Ўзбекистон | 16:14 / 06.05.2019
17638
3 дақиқада ўқилади

Алламжонов: «Сўз эркинлиги бўлмаган юртда ривожланиш ва тараққиёт ҳам бўлмайди» 

Фото: KUN.UZ

Ўзбекистон «Чегара билмас мухбирлар» ноҳукумат ташкилотининг сўз эркинлиги рейтингида 53,52 кўрсаткич билан 160-ўринни эгаллади. Икки йил олдин 169-ўринда эдик, ўтган йили эса 165-ўринда.

Ҳисоботда ўзбек журналистлари сўнгги икки йилда мажбурий меҳнат ва коррупция каби долзарб мавзуларда ёза бошлагани, бироқ медиа соҳасида ҳали ички цензура кучли экани таъкидланган

«Бу - мамлакатда сўз эркинлигини таъминлаш, журналистларни қўллаб-қувватлаш борасида қилинадиган ишлар ҳали кўп дегани. Оммавий ахборот воситаларини ҳимоя қилсак, далда берсаккина ўткир мавзулар қаламга олинади», - деб ёзади Ўзбекистон Республикаси президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги раҳбари Комил Алламжонов ўзининг Facebook’даги саҳифасида.

Тожикистон рейтингда ўтган йили 149-ўринда эди, бу йил эса 161-ўринда. Россия ҳам ўтган йилгига нисбатан битта поғона йўқотган — 149-поғона. Қирғизистон эса рейтингини 15 поғонага яхшилаган — 83-ўрин.

«Мазкур ҳисобот ўзимизга тутилган ойна — сўз эркинлиги бўлмаган юртда ривожланиш ва тараққиёт ҳам бўлмайди. Бугунги сиёсат, бугунги ислоҳотлар эса ана шу сўз ва матбуот эркинлигига чамбарчас боғлиқ», - дейди Алламжонов.

Маълумот учун, матбуот эркинлиги рейтинги «маҳаллий журналистларнинг эркинлик даражаси»га кўра сараланган 180та давлат рўйхатидан иборат.

У турли давлатлардаги журналистлар, юристлар ва социологларнинг махсус анкетасига берилган жавобларига кўра тузилади. Анкета саволлари журналистлар иши билан боғлиқ кенг доирали мавзуларни қамраб олади — қонунчилик, ўзини ўзи цензура қилиш, медианинг эркинлиги, фикрлар плюрализми, турли институтлар ва идораларнинг журналистлар билан ишлашга тайёрлиги ва ҳоказо.

Бундан ташқари, баҳолашда ўлдирилган, қамоққа ташланган журналистлар сони, шунингдек жиноий таъқиб қилинаётган блогерлар ва журналистлар ассистентлари каби айрим қўшимча мезонлар ҳам ҳисобга олинади.

«Айрим нашрлар оғриқли мавзуларда ёза бошлади. Аммо мамлакатда узоқ вақт ҳукмронлик қилган цензура ва ўз-ўзини цензура қилишдан халос бўлиш учун ҳали кўп иш қилиш керак», - дейилади ҳисоботда Ўзбекистон ҳақида.

Мавзуга оид