«Зеленскийнинг дўстлари». Янги президент илк тайинловларни амалга оширди. Улар кимлар?
21 апрель куни Украинадаги президентлик сайловларида ғалаба қозониб, 20 май куни қасамёд қабул қилиб, лавозимга киришган Владимир Зеленский президентлигининг учинчи кунида, 22 май куни қатор тайинловлар амалга оширди, хусусан, ўз администрациясига янги раҳбар ва Украина Қуролли кучлари бош штабига янги бошлиқ тайинлади.
Фармонларда Зеленский президент бўлишидан аввал асосий юлдузи бўлган «Квартал 95» студияси асосчиси, олигарх Игорь Коломойскийга алоқадор юрист ва Иловайск яқинидаги жангларда украиналик ҳарбийларга қўмондонлик қилган генерални учратиш мумкин. Би-би-си Украина ҳукуматидаги илк тайинловлар ҳақида маълумотлар тўплади.
Президент администрацияси раҳбари - Андрей Богдан
Украина сиёсатида бу лавозимнинг аҳамияти ва даражаси давлат раҳбари кимлигига ва маъмурият раҳбари шахсига қараб доимо ўзгариб турган.
Леонид Кравчук вақтида президент администрацияси раҳбари бўлган Николай Хоменкони администрациядан ташқарида деярли ҳеч ким танимасди. Виктор Балога ҳақида эса шундай ҳазил гап юрарди - «Виктор Юшченко унинг администрациясида президент бўлиб ишлайди».
Катта эҳтимол билан катта сиёсий тажрибага эга бўлмаган Владимир Зеленскийнинг президентлиги даврида президент администрацияси раҳбари лавозимининг аҳамияти салмоқли бўлади - Андрей Богданнинг бу лавозимга тайинланиши янги ҳукумат конфигурациясидаги (қиёфаси) муҳим нуқталардан биридир.
Андрей Богдан - 42 ёшда, у профессионал юрист, адвокат. У Владимир Зеленский билан кўп вақтлардан буён таниш, президент уни яқин ўртоғи деб атайди. Богдан «Украинская правда» учун берган интервьюсида 2014 йил охирида ва 2015 йил бошларида таниқли комик актёрни сиёсатга ўтишга ундаганлардан бири бўлганини айтиб ўтган.
Сайловолди кампанияси даврида Богдан доимо Зеленскийнинг штабида бўлган, у Олимпийский стадионида Петро Порошенко билан ўтказилган дебат вақтида ҳам қўллаб-қувватловчилар гуруҳининг олдинги қаторида эди.
«Бу одам ҳужжат ишини пухта билади - қайси қоғозларни топшириш ва қайсисини топширмасликни», деганди унинг штабдаги роли ҳақида гапира туриб янги президентнинг яқин тарафдори Сергей Шефир.
Богдан - Украина сиёсатида янги фигура эмас. У 2004 йилдан буён Украина президентлиги учун ўтказилган барча сайловларда сайловолди кампанияларида иштирок этган. Виктор Юшченко президентлиги даврида у Адлия вазирининг коррупцияга қарши кураш масалалари бўйича ўринбосари бўлган. У ҳукуматдаги кўплаб ҳамкасбларидан фарқли равишда Януковичнинг ғалабасидан кейин ҳам ҳукуматда қолган: Николай Азаров тузган ҳукуматда у коррупцияга қарши сиёсат бўйича комиссар лавозимини эгаллаган.
Украинадаги айрим нашрлар Богданни Игорь Коломойский номи билан боғлашади ва уни Украинанинг энг йирик олигархнинг адвокати сифатида билишади. 2014 йилда у Днепропетровск вилояти губернатори Игорь Коломойскийнинг маслаҳатчиси бўлган. Кейинроқ Коломойскийнинг яқин одамларидан бири, молиявий жиноятларда айбланган Геннадий Корбанга адвокатлик қилган.
«Украинская правда» учун берган интервьюсида Богдан айни вақтда бир жиноий ишда Коломойскийга адвокатлик қилаётганини айтган ва олигархни «Украинанинг ҳақиқий ватанпарвари» деб атаганди. Шу билан биргаликда, апрель ойи охирида, сайлов натижалари маълум бўлгач, у янги ҳукуматда лавозим олса, ҳар қандай адвокатлик фаолиятини тўхтатишини ва бундан кейин унинг Коломойский билан алоқалари бўйича шубҳалар асоссиз бўлишини маълум қилган.
Би-Би-си суҳбатдоши Андрей Богданни ҳамиша ҳам одоб билан муомала қилмайдиган, қўпол, ҳар қандай музокараларда агрессив ҳаракатланувчи менежер сифатида таърифлаган.
