Ўзбекистон | 17:58 / 15.05.2019
15932
2 дақиқада ўқилади

Шавкат Мирзиёев Вагит Алекперовни қабул қилди 

Ўзбекистон Республикаси президенти Шавкат Мирзиёев 15 май куни "Ўзбекистон нефти ва гази" халқаро кўргазмаси тадбирларида иштирок этиш мақсадида мамлакатимизда бўлиб турган «ЛУКОЙЛ» компанияси президенти Вагит Алекперовни қабул қилди. Бу ҳақда президент матбуот хизмати хабар бермоқда.

Давлат раҳбари меҳмонни қутлар экан, мамлакат нефть-газ тармоғида етакчи бўлган ушбу Россия компанияси билан самарали ҳамкорлик изчил ривожланиб бораётганини алоҳида қайд этди. 

Бугунги кунда "ЛУКОЙЛ" компанияси Ўзбекистонда амалга оширилаётган қўшма лойиҳаларга киритган инвестициялар ҳажми 7,5 миллиард доллардан зиёдни ташкил этмоқда.

Ўтган йил апрель ойида ишга туширилган Қандим газни қайта ишлаш мажмуаси лойиҳа қувватига чиқди. "Ҳовузак" ва "Шоди" конлари, шунингдек, Жануби-Ғарбий Ҳисор конлари ўзлаштирилмоқда.

Учрашувда ўзаро манфаатли ҳамкорлик истиқболлари, жумладан, янги инвестиция дастур ва лойиҳаларини тайёрлаш ҳамда «ЛУКОЙЛ» компаниясининг мамлакатдаги фаолиятини кенгайтириш масалалари кўриб чиқилди.

Вагит Алекперов президентга самимий қабул ва қўшма лойиҳаларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаётгани учун чуқур миннатдорлик билдирди.

«ЛУКОЙЛ» компанияси раҳбари Ўзбекистон билан нефть-газ тармоғида узоқ муддатли ва кенг кўламли шерикликни янада ривожлантиришга тайёр эканини таъкидлади.

Мавзуга оид