Жамият | 19:15 / 04.05.2019
34674
13 дақиқада ўқилади

Паст Дарғомда «ўрмон қонунлари». Ҳокимлик балиқчи фермерларни қақшатиб, уларнинг тошлоқ ерларини кимга бермоқчи?

Самарқанд вилоятининг Паст Дарғом туманида 100 гектардан ортиқ майдонда балиқчилик хўжалиги барпо этаётган фермерларнинг ҳовузларига шахсан туман ҳокимининг оғзаки буйруғи билан сув берилмай, қувурлар синдириб ташлангани ҳақида аввал ҳам ҳикоя қилган эдик.

Видео: Mover (tas-ix)

Видео: Youtube

Бизга маълум бўлишича, туман ҳокими Шунқор Худойбердиев ушбу ер майдонларини бериш ҳақидаги қарорларни бекор қилиб, ерларни туман ҳокимлиги захирасига қайтариш ҳақидаги қарорларини ҳам чиқарган.

Келинг, бу фермерларга балиқчиликни ривожлантириш учун ерлар қандай бўлиниб берилгани хронологиясини эслайлик. Ўзи иш нимадан бошланган?

2018 йилнинг 17 март куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Самарқанд вилоятига ташрифи давомида Паст Дарғом туманида вилоят фаоллари билан учрашиб, видеоселектор йиғилиши ўтказган эди.

Йиғилишда президент 1 ой муддатда шароити нисбатан оғир бўлган Нуробод, Паст Дарғом, Иштихон, Нарпай ва Қўшработ туманларида Вазирлар Маҳкамасининг 2018–2019 йилларга мўлжалланган ижтимоий-иқтисодий дастурларини ишлаб чиқиб, тақдим этиш бўйича топшириқ берган эди.

Ушбу топшириқдан ва Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 6 апрелдаги «Балиқчилик тармоғини жадал ривожлантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги ПҚ–3657-сонли қароридан келиб чиқиб, Паст Дарғом туманида балиқчиликни ривожлантириш бўйича дастур ишлаб чиқилади.

2018 йилнинг май ойида Паст Дарғом туманининг «Ўзбекистон мустақиллиги» массивидан қишлоқ хўжалиги экинлари экишга яроқсиз, унумсиз ерлардан 100 гектар ер фермерларга бўлиб берилади. Ушбу ҳудудда бунгача ҳам балиқчилик билан шуғулланиб келаётган фермерлар бор эди. Уларнинг айримларига 2018 йил майда қўшимча ер майдонлари берилади.

Бош вазирнинг (собиқ) ўринбосари Зойир Мирзаев бошчилигида 2018 йилда селектор йиғилиши ўтказилади ва Самарқанд вилоятида балиқчилик тармоғини жадал ривожлантириш, жумладан, интенсив усулда балиқ етиштиришга ўтиш юзасидан топшириқлар берилади. Қайд этиб ўтиш жоизки, ушбу йиғилишда туманнинг ҳозирги ҳокими, ўша пайтда вилоят ҳокимининг биринчи ўринбосари бўлиб ишлаган Шунқор Худойбердиев ҳам қатнашган. Барчасига ўзи бевосита гувоҳ бўлган.

Бироқ бугунги кунга келиб Шунқор Худойбердиев «ерлар унумдор эди, балл бонитети 68–72 бўлган ерлар хўжасизларча балиқчи фермерларга бўлиб берилган», деган важ билан фермерларнинг ерини захирага қайтариш ҳақида қарор чиқарган. Бунда 2018 йилда берилган ерлар эмас, 10 йил муқаддам берилган ва шу вақтгача балиқчилик хўжаликлари барпо этилиб фаолият кўрсатиб келинаётган ерлар ҳам бирваракайига захирага қайтарилмоқда.

