Андижон вилояти фаоллари иштирокида йиғилиш бўлиб ўтди. Президент 14та туман раҳбарларига бир ҳафта муҳлат берди
Андижонда вилоят фаоллари, вазирлик ва идоралар раҳбарлари, нуронийлар, тадбиркорлар, ёшлар иштирокида йиғилиш бўлиб ўтди.
Унда иштирок этаётган Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Андижон вилояти аҳолисини иш билан таъминлаш, туризм ва қишлоқ хўжалиги соҳаларида олиб бораётган ишларни таҳлил қилиб, янги вазифаларни белгилаб берди.
«Олдимиздаги энг катта масала аҳолини иш ва уй-жой билан таъминлаш. Бунинг учун вилоятга тўғридан-тўғри инвестициялар кўпроқ кириши керак. Бунинг учун инвестицион муҳитни яхшилаш керак, шароитлар бўлиши керак.
Марказда қабул қилинган қарорларга чекка ҳудудларда, маҳаллалардан бошлаб амал қилиниши, улар ҳаётга татбиқ этилиши керак.
Андижон вилоятида ўтган йили амалга оширилган ишлар натижасида инвестициялар ҳажми 19 фоизга ўсган.
Вилоят саноатининг 80 фоизи Андижон ва Асака шаҳарларига тўғри келмоқда, қолган ҳудудларда саноат деярли ривожланмаган. Саноат ривожланмаган 14та туманнинг 4та сектор раҳбарларига бир ҳафта муҳлат берилади. Улар бош вазирга тушунтириш беради - садоқат билан ишлайдими, йўқми? Дунёқараши ўзгарадими йўқми? Бир ҳафта давомида бу раҳбарлар шошилмасдан бугунги ислоҳотлар ҳақида нималар билишини ёзиб беради. Ўзим ўқиб чиқаман. Ўқийманда сизлар кимлигингизга баҳо бераман. Инвестиция нималиги ҳақида қандай тушунчага эга эканликларингни, яна қандай қарорлар чиқариш кераклигини аниқлайман», дея президентнинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.