Лавозимга тайинланганидан кейин берган биринчи интервьюсида Богдан Зеленскийнинг администрациясига сиёсий маҳбусларни озод этиш масаласи бўйича махсус вакил изланаётгани ҳақида гапирди. У ҳали янги президентнинг илк хорижий сафари қайси давлатга амалга оширилиши бўйича қарор қабул қилинмагани, бир неча таклифлардан бири танланиши ҳақида маълумот берди.
Шу кунларда ижтимоий тармоқларда Богданнинг «Россия билан тинчлик келишувига эришиш» бўйича таклифи муҳокама қилинмоқда. Богданнинг баёнотидаги ноаниқликлар, баёнот Украинанинг референдум ҳақидаги қонунига мос эмаслиги кўплаб эътирозлар ва Украинанинг янги маъмурияти «таслимчилик»ни маъқул кўраётгани ҳақидаги тахминларни пайдо қилмоқда.
Ва ниҳоят Богданнинг тайинланишига асосий эътироз - люстрация нормалари. Бу нормага кўра, Виктор Янукович президентлиги вақтида вазир ўринбосари даражасидаги лавозимда ишлаган одам кейинги президентлар даврида президент администрацияси раҳбари бўлиши баҳслидир. Богданнинг ўзи эса ўзининг бу лавозимга тайинланишини қонунга зид эмас деб баҳолаган.
Биринчи ёрдамчи - Сергей Шефир
Украинада президент администрацияси раҳбари давлат менежменти, президент ўз конституцион мажбуриятларини бажаришини таъминлаш билан шуғулланса, биринчи ёрдамчи «президент сояси» ҳисобланади. У президентнинг ишчи графигини тузади, ташриф буюрувчилар рўйхатини шакллантиради, учрашувлар вақтини белгилайди - у президент қабулига кириш учун канал.
Бу лавозимга Зеленский ўзининг яқин дўсти, 54 ёшли Сергей Шефирни тайинлади. Маълумотларга кўра, айнан у укаси Борис билан биргаликда Зеленскийни «Запорожье - Кривой Рог - Транзит» жамоасига таклиф этган ва бу жамоа кейинчалик КВНнинг олий лигасида ғолиб чиққан.
Киевдаги «theБабель» нашри ёзишича, ака-ука Шефирлар Москвада Зеленский билан битта квартирада яшаган. Киевга қайтишгач, улар биргаликда «Квартал 95» студиясига асос солишган ва бу лойиҳа вақт ўтиб кўп миллионли бизнесга айланган.
Зеленскийнинг Шефирларга яқинлиги ҳақида гапирилганда, у президент бўлгач «Квартал»даги улушини айнан уларга ўтказиб бергани фактини келтиришади.
Сергей Шефир президент администрацияси раҳбарлиги учун асосий номзодлардан бири эди, аммо унинг ўзи бу креслода «чуқур юридик билимга эга бўлган» одам ўтириши кераклигини айтган.
«Мен лавозим ва портфелларга бефарқман, аммо мен Зеленскийга бефарқ бўлолмайман. Мен ўзимнинг вазифамни нималарда кўрмоқдаманми? Истайманки, у сиёсатчилигида ҳам одам бўлиб қолсин. Менимча, энг асосийси шу. Мен қаерда керак бўлсам, ўша ерда бўламан, биламанки, у мени ташлаб қўймайди», деганди у президентлик сайловларининг иккинчи туридан кейин.
Бундан ташқари, Зеленский ўз фармони билан яна бир қанча маслаҳатчилар ва давлат органларининг бошқа масъулларини тайинлади.
Руслан Стефанчук - собиқ «КВН»чи ва юридик фанлар доктори - Зеленский штабида ўзини «асосий идеолог» деб атарди. Украина нашрлари Стефанчук сайловолди кампанияси даврида президент жамоаси учун биринчи навбатда зарур бўладиган қонун лойиҳаларини ишлаб чиқувчи гуруҳга куратор бўлганини ёзишади. У президент маслаҳатчиси ва президентнинг Олий Рададаги махсус вакили этиб тайинланди.
Андрей Герус - Энергетикани тартибга солиш бўйича миллий комиссиянинг собиқ аъзоси, кейинроқ Электр энергияси истеъмолчилари уюшмаси раҳбари. Сайловолди кампанияси вақтида «Зеленский жамоаси»нинг энергетика, тарифлар, коммунал хизматлар ва бошқа масалаларга жавоб берувчи эксперти сифатида намоён бўлган. Сўровлар натижаларига кўра, коммунал тарифлар сайловчиларнинг талабларига мос даражада пасайтирилган.
Чоршанба куни Андрей Герусни президентнинг Вазирлар Маҳкамасидаги вакили этиб тайинлашди.
