Жаҳон | 14:20 / 22.05.2019
48571
7 дақиқада ўқилади

Аллақачон давом этаётган уруш. АҚШ ва Эрон ўртасида қуролли тўқнашув бўлиши ҳақиқатга яқинми?

Фото: Reuters

АҚШ президенти Дональд Трамп твиттерда Эронга қарши уруш қандай оқибатларга олиб келиши мумкинлигини ёзди.

«Эрон биз билан урушмоқчи бўлса, бу улар учун якун бўлади. АҚШга таҳдид қилиш яхшиликка олиб келмайди», деди Трамп уруш бўлса, АҚШ Эронни кунпаякун қилажагига ишора қилиб.

Бу икки давлат бир-бирини ҳар хил чиқишлар орқали қўрқитишни хуш кўришади.

Сарлавҳада Эрон ва АҚШ ўртасида аллақачон уруш кетаётгани айтилди. Бу бўрттириш эмас. Икки мамлакат ўртасидаги муносабатларнинг таранглигига бошқача ном бериш қийин. АҚШ Эроннинг терроризмга ҳомийлик қилаётгани ва бу давлатдаги ядро қуроли инсоният учун хавфли эканини айтиб, турли санкциялар қўллаб келса, форслар АҚШнинг агрессорлигини иддао қилишади. Бошқа фронтларда давом этаётган уруш қуролли тўқнашувга айланишини кутиш мумкинми? Бу қанчалик ҳақиқатга яқин?

Трамп Эроннинг ядро қуроли ишлаб чиқаришига йўл қўймаслигини айтди. Шу билан бирга, АҚШ етакчиси Эрон билан уруш ҳолати юзага келиши мумкинлигини истисно қилди.

«Мен уруш ковлайдиганлардан эмасман. Уруш бўлиши хоҳламайман, чунки у иқтисодга катта зарар келтиради. Бундан ташқари, урушда одамлар ўлади ва бу энг ёмони», деди Трамп Fox News каналига интервью берар экан.

Аммо унинг ҳаракатлари вазиятни юмшатишга хизмат қилмаётгани ҳам бор гап. Масалан, АҚШ Форс кўрфазидаги ҳарбий кемалар сонини оширгани яхши оқибатларга олиб келмаслиги аниқ.

Шу ўринда Эрон ҳам урушни хоҳламайди. Мамлакат ташқи ишлар вазири бу борада Эроннинг позициясини киборлик билан эълон қилинган баёнотида маълум қилди: «Уруш бўлмайди, чунки биз буни хоҳламаймиз. Минтақада биз билан зиддиятга боришга жазм қиладиганлар йўқ».

Вазият нега таранглашди?

Эроннинг ядро қуроли учун хомашё ҳисобланган уран қазиб олиш ва уни бойитишни тиклашини маълум қилгани икки мамлакат муносабатларини ёмонлаштирди. Бундан ташқари, Форс кўрфазининг БАА ҳудудий сувларида турган 4та танкер номаълум томоннинг ҳужумига учради. Бу воқеалардан бир неча кун аввал АҚШ Эроннинг савдо кемаларига ҳужум қилишидан огоҳлантирганди. Бу воқеалар АҚШ Эрон билан ядро келишувидан чиқиши ортидан содир бўлди.

Ироқлик ҳарбийлар 19 май куни кўрфаз томондан Ироқ ҳудудига ракеталар учиб келганини маълум қилишди. Ракеталар Бағдоддаги АҚШ элчихонаси ёнидаги бўш ерга бориб тушган. Бу ракеталар нима мақсадда отилганини тушуниш қийин эмас.

120 минг аскар нега керак?

АҚШ Яқин Шарққа қўшимча 120 минг пиёда аскар юбориши мумкинлиги айтилганди. Трамп буни рад этди, аммо минтақадаги ҳолатдан келиб чиқиб, бу маълумотнинг ҳақиқат бўлиши ҳам эҳтимолдан йироқ эмас. АҚШ учун Яқин Шарқ давлатига қўшин олиб кириш янгилик эмас. 2003 йилда АҚШ Ироққа бутун бошли қўшин билан кирганди. Норасмий маълумотларга кўра, ўшанда 160 мингга яқин америкалик аскар Ироққа олиб кирилган. Аммо Эрон Яқин Шарқнинг энг йирик ва энг қудратли давлати. Шу боис, АҚШ Эронга ёки унинг атрофидаги бошқа давлатга бу қадар катта қўшин олиб киришдек таваккалчиликка бориши қийин.