Kun.uz мухбири билан суҳбатда туман ҳокими «1200 гектар ернинг мелиоратив ҳолати ёмонлашувининг олдини олиш мақсадида, ватанпарварлик туйғусидан келиб чиқиб, бу ишни амалга ошираётгани»ни айтиб ўтди. Туман ҳокими ва ҳокимнинг қишлоқ хўжалик ишлари бўйича ўринбосари Ҳусан Бўриев балиқчиликдан бўшаган ушбу ерлар фаолияти асосини чорвачилик ташкил этувчи «Чортут» фермер хўжалиги ихтиёрига берилишини, мазкур фермер хўжалиги раиси Ҳамза Ҳожимаматов балиқчиликдан бўшаган ерларга чорваси учун маккажўхори экишини яшириб ҳам ўтиришмади.

Айни пайтда фермерларга умуман сув берилмаяпти. Ҳовузларга ҳайдаш мумкин бўлган ариқдаги оқова сув эса бекорга оқиб ётмоқда. Бу ишга ҳокимга туман прокуратураси, ички ишлар бўлими яқиндан ёрдам бермоқда. Ҳовузлар тобора бўшамоқда, катта пул эвазига етиштирилаётган балиқлар нобуд бўлмоқда.

Хуллас, ҳеч кимдан ҳеч қандай нажот йўқ. Балиқчи фермерлардан бирининг айтишича, аввалги мақола чиққанидан сўнг туман ҳокими бу жойларга вилоят ҳокими Эркинжон Турдимовни ҳам бошлаб борган. Туман ҳокимининг фикрини қўллаб-қувватлаган вилоят ҳокими ҳам балиқчилик хўжаликлари тугатилишини айтган.

Бироқ шу ҳудудда йиллаб меҳнат қилган фермерларга кўра, туман ҳокимлигининг қарори ёлғон даъволарга асосланган. Бу ерларда ҳеч қандай қишлоқ хўжалиги экинлари етиштиришнинг имкони йўқ. Балиқчилик учун ажратилган, ҳали ҳовуз барпо этилмаган жой қамишзор эканлигини кўришимиз мумкин. Чунки бу жойлар азалдан булоқ ўринлари бўлган ва пахта-ку умуман ўсмаган, ғалла экилганида ҳам баланд қамишлар туфайли комбайнлар уни ўролмасдан қолиб кетган пайтлар бўлган экан.

Боз устига, Эркинжон Турдимовга туман ҳокими фақат янги барпо этилган, ҳали сувга тўлатилмаган ҳовузларни кўрсатган. Ажратилган 100 гектар ердан катта қисми жойлашган Зарафшон дарёси бўйида тошлоқ ерларда барпо этилган ҳовузлар кўрсатилмаган.

Биз эса ўша ерга бордик. Чунки бу ерлар ҳам «68-72 балл бонитетли ерлар» сифатида суви тўсилиб, балиқчилик касод қилиниб, ер туман ҳокимлиги захирасига қайтарилмоқда.

Маълум бўлишича, шу жойдан ер олган фуқаро Ҳамроқулов Музаффарга Паст Дарғом туманнинг аввалги ҳокими С.Эргашев имзолаган 1867-Қ сонли қарор билан 2018 йилнинг 15 майида 3 гектар ер 49 йилга ижарага берилади.

М.Ҳамроқулов 23 май куниёқ балиқчиликка ихтисослашган «Шомбулоқ Амур» фермер хўжалигини туман ДХАда юридик шахс сифатида ташкил этади.

М.Ҳамроқулов бу ерни Россияда ишлаб жамғариб келган пуллари, фарзандлари меҳнат миграциясидан жўнатаётган пуллари эвазига қазиб, балиқ чавоқлари ташлайди. Шу кунгача унинг сарфлаган пуллари 100 миллион сўмдан ошиб кетган. Балиқлар ҳали кичик, уни сотиб фойда кўришга ҳам улгурмаган.

«Бир неча йилдан буён бекор юргандим. Ўғлим Россияда ишлаган пулларни йиғиб, шу ерга сарфладим. Давлатимиз яратаётган имкониятлардан фойдаланиб, биз ҳам оилавий фермер, тадбиркор бўлмоқчи эдик. Энди эса туман ҳокими «сув бермайман, қаерга борсанг бор» деб бандларимизни бузиб ташлади», — дейди М.Ҳамроқулов.

