Жамият | 18:44 / 03.05.2019
24789
4 дақиқада ўқилади

Паст Дарғомда кўзи ожиз пенсионернинг уйи олдидаги кўприкни ким ва нима учун бузди?

Самарқанд вилояти Паст Дарғом тумани Шомбулоқ қишлоғида истиқомат қилувчи биринчи гуруҳ ногирони, 60 ёшли кўзи ожиз пенсионер Гулсара Ҳасановадан мурожаат келиб тушди.

Маълум бўлишича, Г.Ҳасанованинг уйи олдидан ўтган ариқни 18 март куни қазиб, кенгайтириш баҳонасида «Чортут» фермер хўжалиги раиси Ғулом Ҳожимаматовнинг буйруғи билан ариқ устидаги кўприк бузиб ташланган.

Г.Ҳасанованинг фарзандлари Россия Федерациясида меҳнат миграциясида бўлиб туришибди, бу кўприкни қайта тиклаш учун шароитиям, имкониям йўқ.

«Келган одам яхшилик қилиш, ёрдам кўрсатиш ўрнига менга зарар етказиб кетаверадими?» — деди Г.Ҳасанова йиғламсираб.

Маҳалла фаолларидан бири, собиқ фермернинг ҳикоя қилиб беришича, бу ариқ 2–2,2 метр кенглик ва чуқурликда қазилган. Ҳолбуки бу ариқдан бор-йўғи 50 гектар дала сув ичади. Боз устига, ариқ янги қилиб қазилгач, гарчи суғорадиган жойнинг ўзи бўлмаса ҳам, бир ҳафта мобайнида ариқ тўлдириб сув ҳайдалган ва сув тошиб одамларнинг уйини сув босган.

Хўп, ариқ аҳоли зич истиқомат қилаётган ҳудудда беҳудага кенгайтирилган, дейишмоқда. Энди ўзингиз ўйланг, бирор ёш бола ўйнаб келиб, ариққа тушиб чўкиб кетса нима бўлади? Унинг хунини ким тўлайди? Ҳолбуки, бу ариқ ёш бола у ёқда турсин, катта одамни ҳам оқизишга қодир бўлиб турибди.

Г.Ҳасанованинг айтишича, у қизи етовида туман прокуратурасига ушбу масала юзасидан бориб, Мутал исмли ходимга учрашган. Прокуратурада уларнинг аризаси қабул қилинмаган. Бу иш билан туман сув хўжалиги бошқармаси шуғулланишини айтган. «Сизлар водхозга — Маҳмуд аканинг олдига ўтаверинглар, орқаларингдан етиб бораман», деб алдаган сектор учун масъул прокуратура ходими. Сув хўжалиги бошқармаси ходимлари ҳам «борамиз, далолатнома тузамиз», деб кўзи ожиз аянинг қўйнини пуч ёнғоққа тўлдириб юборишган.

Маҳалла профилактика инспекторидан ёрдам сўрашганда «Фермерга мен нима дея оламан, у одамга менинг гапим ўтмайди», дея жавоб қайтарган.

Аянинг «Халқ қабулхонаси»га мурожаати эса йўлсозлар қўлига тушган. Улар келиб, далолатнома тузиб, «бу бизнинг ишимиз эмас», деб қайтиб кетишган.

Қизиғи шундаки, қишлоқдаги бошқа инсонларнинг уйи олдидаги кўприклар бузилмаган. Чунки кенгайтирилаётган ариқ устидаги кўприк остини уйнинг эгалари ўзлари тозалаб беришган. Фермер кўзи ожиз аёлнинг уйида эркаги йўқлигини (турмуш ўртоғи вафот этгани, ўғиллар Россиядалиги) кўра-била туриб, кўприкни буздириб ташлаган.

«Ўғилларим шу ерда бўлганида буза олишмасди. Маҳалла фуқаролари йиғинидан раис ва посбон келиб, тўхтатиш ўрнига «сенинг кўпригингга одам топиб келайликми, сенга муттаҳам эмасмиз», деб бақириб кетишди», — дейди Г.Ҳасанова.

Кўприк бузилганидан кейин бир ҳафта ўтгач ариқдан сув оққан. «Шунча вақт ичида бирортасини ёллаб тозалатган бўлардим», — дейди ая. Устига-устак, шунчалик чуқур қилиб қазилган ариқдан сув оқиб, барибир одамларнинг уйини сув босган. Буниси энди ҳеч қандай қолипга сиғмаса керак.

Кузатмоқдамиз: Паст Дарғом туманида 2019 йил бошидан рисоладагидан бошқачароқ қонун-қоидалар амалиётга жорий этилмоқда. Унинг бирор бандида: «туманнинг кўзи ожиз фуқаролари кўчага чиқмаслиги керак; ҳеч кимга халақит бермасдан ўз уйида ўтириши керак», деган қоида ҳам бўлса керак, ҳойнаҳой.

P.S. Паст Дарғомда «Чортут» фермер хўжалиги раиси Ғулом Ҳожимаматов ва туман ҳокими Шунқор Худойбердиевдан арз қилаётган фуқаролар талайгина. Биз кейинги чиқишларимизда Kun.uz мухбирлари ўрганган бошқа мурожаатчиларнинг мураккаб аҳволидан пайдар-пай ҳикоя қиламиз.

Шуҳрат ШОКИРЖОНОВ,
Kun.uz мухбири.

Мавзуга оид