Ўзбекистон | 08:30 / 11.05.2019
118556
6 дақиқада ўқилади

Автомобиль бир литр сув билан 1400 км йўл босиши мумкинми?

Ихтиролар, кашфиётлар, инновациялар деганда одатда кўпчилигимиз олис-олислардаги ва бизга алоқаси бўлмаган жараёнларни тушунамиз. Лекин ўз ғоялари билан кўпчиликнинг оғирини енгил қилувчи, фан-техникада ўзига хос ишланмалар тақдим этувчилар юртдошларимиз орасида ҳам талайгина. Биз бугун ана шундай инсонлар билан таништирамиз.

Видео: Mover (tas-ix)

Видео: Youtube

Ғофур Абдувоҳидов ва Ориф Собиров исм-шарифли йигитлар таҳририятимизга ташриф буюрганларида қўлларида иккитагина кичик сумка бор эди. Лекин гап-сўзлари салкам мўъжизага даъвогардек. Улар сумкадан чиқарган оддий шиша идишлардан иборат мослама сувдан газ (водород) ажратиб олишини айтганларида таҳририятимиз аъзоларидан кўпчилигига бу ёлғондек туюлди. Лекин йигитлар жуда қатъий эдилар ва бизга ўз ишланмаларини тақдим этишга киришдилар.

Тушунишимизча, ғоя қуйидагича: сувдан иккита идиш орқали ток ўтказилади ва ундан газ ажралиб чиқади. Бу газнинг ўзига хос жиҳати катта энергия ажратади, ҳосил бўлган ҳарорат метан газиникига нисбатан анча катта, гарчи ҳозир кичик ҳажмда кўрсатилаётган бўлсада, шприц игнасидан уфураётган ҳарорат ва олов шиддати баланд.

Тажриба шубҳалардан холи бўлиши учун уч хил сув – оддий водопровод суви, иситиб/совутиб берувчи мосламадан олинган сув ва оддий елим идишда қадоқланган сувдан тенг миқдорда олдик ва мосламани ишга туширдик. Бироз муддат ўтиб сувда пуфакчалар пайдо бўлди ва шприц игнаси учига учқун берилиши билан олов чиқа бошлади. Ҳайрат билан озгина кузатдик ва йигитларни суҳбатга тортдик.

– Қисқа қилиб айтганда бу ишланманинг сири нимада?

– Бошиданоқ айтиб қўяй – бизнинг бу ишланмамиз бутунлай янгилик эмас. Сувни парчалаш орқали энергия олиш бўйича ғоялар олдин ҳам бўлган, ҳозир ҳам бор ва албатта бундан кейин ҳам бўлади. Ҳозир ҳам интернетни кузатсангиз айни шу мазмундаги юзлаб видеоларни кўришингиз мумкин. Ҳамма гап бунинг учун сарфланган энергия билан олинган энергия фарқида. Шу пайтга қадар бундай тажрибаларда 30-40 фоиз, кўпи билан 90 фоизлик натижага эришилган. Яъни оддий тил билан айтганда 100 сўм сарфлаб 30-40 сўм, нари борса 90 сўм “даромад қилинган”. Бизда эса бу кўрсаткич тахминимизча, камида 300 фоизга етмоқда.

– Қурилмани қай тартибда синаб кўрдингиз?

– Бу қурилмани “Запорожец” машинасида синовдан ўтказганмиз. Ички ёнув двигателига мослаганимиздан сўнг бир литр (!) сув билан, тўғрироғи бир литр сувдан тажрибамиз асосида ажралиб чиққан газ билан 1400 километр йўл босганмиз. Демак қисқа таъриф берадиган бўлсак, у татбиқ қилинса, машина бир литр сув билан салкам 1500 км йўлни ортда қолдиради.

– Билишимизча, дастлаб Россияда бу ихтирони синаб кўргансиз. Қизиққанлар бўлмадими?

