Жамият | 10:54 / 17.05.2019
24139
7 дақиқада ўқилади

«Йўлимизни очиб беринг!» - Урганч тумани аҳолиси йўл ноқонуний ёпиб қўйилганидан азият чекмоқда

Давлат мулкига нисбатан бўлган ҳурмат бу умумхалқ манфаатига хизмат қиладиган муҳим омилдир. Афсуски сўнгги йилларда бунга эътибор пасайиб кетди. Одамлар яшайдиган ҳудудларда қатнов йўллари, пиёдалар йўлкаси, ариқлар ноқонуний қурилмалар, панжаралар билан тўсилди, умумхалқ мулки ўзбошимчалик билан эгаллаб олиниши ҳолатлари кўпайди. Маҳаллий ҳокимият идораларининг бунга панжа остидан қараши, баъзан ўзи чиқарган ғалати қарорлари натижасида аҳоли орасида кўплаб қарама-қаршиликлар, норозиликлар келиб чиқди.

Бу мақоламизда фуқаро томонидан катта йўлакнинг ёпиб қўйилиши ва бунинг оқибатида келиб чиққан зиддиятлар ҳақида маълумот берамиз.

Урганч тумани, Оқ-Олтин қишлоғи, Боғдорчи маҳалласидаги Боғиравон кўчасида истиқомат қилувчи фуқаролар маҳалладоши томонидан йўлнинг «ноқонуний қурилма» билан тўсиб қўйилганидан азият чекишаётганини таъкидлаб, уни очиб беришда кўмаклашишни сўраб мурожаат қилишди. Бир неча йиллардан бери давом этаётган зиддиятга туман ҳокимлиги томонидан чиқарилган қарорлар сабаб бўлган. Бу борада бир неча суд маҳкамалари ўтказилган бўлса-да, ҳозиргача муаммо ечилмаган ва қарама-қаршиликка барҳам берилмаган.

Маҳалла аҳолиси билан учрашиб, уларнинг фикри ва тафсилотларни ўргандик. Ҳужжатлар билан танишиб, вазият ҳақида баҳоли қудрат хулоса чиқаришга уриниб кўрдик.

2001 йили Боғдорчи маҳалласида истиқомат қилувчи Умида Жуманиязовага якка тартибда турар-жой қуриш учун 700 кв.м. ер ажратиб бериш ҳақида Урганч тумани ҳокимлиги қарор чиқади. Унга Оқ-Олтин жамоа хўжалиги вакиллари умумий йиғилишининг 1998 йил 18 августдаги 3-сонли, 1999 йил 26 февралдаги 1-сонли, 2000 йил 27 июлдаги 3-сонли (шуни эсда сақлаб қолинг) ва 2001 йил 1 мартдаги баённомалари асос қилиб олинган.

2013 йили Умида Жуманиязова 700 кв.м. ерга эгалик қилиш ҳуқуқини Шоназар Сапаевга сотади. Бу ҳақда Шоназар Сапаевнинг Урганч тумани прокуратурасига ўз қўли билан ёзиб берган тушунтириш хати бор.

2013 йил февраль ойида Урганч тумани ҳокимлиги Шоназар Сапаевга 700 кв.м. ер майдонига эгалик ҳуқуқини бериш тўғрисида қарор чиқаради. Бироқ, бунга Юқорибоғ қишлоқ фуқаролари йиғинининг Шоназар Сапаевга ер майдони ажратиш ҳақидаги 1998 йил 3 февралдаги №2/1 сонли баённомаси асос қилиб олинади.

Қизиғи шундаки, Шоназар Сапаев 2013 йилга қадар бу қишлоқда умуман яшамаган (бу ҳақда маҳалла фуқаролар йиғини раиси берган маълумотнома мавжуд). Демак фуқаролар йиғинининг унга ер ажратиш ҳақидаги баённомаси бўлмаслиги керак эди. Бу эса расман ўз тасдиғини топди. Янгибозор тумани давлат архиви берган маълумотномага кўра, Юқорибоғ қишлоқ фуқаролари йиғинининг 1998 йил 3 февралдаги №2/1 сонли баённомаси мавжуд эмас. Урганч тумани ҳокимлиги эса ўз қарорида негадир мана шу «ҳужжат»га асосланган.

Хўш, 2013 йилгача бу маҳаллада умуман яшамаган Шоназар Сапаевга нега мавжуд бўлмаган баённомани асос қилиб, 700 кв.м. ерга эгалик қилиш ҳуқуқи ҳақида қарор чиқариб берилди? Қўлимиздаги бошқа ҳужжатлар бу саволга жавоб топишга ёрдам беради.

2013 йил июнь ойида Урганч тумани ҳокимлиги Умида Жуманиязовага 473,28 кв.м. ер майдонига эгалик қилиш ҳуқуқини тан олиш ҳақида қарор чиқаради. Бунга Оқ-Олтин жамоа хўжалиги вакиллари умумий йиғилишининг 2000 йил 27 июлдаги 3-сонли баённомаси асос қилиб олинади. Аммо юқорида келтирганимиздек, бу баённомага асосан, аввалроқ Умида Жуманиязовага 700 кв.м. ер ажратилган эди.

