Ургутдаги ҳангома. Ўқитувчилар энди «бир ойлик армия»га чақирилганларнинг шартнома пулини йиғиб бериши керакми?
Ургут туманидаги мактабларнинг ўқитувчилари маошларидан бир ойлик ҳарбий хизматга чақирилганларнинг контракти учун пул ўтказиб бериш бўйича буйруқ олишгани юзасидан мурожаат қилишди.
Уларнинг маълум қилишича, туман ҳокими Маматжон Турдиев барча мактаб директорлари иштирокида йиғилиш ўтказиб, ҳар бир мактаб жамоаси ўз ҳудудидаги маҳалладан ҳарбий хизматга бормаган битта йигитни топиб, сафарбарлик чақирув резервига (бир ойлик ҳарбий хизмат) юбориш вазифаси топширилган.
Яқин йилларгача жамиятнинг энг «ҳимоясиз улкан қатлами» ҳисоблаб келинган бу соҳа вакилларига ўз вазифасидан ташқари турли юмушлар буюрилгани рост. Аммо сўнгги йилларда мажбурий меҳнат, ноқонуний йиғимлардан ўқитувчилар анчагина халос бўлгани сабабли дастлаб маълумотга шубҳа билан қарадик. Аммо таҳририятимизга бирин-кетин шу ҳолатни тасдиқловчи хабарлар кела бошлади.
Вазиятга аниқлик киритиш учун тумандаги бир қатор мактабларда бўлдик. Халқ орасида бекорга «ҳимоясиз қатлам», дейилмас экан. Айрим директорлар ҳокимнинг худди шу топшириғини бажараётганини очиқ-ойдин баён қилган бўлса, бир неча мактаб директорларидан маълум сабабларга кўра, «ҳеч нарса деёлмайман», «мен ўша йиғилишга бормаган эдим», каби жавоблар ҳам олдик. Аммо бирор директор «бу бўлмаган гап», деган эмас. Шу билан бирга юқоридаги ҳолатнинг бор гап эканини, айни вақтда кимнидир ҳарбий хизматга юбориш учун энди ўқитувчилардан пул йиғишга мажбур эканини таъкидлаганлар ҳам бўлди.
Биз Ургут тумани мудофаа бўлимига борганимиз йўқ. Суратдаги ҳужжатни эса тумандаги мактаб директоридан олдик.
Ургут туман ҳокими ҳам, туман халқ таълими бўлими мудири ҳам ушбу мақола эълон қилингач, «барчаси туҳмат, ҳаммаси бекор гап» дейиши кундек равшан.
Унда савол: мактаб директорларининг қўлида «Молия вазирлигининг «Сафарбарлик чақирув резерви маблағлари» махсус ҳисоб-рақамига бадал ўтказиш тартиби тўғрисидаги шартнома» нима қилиб «адашиб» юрибди?
Ана шу ҳужжатларни бизга тақдим этган директорлар (мактаблар рақами ва суҳбат аудиоёзуви таҳририятда бор) навбатдаги бошоғриқнинг бор гап эканини тасдиқлаб, аллақачон ҳарбий хизматга чақирилувчи ҳам топишганини билдиришди.
«Чақирилувчи топдик, энди уни ҳарбий хизматга «агитация» қиламиз. Шартномада битта банд бор, агар чақирилувчи пулни тўламаса, кафилликка ўтган шахс тўлайди. Кафилликка эса… мактаб ўтяпти. Тўғри, ҳокимбова бу кўрсатмани буйруқ эмас, илтимос шаклида айтмоқда. Аммо сўнгги пайтлар шу тарзда айтиладиган бўлиб қолди ўзи...», дейди мактаб директорларидан бири.
Хуллас, шартномада кўрсатилганидек, ҳокимнинг мазкур «илтимоси» мактаб жамоасига нақ тўрт миллион сўмдан зиёдроққа тушяпти. Албатта, бу сумма ўқитувчиларнинг ҳалол ойлигидан ушлаб қолинади.
Дарвоқе, яна бир умумтаълим мактабининг директори ўринбосари ростдан ҳам шундай топшириқ берилганини тасдиқлар экан, «ишдан бўшаш ҳақида ариза ёзсам ёзаманки, бу ноқонуний буйруқни бажармайман», дея қатъий позициясини маълум қилди. Афтидан бу топшириқ, шусиз ҳам қатор мактабларда кадрлар етишмаётган Ургут туманидаги ўқитувчиларга оғирлик қилмоқда.
Биз мазкур масала юзасидан туман ҳокимлиги ва халқ таълими бўлими мутасаддиларидан изоҳ олишга ҳаракат қилдик. Туман ҳокимлиги билан боғланишнинг иложи топилмади. Туман халқ таълим бўлими мудири Ғайрат Абдиев эса телефон орқали суҳбатда ўша йиғилиш ўтганини инкор қилмаган ҳолда, йиғилишда бундай топшириқ бўлмаганини билдирди.
Хўп, шундай ҳам дейлик, ўша йиғилишга мактаб директорлари нима мақсадда чақирилган эди. Агар бу йиғилишда туман раҳбарияти директорлардан армияга кўмаклашишни эмас, таълим сифатини кўтаришни илтимос қилган бўлса, йиғилиш шу мақсадда ташкил этилган бўлса минг бор ташаккур, аммо...
Сўнгсўз ўрнида. Бир нарсага умид қиламиз. Мақоладаги муаммо аниқ фактларга асосланган. Туман раҳбарияти таҳририятга маълумот етказувчиларни излаш ўрнига, ҳақиқатга тик боқиб, ўз вақтида вазиятни қўлга олиши керак.
Хафа бўлманг, ургутлик ўқитувчилар! Ким билсин, ҳали ҳокимлик ташаббуси билан бу йил ҳатто жорий таъмир балосидан ҳам қутулиб қоларсиз…
Анвар МУСТАФОҚУЛОВ,
Kun.uz мухбири
Мавзуга оид
12:08 / 21.12.2024
Загребдаги мактабда пичоқли ҳужум: бир бола ҳалок бўлди, яраланганлар бор
19:39 / 19.12.2024
Наманганда мактаб директори хизмат хонасини қиморхонага айлантирди
16:56 / 13.12.2024
Андижонда ҳоким ўқувчиларни армияга юборди, ИИБ бошлиғи “қизил тоифа”га ажратди. Бу тўғрими? — мутахассислар билан суҳбат
10:54 / 02.08.2024