Спорт | 21:00 / 01.05.2019
12008
2 дақиқада ўқилади

Касильяс юрак хуружи билан шифохонага ётқизилди. У фаолиятини якунлаши мумкин

Испания терма жамоаси ва «Реал» сафида кўп йиллар мобайнида тўп сурган, кейинги йилларда «Порту» дарвозасини қўриқлаб келаётган Икер Касильяс бугун, 1 май куни юрак хуружи туфайли шифохонага ётқизилди.

Эрталабки машғулотлар вақтида 37 ёшли посбонда миокард инфаркти кузатилган. Ҳозирда унинг ҳолати барқарор деб баҳоланмоқда, ҳаёти учун хавф мавжуд эмас. Эндиликда у мавсумнинг қолган қисмини ўтказиб юборади.

Шунингдек, унинг учун футболчилик фаолияти якунланган бўлиши ҳам мумкинлиги айтилмоқда.

Маълумот учун, Икер 2015 йилдан буён «Порту» дарвозасини қўриқламоқда. Бунга қадар узоқ йиллар «Реал»да ўйнаб, уч маротаба ЕЧЛда ғолиб чиққан; 2010 йили Испания миллий жамоаси сафида жаҳон чемпиони бўлган.

Касильяс бу мавсум Португалия чемпионатининг 31та ўйинида қатнашиб, 19та гол ўтказди, ЕЧЛда эса 10та учрашувда майдонга тушиб, чорак финалгача бўлган ўйинларда 15 марта ўз дарвозасидан тўп олиб чиқди.

20 майда 38 ёшга тўладиган Касильяс март ойида «Порту» билан шартномасини кейинги мавсум охиригача муддатга узайтирган эди.

Мавзуга оид