«Чинни бозор» яқинида икки кишининг ўлимига сабаб бўлган ЙТҲ бўйича расмий маълумот берилди
Бугун, 3 май куни Тошкентдаги «Чинни бозор» яқинида йўловчи автобус иштирокида ЙТҲ содир бўлгани ҳақида хабар бергандик. Бу ҳолат юзасидан Тошкент шаҳар ИИББ томонидан расмий маълумот берилди.
«Бугун, 3 май куни соат 14:30да «Чинни бозор» бозори яқинидаги Тошкент ҳалқа йўлига туташувчи иккинчи даражали йўлда жойлашган жамоат транспортлари бекатида йўл транспорт ҳодисаси содир бўлди. 8-сонли автопаркка тегишли 147-сонли йўналишда ҳаракатланувчи «Мерседес-Бенц» автобусининг 20 йиллик иш стажига эга ҳайдовчиси йўловчиларни тушираётган пайтда номаълум сабабга кўра автобус олдинга қараб юриб кетган.
Ҳаракат давомида автобус бекатда турган икки кишини босиб кетган ва тахминан 10 метр масофани босиб ўтиб, олдинги ғилдираги билан бетон ариққа тақалиб тўхтаб қолган. ЙТҲ натижасида 14 ёшли С.Г. (қиз) ва 30-35 ёшлардаги шахси аниқланаётган аёл воқеа жойида ҳалок бўлган.
Чилонзор туман ички ишлар органлари томонидан жиноий иш қўзғатиш масаласи кўриб чиқилмоқда, ЙТҲ сабаблари ўрганилмоқда», – дейилади хабарда.