Хўш, нимага 700 кв.м. ер майдони бирдан 473,28 кв.м.га айланиб қолди? Гап шундаки, Умида Жуманиязованинг эгалик ҳуқуқини Шоназар Сапаевга сотган 700 кв.м. ер ёнидаги йўлакнинг майдони айнан 473,28 кв.м.га тенг. Яъни Урганч тумани ҳокимлиги ўз қарори билан маҳалла аҳолиси йўл сифатида фойдаланиб келаётган ерни Умида Жуманиязова номига расмийлаштирган.

Бу ер йўл бўлгани ҳақида Хоразм вилояти архитектура ва қурилиш бош бошқармаси мутахассисларининг хулосаси ҳам бор. Унга кўра, бу ер участкаси шу ширкат хўжалигида ер тузувчи бўлиб ишлаган Ўринбой Ражабов ва Худоёр Қўлжонов томонидан аҳолининг кириб-чиқиши учун қолдирилган йўл деб кўрсатилган.

Урганч тумани прокуратураси 2016 йил февраль ойида воқеа тафсилотларини ўрганиб чиқиб, Урганч тумани ҳокимлигининг 2013 йил июнь ойидаги Умида Жуманиязовага 473,28 кв.м. ерга эгалик ҳуқуқини бериш ҳақидаги қарорига протест келтирган ва унинг бекор қилинишига эришган.

Шундан сўнг, Умида Жуманиязова Урганч тумани ҳокимлигини судга берган. Аммо, 2016 йил сентябрь ва декабрь ойларида ўтказилган Фуқаролик ишлари бўйича Урганч туманлараро суди Умида Жуманиязованинг 473,28 кв.м. ер майдонидаги қурилиши тугалланмаган иморати «ноқонуний қурилма» деб топган. Натижада у бузиб ташланган ва йўл очилган.

Орадан 2 йил ўтиб, вазият тубдан ўзгаради. 2018 йилнинг декабрь ойида Урганч тумани маъмурий суди ва 2019 йилнинг апрель ойида Хоразм вилояти маъмурий судининг кассация инстанцияси суди Умида Жуманиязованинг Урганч тумани ҳокимлигига нисбатан даъво аризасини қаноатлантиради. Яъни, унинг 473,28 кв.м. ер майдонига эгалик қилиш ҳуқуқи бор деб тан олади.

Шундан сўнг, Урганч тумани ҳокимлиги 2018 йил 15 март куни Умида Жуманиязовага 473,28 кв.м. ер майдонига эгалик қилиш ҳуқуқини тан олиш ҳақида яна бир қарор чиқаради. Ваҳоланки, кассация инстанцияси суди бу иш бўйича келтирилган шикоятни ҳали кўриб чиқмаган эди.

Ҳозирги кунда ёпилган йўлакда иморат қурилиши давом этмоқда. Бундан 50дан ортиқ оилалар, уларнинг фарзандлари азият чекяпти: улар узоқ бўлган ноқулай айланма йўллар орқали ишга, ўқишга, мактабга боришга мажбур. Бундан ташқари, тез ёрдам машинасининг маҳаллага бориши ҳам анча қийинлашган. Аҳоли сўзларига кўра, йўл ёпиб ташланганидан бери чиқинди йиғувчи машиналар ҳам маҳаллага бормай қўйган.

Урганч тумани ҳокимлигининг 2013 йилда чиқарган қарори мана шундай салбий оқибатларга олиб келган. Дастлаб Умида Жуманиязовага 700 кв.м. ер майдони ажратиб берилганидан сўнг, бу ер майдони Шоназар Сапаев номига мавжуд бўлмаган баённома асосида расмийлаштирилган. Умида Жуманиязовага эса аҳоли фойдаланиб турган йўлакдан қўшимча равишда 473,28 кв.м. ер майдони ажратилган. Натижада йўлак ёпилиб, унга фуқаро томонидан иморат қуриб юборилган.

Маҳаллий ҳокимият одамларнинг давлат мулкига, яъни умумхалқ фойдаланадиган мулкка нисбатан ҳурматини тиклаши, қатнов йўллари, пиёдалар йўлкасини ноқонуний қурилмалар, панжара ва тўсиқлардан тозалаши, ўзбошимчалик билан давлат мулкига зарар етказаётган шахсларга нисбатан қонуний чораларни қўллаши керак бўлган вазиятда, афсуски ўз қарорлари билан вазиятни чигаллаштириб юборганини кўрмоқдамиз. Бир нарсани яхши тушуниб олишимиз керак, агар давлат мулкига бўлган ҳурмат тикланмас экан, бунда нафақат давлатнинг, балки барча аҳолининг манфаати ҳам топталган бўлади.

Нурмуҳаммад Саид

Мавзуга оид