Фермернинг рафиқаси ҳаммаси қандай бошланганини ҳикоя қилиб берди:

«Ўша куни (15 март куни) биз ишда эдик. Ҳовуз бошида фарзандим бор эди. «Ҳовузларни кўришга ҳоким келди», деди. Ҳамза фермер билан яна икки формалик киши ҳам бор экан. Улар «Чортут» фермер хўжалиги раиси Ҳамза Ҳожимаматовнинг «Chevrolet Lacetti» машинасида келишган экан».

Музаффар Ҳамроқулов давом эттирди:

«Биз етиб келгунимизча улар бу ерларни кўриб қайтаётган экан. Мен Ҳамза акани танидим. Уларнинг машинасини тўхтатдим.

«Ҳамза ака, бизнинг ҳовузни бузмоқчи экансиз, 15 йилдан буён бекор ётган ерлар эди, шунча меҳнат қилдик, — деб гап бошлашимни биламан, унинг олдида қора кўзойнак тақиб, кепка кийиб олган одам, жеркиб ташлади:

«Ҳей, нима демоқчисан?! Мен — ҳокимман!» — деди. Шунда у туманнинг янги ҳокими Шунқор Худойбердиев эканини билдим.

Мен ҳокимга вазиятни тушунтирмоқчи бўлдим.

«Хоҳлаган ишимни қиламан! Бузилади бу жой», — деди ҳоким.

«Ахир 2018 йилда менга ҳокимлик қарор чиқариб берган, мен тентакмасман-ку, ўз-ўзимча, ўзбошимчалик билан ноқонуний иш бошласам», — дедим.

«****** ҳокимингни ҳам, қарорингни ҳам!», — деди ҳоким.

Унинг қўполлашаётганини кўрган рафиқам чидай олмасдан машинадан чопиб тушди ва ҳокимга «қўполлашманг, уялмайсизми?» деди.

«Хўш, нима қила оласан, қўполлашсам?! — деди Шунқор Худойбердиев сенсираб. — Мен ҳали онангни… деб сўкканим йўқ-ку?!»

Хотиним унинг маданиятига эътироз билдириб, гапирса машинадан тушиб келган камуфляждаги орган ходимлари «гапирманг, опа бас қилинг», деб хотинимни гапиртиргани қўйишмади.

Шунақа гаплар. «Қаерга борсанг бор, хоҳлаганг ишингни қил — ер бузилади», деди ҳоким. Мана энди ҳайрон бўлиб ўтирибмиз. Қароримизни бекор ҳам қилибди. Энди судга мурожаат қилмоқчимиз», — деди М.Ҳамроқулов.

Ер берилишидан олдин тумандаги мутасаддилардан иборат комиссия хулоса бергани, танлов бўлиб ўтгани, фермерлар танловда ғолиб чиққани, бу ерларга қанча меҳнат ва маблағ сарфлашгани туман ҳокимини заррача қизиқтираётгани йўқ. Зарарларни қоплаш тўғрисида оғиз ҳам очилгани йўқ.

Қандайдир ҳужжат нотўғри бўлса, бунда тадбиркорнинг нима айби борлиги ҳам вилоят ва туман раҳбарларига қизиқ эмас. Яна шулар ўзлари ўйлаб топган «ўрмон қонунлари» билан Самарқандга инвестор жалб қилмоқчи...

Туманнинг ҳозирги ҳокими Шунқор Худойбердиев 2019 йил 20 апрелда «Шомбулоқ Амур» фермер хўжалигининг 3 гектар ер майдони унумдорлиги юқори бўлган 68–72,2 бонитетли ер майдонлари қонун ҳужжатларига зид равишда ажратиб берилганини қайд этиб, туман ҳокимлиги захира ер майдони ҳисобига қайтариш, 2018 йил 15 майдаги 1867-Қ сонли қарорни бекор қилиш ҳақида қарор чиқариб бўлган.

М.Ҳамроқуловнинг ҳовузларига сув катта каналдан эмас, ҳовуз четидаги оқова ва сизот сувлардан ҳосил бўлган ариқдан келади. Туман ҳокими ана шу ариққа солинган дамбаларни бузишни буюриб, балиқчини касод қилиб, ерини тортиб олиб, бошқа фермерга беришни мақсад қилган.

