Жаҳон | 17:00 / 19.05.2019
23039
6 дақиқада ўқилади

Австрия ҳукуматида парокандалик. Ҳаммасига партия раҳбарининг «россиялик аёл» билан учрашуви сабаб

Австрия канцлери Себастиан Курц мамлакат президентига тезда парламент сайловларини ўтказиш борасида мурожаат билан чиқди. Бунга «Озодлик» партияси раҳбари ва вице-канцлер Хайнц-Кристиан Штрахенинг россиялик экани тахмин қилинаётган номаълум аёл билан хуфиёна учрашгани ҳақидаги видео тарқалиши сабаб бўлди.

Видеога кўра, Штрахе Австрия нашрлари россиялик деб атаётган аёлдан ўз партиясини қўллаб-қувватлашни сўраган ва бунинг эвазига сиёсатчи унга қурилиш соҳасидаги давлат буюртмаларининг бир қисмини беришни ваъда қилган.

Канцлер Себастиан Курц Штрахе билан ишламаслигини маълум қилди

Канцлер Себастиан Курц бу видео тарқалиб кетгач, бундан буён Штрахе билан ишламоқчи эмаслигини маълум қилди: «Президентга навбатдан ташқари сайловлар ўтказишни таклиф қилдим. Бу видеодан кейин бир нарсани айтишим мумкин: жонимга тегди...».

«Бу видеони ўзимга нисбатан ҳақорат деб қабул қилдим. Лавозимини суиистеъмол қилиш, солиқ тўловчиларнинг пулларини ўз манфаатлари йўлида фойдаланишни кечириб бўлмайди», дея қўшимча қилди канцлер.

Президент Александр Ван дер Беллен навбатдан ташқари сайловлар ўтказилиши маълум қилди

Австрия президенти Александр Ван дер Беллен ҳам муддатидан олдин сайловлар ўтказишни маъқуллади. Сентябрь ойида мамлакатда навбатдан ташқари парламент сайловлари ўтказилади.

«Русча аралашув»
Австрияликларнинг ғазабини қўзғатган видеода чиндан ҳам жиддий гаплар айтилган. Вице-канцлер Хайнц-Кристиан Штрахе Австрия нашрлари рус эканига шубҳа қилмаётган аёл билан ширакайф ҳолатда гаплашган. «Озодлик» партияси раҳбари ҳисобланган ушбу сиёсатчи ўзини россиялик олигархнинг жияни деб таништирган аёлга қандайдир ҳукумат шартномаларини қўлга киритишда ёрдам беришини айтган.

Аёлга давлат буюртмаларини олиб беришни таклиф қилган Штрахе худди Венгрия бош вазири Виктор Орбан каби медиа борасида устунликни хоҳлаётганини айтади. Орбан Венгрия мухолифати газетасини ёпиб қўйганди. Аёл Австриянинг энг катта газетаси ҳисобланган «Kronen Zeitun» акцияларининг ярмини сотиб олишни ва нашрни «Озодлик» партиясини қўллаб-қувватлашга ундашини айтади. «Kronen Zeitun» 1900 йилдан буён фаолият кўрсатиб келаётган нашр бўлиб, ҳар кунги адади 1 миллиондан ортиқни ташкил этади.

Видеода вице-канцлер «Kronen Zeitun»даги ташвиқотлар «Озодлик» партияси рейтингини 34 фоизга оширишини тахмин қилаётганини айтади: «Хоним, «Kronen Zeitun» назоратини сайловдан уч ҳафта олдин қўлга киритиб, сайлов кампанияси давомида бизга ёрдам берсангиз, бу ҳақда (ўзаро келишув ҳақида - таҳр.) гаплашсак бўлади».

Штрахе «россиялик аёл»га «Strabag» корхонасининг барча буюртмаларини ҳам таклиф қилади. Бу корхона Европадаги энг йирик қурилиш корхоналаридан бири ҳисобланади. «Strabag» олаётган барча буюртмалар сизники бўлади», дейди ширакайф сиёсатчи мақтанчоқлик билан.

Бу учрашув 2017 йили Ўрта Ер денгизидаги машҳур Ибица оролида бўлиб ўтган. Ўша йилнинг кузида Австрияда парламент сайловлари ўтказилган ва унда «Озодлик» партияси тўпланган овозлар бўйича 3-ўринни қўлга киритган. Австрия нашрлари ва йирик сиёсатчилар «Озодлик» партияси фавқулодда кўп овоз олишида «русча аралашув»нинг ўрни катта эканини айтишмоқда. Юқоридаги суҳбат давомида Штрахе партиясининг россиялик бойвачча валинеъматлари ҳақида гапиргани «русча аралашув» ҳақидаги фаразларни тасдиқлаши мумкин.

«Маст эдим, мен маст эдим...»

Хайнц-Кристиан Штрахе истеъфога чиқди
Фото: epa/vostock-photo

Видео «қаҳрамони» Хайнц-Кристиан Штрахе қилган ишларидан уятда эканини айтди. «Мен айтган гаплар шунчаки ҳалокат. Ҳа, бу аҳмоқлик. Ҳа, бу хато. Ҳа, бу шармандалик»,- дейди суҳбат вақтида маст бўлганини иддао қилаётган Штрахе.

Унинг айтишича, ичиб олган ҳар қандай эркак аёлларга мақтанади ва унинг видеодаги ҳолати «ширакайф эркакнинг хушомадгўйлик билан мақтаниши»дан бошқа нарса эмас. Штрахе партия раҳбарлигидан кетишини эълон қилди. Унинг ўрнини транспорт вазири Норберт Хофер эгаллайди. Штрахенинг ёрдамчиси, видеода «иккинчи даражали ролни ижро этган» Йоханн Гуденус ҳам ҳукуматнинг ҳеч қайси лавозимида ишламаслигини маълум қилди.

Австрияда аллақачон намойишлар бошланиб кетди. Одамлар канцлерни ҳам танқид қилишмоқда. «Себастиан, бу сен тузган ҳукумат ва унинг ҳолати сенинг виждонингга ҳавола»,- деб бақиришмоқда намойишчилар.

Миллатчи партия
«Озодлик» партияси миллатчи ва муҳожирларга қарши экани билан танилган маълум даражадаги радикал партия ҳисобланади. Бу партия Россия ҳукумати билан яқин алоқаларда экани айтилади. Партия раҳбарлари ва хусусан Штрахе ҳам бир неча марта Россияда бўлишган. Бу партия Қримни Россиянинг қонуний қисми деб тан олгани ҳам бу давлат билан қанчалик яхши алоқалари борлигига ишора қилади. 2016 йилда Россиянинг ҳукмрон партияси Австриянинг «Озодлик» партияси билан келишув шартномасини ҳам имзолаган.

Дарвоқе...
Австрия ҳукумати ҳамда Россия ўртасидаги муносабатлар ҳақида гапирганда ўтган йил бўлиб ўтган воқеани эслаш керак. Австрия ташқи ишлар вазири 45 ёшли Карин Кнайсль ўтган йил август ойида турмушга чиққан ва тўйига Россия президенти Владимир Путинни таклиф қилганди. Тўй маросими Путиннинг кечикиб келгани боис бир муддат кечроққа ҳам сурилганди. Путин тўйда қатнашиши билан бирга келин билан рақсга тушишга ҳам улгурганди...

Мавзуга оид