Жамият | 18:21 / 14.05.2019
78674
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон халқ артисти Яйра Абдуллаева оламдан ўтди

Ўзбекистон халқ артисти Яйра Абдуллаева 89 ёшида вафот этди. Бу ҳақда Kun.uz манбаси хабар қилди.

Манба хабарига кўра, актриса Тиббиёт бош бошқармасига қарашли 1-марказий клиник шифохонасининг жонлантириш бўлимида ҳаётдан кўз юмган. 

Яйра Абдуллаева 1930 йил 14 августда Тошкент шаҳрида туғилган. 1950 йилда А. Островский номидаги Тошкент театр ва рассомлик санъати институтини тугатган.  

Актриса ҳаёти давомида юздан ортиқ турли-туман роль ижро этиб, ўз устида тинмай ишлаган забардаст ижодкор сифатида халқ меҳрига сазовор бўлди. У саҳнадаги фаолияти билан бир қаторда кино, телевидение ва радиода ҳам бетакрор роллар ижро этди. Жумладан, “Бой ила хизматчи”да Гулбаҳор, “Стадионда учрашамиз”да Раъно, “Опа-сингил Раҳмоновалар”да Дилдор, “Ҳамза”да Саодат ҳамда биринчи ўзбек телефильми “Азизахон”да Азизахон, “Зайнаб ва Омон”да Зайнаб, “Еттинчи ўқ”да Хоним каби роллари кино санъатимиз ютуқларидан бўлди.

Республика радиосидаги “Театр микрофон олдида”, “Бир актёр театри” каби эшиттиришларда фаол қатнашган актриса қатор радиоспектаклларда ҳам роллар ижро этган. 

Яйра Абдуллаеванинг сермазмун ва самарали ижодий фаолияти давлат томонидан “Ўзбекистон халқ артисти” (1964) унвони, Давлат мукофоти, “Дўстлик”, “Эл-юрт ҳурмати” орденлари билан муносиб тақдирланган.

Kun.uz таҳририяти марҳуманинг оила аъзолари ва яқинларига чуқур ҳамдардлик изҳор этади.