Президентнинг яна бир маслаҳатчиси Михаил Федоров бўлди - у Зеленскийнинг сайловолди кампаниясида дижитал йўналишдаги куратор эди.
Президент администрациясига ўринбосарлар
Анъанага кўра Украина президенти администрацияси раҳбари ўринбосарлари профил тамойилида тайинланади: ички, ташқи, гуманитар сиёсат, куч ишлатар блок ва бошқалар бўйича алоҳида ўринбосарлар.
Зеленскийнинг 21 май кунги фармони бу тамойилларга мос келмайди - янги тайинловлар «Квартал 95» Банковая кўчасига кўчиб ўтди» қабилидаги ҳазил тарқалишига асос бўлди.
Президент маъмурияти раҳбарининг биринчи ўринбосари «Квартал 95» студиясининг собиқ ижрочи директори Сергей Трофимов бўлди.
«Жуда қувноқ ва тентак, шунинг учун денгиз пиёдалари қўшинида хизмат қилган... ёки хизмат қилган ва шунинг учун... Жиддий айтадиган бўлсак, Сергей - ҳар қандай йўл билан бўлсада ўз мақсадига эришадиган йигит», дея ёзилган у ҳақда «Квартал 95» сайтининг «Их не видно» бўлимида. Унга Зеленский штаби менежментининг асосий фигураларидан бири сифатида президент администрацияси раҳбарлиги учун номзод деб қарашаётганди.
Ундан ташқари, давлат раҳбари администрациясига яна 4 нафар ўринбосар тайинланди.
Юрий Костюк - Владимир Зеленский бош ролни ижро этган «Слуга народа» сериали сценарийнависи ва ижодий продюсери.
«Креатив, медиа, яъни, фантазия учун барчаси муҳайё... Умуман олганда, қўлдан келганча ёрдам бераман», деган у «Украинская правда»га берган интервьюсида Зеленский кампаниясидаги ўрни ҳақида гапира туриб.
Кирилл Тимошенко - сиёсий ва ижтимоий рекламалар олишга ихтисослашган GoodMedia телепродакшеннинг 30 ёшли асосчиси. Унинг машҳур бўлиб кетган маҳсулотлари қаторида Петро Порошенконинг 2014 йилги инаугурацияси трансляцияси, қаҳрамонлари олигарх губернатор Игорь Коломойский ва унинг жамоаси бўлган «Днепр учун жанг» фильми, Порошенконинг яқин сафдошларидан бири Игорь Кононенко ҳақидаги пиар-фильм бор. Украина нашрлари маълумотига кўра, Тимошенконинг компанияси Зеленскийнинг сайловолди кампанияси вақтида видеороликлар тайёрлаш учун жалб қилинган.
Руслан Рябошапка - 43 ёшли юрист, Адлия вазирлиги ва ҳукумат котибиятида узоқ йиллар давомида турли лавозимларда ишлаган. 2016 йилда Коррупциянинг олдини олиш миллий агентлиги таркибига кирган. Бу янги орган давлат амалдорларининг декларацияларини баҳолаш билан шуғулланган. Рябошапка бир йил ўтиб агентликни самарасиз ишлашда айблаб, ишдан бўшаган. Катта эҳтимол билан президент маъмуриятида у коррупцияга қарши кураш масалаларига масъул бўлади.
Сешанба куни кечаси Лана (Елена) Зеркаль ҳам президент администрацияси раҳбари ўринбосари этиб тайинлангани хабар қилинди. У «эски ҳукумат»нинг янги президент администрациясида лавозим олган ягона вакили бўлганди. Зеркаль хоним - профессионал юрист, Адлия вазирлиги тизимида 10 йилдан ошиқ вақт давомида фаолият юритган, Украинанинг Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиб кириши бўйича музокараларни олиб борган.
У 2014 йилдан буён Ташқи ишлар вазирининг Европа интеграцияси масаласи бўйича ўринбосари сифатида ишлаб келмоқда. Амалда у кейинги вақтларда Украинанинг Россияга қарши халқаро судлардаги ишларидаги жараённи назорат қиларди. Киевдаги «Европейская правда» нашри уни «Ташқи ишлар вазирлигидаги иккинчи одам» деб атади, у кўп хизмат сафарларида Павел Климкин ўрнини эгалларди.
Зеленскийнинг администрациясида у ташқи сиёсатга масъул бўлиши керак эди.
Аммо кўп ўтмай Лана Зеркаль президент администрациясидаги лавозимни эгаллашни рад қилгани маълум бўлди. Чоршанба куни Украина президенти сайтида унинг тайинлови ҳақидаги хабар «амалга ошмагани» учун бекор қилинди.
