Зоминдаги 50 йилча аввал бунёд этилган 50-мактаб тобора тўкилиб бормоқда: масъуллар сукутда
Kun.uz таҳририятига Жиззах вилояти, Зомин тумани, Даштобод шаҳарчасида истиқомат қилувчи бир гуруҳ юртдошларимиз 50-умумтаълим мактабида фарзандларининг таълим олишлари учун шароитлар оғирлиги ҳақида мурожаат йўллашди.
Унда мактаб 1973 йилда қурилиб фойдаланишга топширилганидан буён таъмирланмагани, синфхоналар, мактаб атрофи аянчли аҳволдалиги, бу ерда таҳсил олаётган ўқувчилар эски, яроқсиз аҳволга келиб қолган ўқув жиҳозларидан фойдаланаётгани баён қилинган.
Мактабдаги вазият билан яқиндан танишдик. Таълим муассасасига кириб борар экансиз, кириш йўлаклари ўта абгор ҳолдалиги ва ободонлаштириш ишлари ўлда-жўлдалиги, мактаб ҳовлисида бегона ўтлар ўсиб ётгани кишида нохуш таассурот қолдиради.
Биз ҳали шароитлар ҳақида тўхталмадик. Фақатгина бажарилиши маблағ ва кўп вақт талаб қилмайдиган оддий юмушлар.
Нимқоронғу йўлаклар...
1973 йилда 950 ўринга мўлжаллаб қурилган таълим масканида бугунги кунда 1500 нафардан зиёд ўқувчи таҳсил олади. Уларга 95 нафар ўқитувчи таълим беради. Нимқоронғу йўлаклар, синиқ ва «очилса қайтиб ёпилмайдиган эшиклар», мутлақо яроқсиз жиҳозлар, кўринишидан «дунё харитаси»га ўхшаб кетадиган парталар, бир қаватли ойналар, ҳар йили бўялавериб, арчилиб, тўкилиб, шишиб кетган дераза ромлари «эллигинчи йиллар»да ташкил топиб шу кўйи музейга айлантирилган мактаб биносини эслатади.
Синфхоналаридан бирига кириб девор бўйлаб бир текисда қўйилган парталар ортида қалдирғочдек тизилиб дарс ўтаётган ўқувчиларни кўриб, аввалига ўқитувчи дарсни интерфаол усулларда олиб боряпти, деган ўй ҳам ўтди кўнгилдан. Афсуски, ўқувчиларнинг бу ҳолатда дарс ўтишига ўқув инвентарлари етишмаслиги сабаб экан. Курсиларни бир-бирига бирлаштириш эвазига дарс тинглаётган болаларга енгиллик шуки, улар 45 дақиқа тик ҳолатда туришмайди. Тиқилинч бўлса ҳам ўтирибди-ку, шуниси ҳисоб... Бир партага тўрт киши ҳам сиғаркан-ку… кўнгил кенг бўлса беш киши ҳам сиғар...
Эътиборингизга тақдим этилаётган суратларда шу мактабнинг юқори синфларидан биридаги дарс жараёни акс эттирилган. Тасвирдаги парта ва ўқув жиҳозларининг аҳволига қараб, мактаб ташкил этилганидан буён бу масканга янги жиҳозлар сотиб олинмаган, деган фикр туғилади.
— Мактабимизда бугунги кунда 95 нафар педагог фаолият кўрсатади. Уларнинг 16 нафари олий тоифали, 24 нафари 1-тоифали ўқитувчилардир. Шуни фахр билан айта оламанки, бугунги кунда таълим масканимиз Зомин туманидаги 72та мактаб орасида яхши кўрсаткичларга эга. Яширишнинг ҳожати йўқ, мактабимиз чиндан ҳам анча таъмирталаб. 2009 йилда 150 миллион сўмга жорий таъмирлаш бўлган, аммо кўриб турганингиздек, бу ерда айтарли ҳеч бир иш қилинмаган. Дераза ромлари, эшиклар, ўша — 70-йилларда қандай қўйилган бўлса шу ҳолича қолиб кетган.
Мактаби биноси йўлаклардаги пол қисми чўкиб боряпти. Бугунги кунда мактаб биносининг бошланғич синф ўқувчилари таълим оладиган қисми тўлиқ капитал таъмирдан чиқариляпти. Бу лойиҳага 1,5 миллиард сўм маблағ ажратилган.
