Ўзбекистон | 15:10 / 13.05.2019
113556
2 дақиқада ўқилади

Бахтиёр Абдусаматов 5 йилга озодликдан маҳрум этилди

Фото: KUN.UZ

Жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар судида судланувчилар Бахтиёр Абдусаматов (Юнусобод туман ҳокими лавозимида ишлаган), Ўлмас Мухамедсаидов (вақтинча ишсиз) ва Шохрух Маликов (Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш қўмитаси ҳузуридаги «Миллий PR-маркази» ДУК бош директори лавозимида ишлаган)га нисбатан жиноят ишини кўриб чиқиш бўйича суд ўз якунига етди.

Мазкур жиноий иш жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар суди судьяси Зафар Нурматов раислигида кўриб чиқилди, деб хабар бермоқда Kun.uz мухбири.

Судланувчилар Б. Абдусаматов Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 205-моддаси (ҳокимият ёки мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш), 210-моддаси (пора олиш), Ў. Мухамедсаидов Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик), 28-моддаси (жиноят иштирокчиларининг турлари) орқали 211-моддаси (пора бериш), 212-моддаси (пора олиш-беришда воситачилик қилиш) ва Ш. Маликов Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 211-моддаси (пора бериш), 212-моддаси (пора олиш-беришда воситачилик қилиш)да назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбланганди.

Хабар қилинишича, суд Бахтиёр Абдусаматовни 205-модда (ҳокимият ёки мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш) бўйича айбдор деб топди. У 5 йил муддатга озодликдан маҳрум этилди. Жазони манзил колонияда ўташи белгилаб қўйилди. 
 
Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш қўмитаси ҳузуридаги «Миллий PR-маркази» ДУК бош директори лавозимида ишлаган Шохрух Маликов эса суд залидан озод этилди.

Ўлмас Мухамедсаидов 168-моддаси (фирибгарлик), 28-моддаси (жиноят иштирокчиларининг турлари) орқали 211-моддаси (пора бериш) бўйича 10 йил-у 6 ой муддатга озодликдан маҳрум қилинди. 

Ҳукм ҳали кучга кирмаганлиги, норози тарафларга шикоят бериш тартиби ва муддати тушунтирилди.

Мавзуга оид