Жамият | 08:17 / 04.05.2019
43391
2 дақиқада ўқилади

«Тошшаҳартрансхизмат»: «Чинни бозор»даги ЙТҲдан олдин автобус ҳайдовчиси ҳушини йўқотган

Жорий йил 3 май куни соат 14:30да Тошкент шаҳрида жойлашган «Чинни бозори» олдидаги автобус бекатида «Тошшаҳартрансхизмат» АЖ таркибидаги 18-автобус саройи тасарруфидаги 147-йўналишда қатновчи «Мерседес-Бенц» русумли автобус иштирокида йўл транспорт ҳодисаси содир бўлган

«Тошшаҳартрансхизмат» баёнотида айтилишича, ҳайдовчи М.Тожибоев транспорт воситасини бекатга келиб тўхтатган.  Шундан кейин автобус номаълум сабаб билан ҳаракатланиб, олдинда турган «Исузу»га урилган ва бекатдаги аёл ва қизни босиб кетган ва ғилдираклар ариққа тушгандан кейингина ҳаракатдан тўхтаган. 

Дастлабки хулосага кўра, 20 йиллик тажрибага эга 54 ёшли ҳайдовчи М. Тожибоев бекатга келган вақтда саломатлиги ёмонлашиб, ҳушини йўқотган. Автобус автомат бошқарувда бўлгани ҳолда ҳайдовчи тўхташ педалини босиб турган ва ўзини билмай қолгач, транспорт воситаси ҳаракатланиб кетган ҳамда юқоридаги ҳолат содир бўлган.

Суриштирувлардан маълум бўлишича, ҳайдовчи кунора иш режимида ишлаб келган. У 2 май куни тўлиқ дам олган. М. Тожибоев йўналишга чиқишдан олдин тиббий кўрикдан ўтказилганда соғлигидан шикоят қилмаган. Шифокор ҳам унинг саломатлиги юзасидан ҳеч қандай салбий ҳолатни аниқламаган. 

Айни дамда ҳайдовчи касалхонада шифокорлар назоратида ҳушсиз ҳолатда. Суриштирув ишлари давом этмоқда. Ушбу нохуш воқеа юзасидан тўлиқ тафсилотлар ўрганилмоқда, дейилади хабарда.

Мавзуга оид