Лекин М.Ҳамроқулов ва шу ҳудудда бошқа фермерларга ажратилган ерларнинг нимаси унумдор экан? Ғирт тошлоқ ерда балиқчилик ҳовузлари барпо этилган-ку?

Энди виждонан жавоб беринг: ана шу тошлоқ жойга йиллаб ўзга юртларда қора меҳнати билан орттирган тўрт-беш сўм пулини тадбиркорлик билан шуғулланаман, дея тиккан инсонни синдириш инсофли раҳбарнинг ишими?

Қуйидаги фотосуратга эътибор беринг: устки қисмида ажриқ ўсиб ётган, бор-йўғи 5 см унумдор қатлами бўлган ернинг нимаси 68–72,2 балл бонитетига эга бўлиши мумкин?

Савол туғилади: хўп, ҳоким Шунқор Худойбердиев ҳақ ҳам дейлик, балиқчиларга 2018 йилда ажратилган ернинг бонитети жуда юқори ва унумдор бўлсин, нега унда балиқчиларга берилишидан аввал қишлоқ хўжалиги экинлари экилмасдан, 4-5 йил мобайнида туман захирасига олиб қўйилган эди?

Энг қизиғи, ҳокимнинг ўзи айтишича, устози саналмиш, ўртада бироз муддат Жомбой тумани ҳокими ҳам бўлиб ишлаган, айни пайтда Паст Дарғом тумани ҳокимининг қишлоқ хўжалиги масалалари бўйича ўринбосари бўлмиш ва айни кунларда «бу ерлар азалдан унумдор ерлар эди, не-не пахталар экилган, мўл ҳосил кўтарилган, фалон-писмадон», деб даъво қилаётган Ҳусан Бўриевнинг ўзи 2010 йилда «Шомбулоқ сазан балиқлари» фермер хўжалигига балиқчилик учун 5 гектар ер ажратилишини маъқуллаган комиссия таркибида имзо қўйган.

«Шомбулоқ сазан балиқлари» фермер хўжалигига 2018 йилда яна 2,2 гектар ер берилган. Энди 2010 йилдаги 5 гектар, 2018 йилдаги 2,2 гектар — жами 7,4 гектар ер тортиб олинмоқда.

Кўряпсизми, бу битта М.Ҳамроқулов билан бўлаётган ҳолат эмас. 2018 йил май ойида танловдан ер ютиб олган фермерларнинг барчасини Паст Дарғомда шу қисмат кутмоқда. Нафақат, 2018 йилда ер олган, азалдан шу иш билан шуғулланиб келаётганларнинг ерларини ҳам!

Туман ҳокими фермерларга пешвоз чиқмаяпти. Умуман, туман ҳокимлиги биносига киришнинг ўзи бир масала. Ҳоким билан шахсан учрашиб ўз масаласини ҳал қилишга уриниш кўпинча бесамар кетади. Чунки ҳокимлик биноси баланд панжаралар билан ўралган. Эшикоғаси вазифасини бажараётган милиционерлар нажот истаб келган ҳар қандай инсонни ичкарига қўймасдан, дарвоза олдидан қайтариб юборади.

 

Айни дамда тадбиркорларни фақат республика даражасидаги, туман ва вилоят вакиллари аралашмаган мустақил комиссиясининг хулосасигина қутқариши мумкин. Биз тадбиркорлар номидан Ўзбекистон Республикаси Ер ресурслари, Геодезия, Картография ва Давлат кадастри давлат қўмитасидан мазкур вазиятга аралашиб, махсус мустақил комиссия тузиб, ернинг унумдорлик масаласи борасида аниқ бир тўхтамга келишни илтимос қилар эдик. Агар тадбиркорлар ҳақ бўлиб чиқишса, улар судга мурожаат қилишга тайёр. Йўқса, улар ҳокимнинг касрига қолиб, сарфлаган миллиардлаб пулларига куйишади.

Kun.uz бу қайғули вазиятни синчковлик билан кузатади ва тадбиркорлар тушиб қолган мураккаб вазиятни ёритишда давом этади.

Шуҳрат ШОКИРЖОНОВ,
Kun.uz мухбири.

Мавзуга оид