«Карьера бўйича қарор шахсий қадриятлар ва принципларга мос бўлмоғи керак.
Менинг вазифам ва дипломатик хизматдаги ролим ўзгармайди. Мен бу ишимни жуда севаман ва бундан кейин ҳам шу ишимни қилишда давом эттиришга умид қиламан», деди унинг ўзи бу қарорига изоҳ бера туриб.
Уруш бўйича бошлиқ
Сешанба оқшомида 52 ёшли генерал-лейтенант Руслан Хомчак Украина Қуролли кучлари бош штабининг янги раҳбари этиб тайинланди.
У Ровнода туғилган, Москва умумҳарбий ўқувюртини тамомлаган, 2011 йилда генераллик унвонини олган. Донбассдаги ҳарбий ҳаракатлар вақтида Аксилтеррор кучларнинг «Б» секторига раҳбарлик қилган.
«Цензор.Нет» нашри маълумотига кўра, у 2014 йил августида Донецкни ўраб олиш бўйича буйруқ олган. Бу ҳарбий амалиёт Украина қўшинлари Иловайск яқинида қуршовга тушиб қолиши билан якунланган. Украиналик ҳарбийларнинг бу ҳалқани ёриб чиқиши Донбассдаги ҳарбий ҳаракатлар вақтидаги энг кўп талофатлар билан кечган.
Расмий Киев Иловайскаядаги фожиа РФ доимий қўшинларининг Украина ҳудудига киритилиши оқибатида рўй берган деб ҳисоблайди. Хомчакнинг ўзи ҳам бу ҳақда қатъий фикрда: унинг сўзларига кўра, украиналик ҳарбийлар Россия Федерацияси Қуролли кучлари билан илк бор 2014 йил 24 августида тўқнашган. Москва Украина ҳудудида Россия армияси ҳарбийлари ҳам иштирок этганини тан олмайди.
2016 йилда генерал Хомчак Украина Қуролли кучларининг қуруқликдаги қисмлари штаби раҳбари этиб тайинланган. 2017 йил февралида у Украина Мудофаа вазирлигининг бош инспекторига айланган.
Болаликдаги дўст УХХ бошлиғига ўринбосар
Чоршанба куни тонгида Украина Хавфсизлик хизмати раҳбари ўринбосари - коррупция ҳамда уюшган жиноятчиликка қарши кураш бош бошқармаси бошлиғи лавозимига Иван Баканов тайинланди.
Баканов - Зеленскийнинг болаликдаги дўсти ҳисобланади, улар қўшни подъездларда катта бўлишган. Баканов янги президент билан бизнес ҳамкор бўлган, «Квартал 95» студияси юристи, Владимир Зеленскийнинг яримвиртуал «Слуга народа» (Халқ хизматида) партияси етакчиси ва Зеленскийнинг сайловолди штаби раҳбари бўлган.
Би-би-си учун берган интервьюсида Баканов аввалги ҳукумат олиб борган сиёсатни «украин халқига геноцид» сифатида баҳолаган ва ҳеч қачон Олий Радада бўлмаганини дастак қилиб келтирган.
Шу билан биргаликда, Баканов «Квартал»нинг сиёсатга ўтган вакилларининг лаёқати давлат бошқаруви учун етарли эканини қўшимча қилган.
«Нима учун ҳамма «Квартал» аъзоларини фақат комиклар ва актёрлар сифатида қабул қилишади, улар бошқа соҳаларни ҳам тушунишларини ҳисобга олишмайди. Ахир бундай эмас. «Квартал» - турли олий ўқув юртларида турли билимларни олган одамлар. Булар шифокор, булар иқтисодчилар, булар юристлар ва булар ҳисобчилар», деган у.
Шу интервьюсида Баканов ўзини парламентнинг кейинги таркибида кўрмаслигини ва келажакда қонунчиликка қатъий риоя қилинадиган тизимда ишлаш ниятидалигини айтиб ўтган ва бош прокурор бўлишга қарши эмаслигини билдирган.
Иван Бакановнинг УХХ бошлиғининг биринчи ўринбосари лавозимига тайинланиши ташкилотни амалда айнан у бошқаришини англатади - Порошенко президентлиги даврида Украина хавфсизлик хизмати раҳбари бўлган Юрий Грицак истеъфога чиқишини маълум қилиб бўлди.
Мавзуга оид
15:31
Япония РФ активлари ҳисобидан Украинага 3 млрд доллар беради
14:45 / 26.12.2024
Захарова: Украина мустақил равишда ядро қуролини яратишга қодир эмас
11:53 / 26.12.2024
Зеленский Украинанинг Германиядаги элчисини алмаштиришга қарор қилди
08:05 / 26.12.2024