимчалик билан қурилган иморатларни эътироф этиш бўйича акция тугади

Ўтган йилдан жисмоний шахсларнинг ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган ер участкалари ёки иморат қуриш учун рухсатнома олмасдан қурилган турар жойларига нисбатан мулк ҳуқуқини эътироф этиш бўйича бир марталик умумдавлат акцияси ўтказила бошлади. Бунда бир қатор шартлар амал қилди, ушбу тадбир муддати 1 майда тугади.

Суд бошқарувчилари янгича тартибда тайинланади 

Суд бошқарувчиларининг иши такомиллаштирилмоқда:

биринчидан, солиқ органининг аризалари бўйича қўзғатилган банкротликнинг соддалаштирилган таомилларини ўтказишда суд бошқарувчиси солиқ органи ходимлари орасидан тайинланмайди;

иккинчидан, солиқ органининг аризалари бўйича қўзғатилган банкротликнинг соддалаштирилган таомилларини ўтказишда:

• тўртинчи тоифали суд бошқарувчиси аттестатига эга бўлган ва Ўзбекистон суд бошқарувчилари ассоциацияси (бундан кейин – Ассоциация) аъзолари ҳисобланган шахслар суд бошқарувчиси этиб тайинланади;

• ҳар бир якунланган тугатишга доир иш бўйича Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан суд бошқарувчиларига ЭКИҲнинг 20 баравари миқдорида ҳақ тўланади;

• солиқлар ва бошқа мажбурий тўловлар бўйича қарздорликни узишда тўланган қарз суммасининг 5%и миқдорида суд бошқарувчиларига қўшимча ҳақ тўланади;

учинчидан, суд бошқарувчиларининг фаолияти «фуқаролик ва иқтисодий суд ишларини юритиш» ихтисослашуви бўйича лицензияга эга бўлган ва суд бошқарувчиси аттестатини олган адвокатлар томонидан ҳам амалга оширилиши мумкин;

тўртинчидан, суд бошқарувчиларини тайинлаш кредитор (кредиторларнинг умумий йиғилиши ёки қўмитаси) ёки банкротлик ишлари бўйича ваколатли давлат органи ёхуд Ассоциация ва унинг ҳудудий тузилмалари тақдимномаси бўйича улар фаолиятини рейтинг баҳолашни ҳисобга олган ҳолда суд томонидан амалга оширилади.

Ёғоч импорт қилувчилар учун имтиёз бекор қилинди

Ёғоч-пайраҳа плиталар ва ёғочдан ясалган шунга ўхшаш плиталар ёки қатрон ёки бошқа органик боғловчи моддалар шимдирилган ёки шимдирилмаган бошқа ёғочсимон материалларни (ТИФ ТН коди 4410, 4410 11 300 0 дан ташқари) четдан келтиришда юридик шахсларни импорт божхона божи ва ҚҚС тўлашдан озод қилиш тарзидаги 2003 йилдан буён амал қилиб келган имтиёз бекор қилинди.

Чарм ва мўйна хом ашёсини олиб чиқиш – мониторинг остида

Мамлакат божхона чегараси орқали чарм ва мўйна хом ашёсини олиб чиқишни мониторинг қилиш тартиби жорий этилди.

Мавзуга оид