Ростини айтсам, ўқув йили бошида биз билан суҳбатлашган масъул раҳбарлар мактабимиз тўлиқ таъмирдан чиқарилишини ва бунинг учун 4 миллиард сўм маблағ ажратилаётгани, таълим маскани таниб бўлмас даражада ўзгариб, замонавий қиёфа касб этишини айтишганида, жуда қувонган эдик. Афсуски, умидларимиз пучга чиқди.
Бу йил мактабнинг бошланғич синфлари ўқийдиган қисми таъмирланадиган бўлди. Бизга ички имкониятлардан келиб чиқиб, жорий таъмирлаш йўлга қўйилишини билдиришди. Ўзингиз айтинг, ҳомийлик асосида нима ҳам қила олардик? Айтишга осон: менимча, маҳаллий ҳокимлик ва халқ таълими бўлимидагилар бироз қўллаб юборишса, балки мактабимиз таниб бўлмайдиган даражада ўзгарар, ўша шаҳар мактабларидагидек зўр шароитларга эга бўлар, — дейди мактаб директори Улфат Холиқов.
Қарийб эллик йил олдин барпо қилинган таълим даргоҳида ичимлик суви муаммо. Иситиш тизими ва ҳожатхона ҳақида гапирмаса ҳам бўлаверади. Мактабнинг бошланғич синфлари дарс ўтадиган қисмини таъмирлаш ишлари «Ҳирот Сервис» хусусий корхонасига топширилган ва бу жараён учун давлат бюджетидан 1,5 миллиард сўм ажратилган. Таъмирлаш ишлари жорий йилнинг 24 августига қадар тугатилиши шарт.
— Ушбу қурилиш ишларини август ойига тугатамиз, деб турибмиз. Иш бошланганига 20 кунлар бўлиб қолди. Лойиҳага ҳожатхона киритилмаган. Мактабга имкони борича ёрдам бериб сифатли таъмирлашни йўлга қўямиз. Йўлак қисмларини таъмирлашни ўзимизнинг ҳисобимиздан қиламиз. Аммо «эскини ямаб, эсинг кетади», дейишади-ку. Бизга қолган корпусларни ҳам бўяб, сал эпақага келтириш юклатилган. Лекин вазиятдан келиб чиқиб ҳаракат қиламиз, — дейди корхона иш бошқарувчиси Дилшод Абдураҳмонов.
Масъуллар сукутда...
Билим маскани деворлари ёрилиб, нураб кетган. Айниқса, учини корпус деворлари таъмирталаб йиллар давомида оҳакланавериб, тегинсангиз кўчиб тушадиган аҳволга келгани ачинарли. Бу ерда ювиниш хоналари, вентиляция тармоғи ҳақида фақат орзу қилиш мумкин. Мутасаддилар эса ушбу нохуш ҳолатни сукут сақлаш билан изоҳлашди.
— Кўрганингиздек, мана яқинда мактабимизда қурилиш-таъмирлаш ишлари бошланди. Албатта, камчиликлар кўп. Лекин мактабнинг бошланғич синф ўқувчилари таълим оладиган бинолари таъмирдан чиқиши билан қолган корпуслар ҳам таъмирга тушади, — дейди Зомин тумани халқ таълими бўлими мудир муовини Қаҳрамон Йўлдошев
Шинам ва кўркам, барча шарт-шароитлар яратилган мактабда ўқишга нима етсин? Бир партада тўртовлон ўтириб дарс тинглаётган даштободлик болалар ҳам кенг ва ёруғ синфхоналарда таълим олишни орзу қилишади.
Агар «дунё иморатлари ичида энг улуғи — мактаб» бўлса уни таъмирга муҳтожлигини билатуриб «сукут» сақлаётган ва зиммасига юкланган вазифаларга масъулиятсизлик билан ёндашаётган, «қиламиз», «албатта бажарамиз», «бўлади», дея аравани қуруқ олиб қочаётган масъулларни ким деб аташ мумкин?! Бу масалага вилоятдаги ва тумандаги мутасадди раҳбарлар эътибор қилиб, ечим топишига умид қиламиз.
Гулчеҳра Шарипова,
Kun.uz мухбири.
Мавзуга оид
16:39 / 28.12.2024
Путин рус тилини билмайдиган мигрант болаларини мактабга қабул қилмаслик тўғрисидаги қонунни имзолади
10:10 / 27.12.2024
Зомин аэропорти 27 декабрдан рейсларни қабул қилишни давом эттиради
18:24 / 25.12.2024
Зомин аэропорти фаолияти вақтинча тўхтатиб турилгани маълум қилинди
15:02 / 25.12.2024