Жамият | 21:40 / 08.05.2019
28677
4 дақиқада ўқилади

Марказий банк «Давр банк» ва унинг раҳбариятига жиддий санкциялар қўллашга тайёр. Бу банкнинг икки ходими қўлга олинган 

Марказий банк «Давр банк» ХАТБ Учтепа филиали ходимларининг хатти-ҳаракатлари бўйича фуқаролардан келиб тушаётган эътирозлар билан боғлиқ масалалар юзасидан маълумот берди. 

«Жорий йилнинг 7 май куни Марказий банк Банк хизматлари истеъмолчиларининг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш хизмати раҳбари «Давр банк» ХАТБ ходимлари устидан банк депозитига қўйилган пул маблағларининг ноқонуний ўзлаштирилгани билан боғлиқ масалалар юзасидан шикоят қилган бир гуруҳ фуқаролар билан учрашув ўтказди.

Ўз навбатида, шикоят қилган мижозларнинг банк томонидан ҳуқуқлари бузилгани тўғрисидаги мурожаати белгиланган тартибда кўриб чиқиш учун қабул қилинди ва шу куннинг ўзида шикоят хатида кўтарилган масалаларга аниқлик киритиш учун «Давр банк» ХАТБ раҳбарлари Марказий банкка таклиф этилди.

Марказий банк тижорат банклари номидан банк ходимлари томонидан амалга оширилган ҳар қандай хатти-ҳаракатлар учун банк тўлиқ жавобгар деб ҳисоблайди. Шу муносабат билан, «Давр банк» ХАТБга қисқа муддатда банк томонидан мижозларга етказилган зарарларни кейинчалик айбдор ходимлардан регресс ҳуқуқида талаб қилиш асосида қоплаб бериш юзасидан кўрсатма берилди.

Банк томонидан жабрланган мижозларнинг масалаларини ҳал қилиш бўйича амалий чоралар кўрилмаган тақдирда, Марказий банк томонидан банкнинг айрим операцияларини тўхтатишгача бўлган қатъий чоралар қўлланилади.

Марказий банк ушбу масалага «Давр банк» ХАТБ раҳбариятининг эътиборсизлиги, шу жумладан, филиал мансабдор шахсларининг фуқароларга қўяётган «жиноят содир этишга уларнинг ўзлари шароит яратган» каби айбловларини ноўрин деб ҳисоблайди ва бу ҳолатлар банк акциядорларидан банк раҳбарларини алмаштиришни талаб қилишга сабаб бўлиши мумкинлигини қайд этади.

Марказий банк мазкур масала тўлиқ бартараф этилмагунга қадар амалга ошириладиган барча жараёнлар устидан доимий назорат ўрнатилишини маълум қилади», дейилган Марказий банк баёнотида.

Бундан аввалроқ «Давр банк» ходимлари кўплаб миллионли ўғирликда айбланиб қўлга олингани тўғрисида эълон қилинган мақола ортидан Тошкент ИИББ матбуот хизмати ушбу масала юзасидан маълумот берганди. Унда ички ишлар органига Сирдарё вилоятида яшовчи фуқародан ариза келиб тушгани, у ўз аризасида шу йилнинг 9 апрелида «Давр банк»нинг Учтепа филиалига ипотека кредити олиш учун мурожаат қилгани ва дастлабки тўлов сифатида 75 млн сўм тўлаганини, аммо бу маблағ қурувчи ташкилот ҳисобига тушмаганини билдиргани, кейинроқ ички ишлар органларига шу мазмундаги аризалар билан яна 20 киши мурожаат қилгани айтилганди.

Уларнинг барчаси кредит олиш ёки банкда шахсий ҳисоб рақами очиш масалалари бўйича мурожаат қилишган. Мазкур ҳолат юзасидан Учтепа тумани ИИБ ФМБ томонидан Ўзбекистон Жиноят кодексининг 168-моддаси 3-қисми «а» банди (Фирибгарлик) бўйича жиноят иши қўзғатилган. Ушбу жиноятни содир этишда гумонланиб «Давр банк» Учтепа филиалининг икки ходими қўлга олинган.

1 май куни уларга айблов эълон қилинган ва ўша куннинг ўзида айбланувчиларга нисбатан жиноят ишлари бўйича Учтепа туман суди томонидан ҳибсга олиш кўринишидаги эҳтиёт чораси қўллаш ажрими чиқарилган. 

Ҳозирда ушбу жиноят иши бўйича Тошкент шаҳар ИИББ ҳузуридаги тергов бошқармаси томонидан тергов ишлари олиб борилмоқда.

Мавзуга оид