Ракета зарбаларидан сўнг америкалик дипломатларга Ироқни вақтинча тарк этиш айтилгани ҳам бежиз эмас. Ҳудудда Эронни қўллайдиган радикал гуруҳлар борлиги аниқланган ва ўзининг минтақадаги вазиятидан хавотирга тушган АҚШ тезда чора кўришга тушди. Мамлакатдаги нотинчлик сабаб Нидерландия ва Германия ҳарбийлари ҳам Ироқдаги машғулотларини тўхтатишга мажбур бўлишган. Эронга қарши баёнотга нефть қувурлари дронлар ҳужумига учраган Саудия Арабистони ҳам қўшилди. Саудиядаги нашрлардан бири АҚШни Эронга қарши зарбалар беришга ҳам чақирди.

Эроннинг ҳам тоқати тоқ бўлган...

Эрон айни дамда жуда қийин иқтисодий ҳолатга тушиб қолган. Мамлакат президенти Ҳасан Руҳонийнинг айтишича, бугун Эрон 1980-йиллардаги Ироқ билан урушдагидан ҳам ёмонроқ ҳолатда.

«Уруш вақтида бизда ҳозирги каби нефтни сотиш, экспорт ёки импорт учун муаммо йўқ эди. Фақат қурол-яроқ сотиб олишда қийналганмиз, холос», дейди Руҳоний ҳозирги ҳолат ёмонроқ эканига ишора қилиб.

Ўтган йили Дональд Трамп икки мамлакат ўртасидаги келишувдан бир томонлама чиқиб кетганидан сўнг Эронга нисбатан санкциялар кўпайди. Санкцияларнинг энг асосийси Эрон нефтига қаратилган ва бу хомашё савдоси мамлакат иқтисодиётининг катта қисмини ташкил қилади. Бундан ташқари, АҚШнинг йирик корхоналарига Эрон билан тўғридан-тўғри алоқа қилиш тақиқланган. Дунёнинг бошқа давлатларидаги АҚШ билан алоқаси яхши бўлган йирик корхоналар ҳам ўз-ўзидан Эрон билан савдо алоқаларидан воз кечган.

Халқаро валюта фонди Эроннинг 2019 йилги ЯИМи 6 фоизга тушишини прогноз қилган. Бироқ бу кўрсаткич санкциялар кескинлашишидан аввал қайд этилган ва янги кўрсаткичлар анча паст бўлиши тахмин қилинмоқда. Чунки, яқинда санкциялардаги истиснолар ҳам олиб ташланди. Хитой, Ҳиндистон, Япония, Жанубий Корея ва Туркия каби ишлаб чиқариши Эрон нефтига боғлиқ бўлган давлатлар санкциялардаги «истисно» бандига кўра Эрондан нефть олиши мумкин эди. Аммо Эрон энди бу давлатларга ҳам «қора олтин» сота олмайди.

АҚШнинг яна икки ҳаракати Эрон сиёсатчилари, хусусан оятуллоҳнинг «асабини қитиқлади». Давлат департаменти Эрон ислом инқилоби соқчиларини, яъни мамлакатнинг энг қудратли қўшинларини террористик ташкилотлар рўйхатига киритди. Ўзининг асосий армия қўшинларига нисбатан бу муносабатни Эрон томони турган гапки ҳақорат деб қабул қилди. Бундан ташқари, Эрон АҚШнинг Ҳурмуз бўғозини ёпиб қўйишга уринаётганидан дарғазаб бўлмоқда. Ахир бу нефть савдоси учун минтақадаги энг катта йўлак ҳисобланади. Бутун дунёдаги нефть хомашёсининг нақ 20 фоизи айнан мана шу бўғоз орқали ўтади.

Хуллас, Эрон ва АҚШ ўртасидаги муносабатлар борган сари таранглашмоқда. Бу эса шундоғам узоқ йиллардан буён сиёсий барқарорликдан мосуво бўлаётган Яқин Шарқ учун яхшилик олиб келмаслиги аниқ...

Мавзуга оид