– Албатта бўлди. Аммо уларнинг деярли ҳаммаси энергетика компаниялари эди. Катта маблағ ҳам таклиф қилишди. Лекин уларнинг мақсади аниқ – бунинг сирини билиб олиб, яшириб ташлаш ва умуман юзага чиқармаслик! Қанчалик баландпарвоз туйилмасин, бизнинг ниятимиз бу ихтиромиз биринчи навбатда халқимизга хизмат қилишини истаймиз. Ҳозирги кунда энергетика бўйича жуда кўп лойиҳалар бор, аммо уларнинг кўпи ҳаётга татбиқ этилмай қолиб кетяпти. Қишлоқ жойларимизнинг аксариятига табиий газ етиб бормаган, борган жойларда ҳам босим паст, узилишлар кўп. Ишлаб чиқаришда газ масаласи муаммо, тадбиркорларимизнинг маҳсулоти таннархи ошиб кетяпти. Биз ана шундай муаммоларни қисман бўлса-да ечишни мақсад қилганмиз. Бу ғоя Ўзбекистонга фойда келтиришини истаймиз.

– Биз ҳозир ичимлик сувида синов ўтказдик. Ичимлик сувининг ўзи ҳам муаммо. Бошқа сувларда қандай натижага эришиш мумкин?

– Бошқа сувларда натижа янада яхшироқ бўлади. Дарё суви, ёмғир сувидан ажралган газ ҳажми ичимлик сувиникидан юқори. Умуман, сувнинг хусусиятлари ҳақида минглаб асарлар битилган, аммо ҳануз унинг барча сирлари очилмаган. Биз унинг биттагина сирига асосланган ихтиромизни намойиш этаяпмиз. Кўриб турибсизки, оловнинг ҳарорати жуда баланд. Метанда бу кўрсаткич 2800 даражага етса, бу қурилмадан ажралаётган ҳарорат 4000 даражадан ошади.

– Машиналарда қўллаш мумкин деяпсиз, бу хавфли эмасми?

– Хавфсиз ёқилғининг ўзи йўқ. Эҳтиётсизликка йўл қўйилса, бензин ҳам, пропан ҳам, метан ҳам хавфли. Бу қурилмадан ажралаётган газни сақлаб бўлмайди, дарҳол сарфлаш керак. Аммо биз бу ихтирони янада такомиллаштирамиз, хавфсизликни кучайтирамиз.

– Тажрибангиз кўпчиликни қизиқтириши табиий. Гапларингиз рост бўлса, бу энергетика соҳасида ўзига хос янгилик бўлади. Демак уни зудлик билан ҳаётга татбиқ этиш лозим эканда?

– Албатта! Бутун дунёда тикланувчи энергия муаммоси мавжуд ва бу муаммо кундан-кунга кескинлашаверади. Ўзбекистонда ҳам кўплаб ҳудудларда газ етишмайди, айниқса қиш ойларида аҳоли қийналади. Мана шу қурилмамизни зарур эҳтиёт чораларини қўллаган ҳолда ҳаётга татбиқ эта олсак, кўпчиликнинг оғирини енгил қилишига ишонаман.

Фурсатдан фойдаланиб юртимиз раҳбариятига мурожаат қилмоқчиман. Мана шу ишланмамиз аввало ўз халқимизга хизмат қилишини исташимизни айтдим. Бундан ташқари ҳам қатор ишланмаларимиз бор. Истардикки бизга имконият яратилса, биринчи навбатда бу ихтирони такомиллаштириш учун лаборатория ташкил этилса, грантлар ажратилса, патент берилса ва охир-оқибат ҳаётга татбиқ этилса.

Ишонаман, орзу қиламан, Президентимиз админстрацияси бу ихтиромизга кенг йўл очиб беради ва биз Ўзбекистоннинг равнақига хизмат қиламиз!

Ўз навбатида таҳририятимиз ҳам етакчи олимларга, соҳа мутахассисларига мурожаат қилади: сиздан бу ишланма бўйича фикр-мулоҳазаларингизни, берилган баҳоингизни кутиб қоламиз.

Аброр Зоҳидов суҳбатлашди,
тасвирчи Шерзодбек Эгамов.

Мавзуга оид