Ўзбекистон | 14:01 / 25.05.2019
99786
4 дақиқада ўқилади

Ички ишлар органларида ходимларнинг хизматдаги чекланган ёши аниқ белгилаб қўйилди

Фото: KUN.UZ

“Ички ишлар органлари тўғрисида”ги қонуннинг айрим моддаларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси ИИВ Жамоатчилик ва ОАВ билан алоқалар бошқармаси хабар бермоқда.

“Ички ишлар органлари тўғрисида”ги қонуннинг 14-моддасидаги (Ички ишлар органларининг мансабдор шахсларини тайинлаш ва лавозимидан озод этиш) тўртинчи ва бешинчи қисмлари қуйидаги таҳрирда баён этиладиган бўлди: 

“Вилоятлар ички ишлар бошқармаларининг бошлиқлари Ўзбекистон Республикаси ички ишлар вазири томонидан лавозимга тайинланади ва лавозимидан озод этилади.

Туманлар ва шаҳарлар ички ишлар бошқармаларининг (бўлимларининг) бошлиқлари Қорақалпоғистон Республикаси ички ишлар вазирининг, Ўзбекистон Республикаси ички ишлар вазирининг ўринбосари – Тошкент шаҳар ИИББ бошлиғининг, вилоят ички ишлар бошқармалари бошлиқларининг тақдимномалари бўйича Ўзбекистон Республикаси ички ишлар вазири томонидан лавозимга тайинланади ва лавозимидан озод этилади”.

“Ички ишлар органлари тўғрисида”ги қонуннинг 26-моддасидаги (Ички ишлар органларидаги хизматга қабул қилиш) тўққизинчи қисмида “Белгиланган тартибда муомалага лаёқатсиз ёки муомала лаёқати чекланган деб топилган, хизматни ўташга тўсқинлик қиладиган касаллиги ёки жисмоний нуқсонлари бўлган, бошқа давлат органларидан салбий сабабларга кўра бўшатилган фуқаролар, шунингдек содир этган жинояти учун қўлланилган жазо туридан, судланганлик ҳолати тугалланганлигидан ёки олиб ташланганлигидан ва амнистия акти қўлланилганлигидан қатъи назар муқаддам судланган фуқаролар ички ишлар органларига хизматга қабул қилиниши мумкин эмас”лиги белгилаб қўйилди.

Мазкур қонуннинг 30-моддасидаги (Ички ишлар органларидаги хизмат) ўн биринчи ва ўн иккинчи қисмлари қуйидаги мазмундаги ўн биринчи қисм билан алмаштирилиб, унга мувофиқ ички ишлар органларида хизматда бўлган ходимларнинг унвонига қараб, хизматдаги чекланган ёши аниқ белгилаб қўйилди:

“Ички ишлар органларида хизматда бўлишнинг чекланган ёши сафдорлар ва сержантлар таркиби ходимлари учун эллик ёшни, офицерлар таркиби учун – эллик беш ёшни, генераллар таркиби учун – олтмиш ёшни, аёлларга эса (мавжуд унвонидан қатъий назар) – эллик ёшни ташкил этади”.

Ушбу модданинг ўн учинчи қисми “Юксак касбий тайёргарликка, эгаллаб турган лавозимида иш тажрибасига эга бўлган ва соғлиғининг ҳолатига кўра хизматни ўташга яроқли ходимларнинг хизмат муддати Ўзбекистон Республикаси ички ишлар вазири томонидан белгиланган тартибда ушбу ходимларнинг розилиги билан беш йилгача, бошлиқлар таркибидаги, Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги таълим муассасаларида профессор-ўқитувчилик лавозимларини эгаллаб турган ва илмий даражага эга бўлган шахсларнинг хизмат муддати эса ўн йилгача бўлган муддатга узайтирилиши мумкин”, деб таҳрир қилинган.

Шунингдек, қонуннинг 31-моддасидаги (Ички ишлар органлари ходимларини тайёрлаш ва қайта тайёрлаш) иккинчи қисм ҳам таҳрир этилиб: “Ички ишлар органлари учун профессионал кадрларни тайёрлаш ва қайта тайёрлаш, ходимларнинг малакасини ошириш, қоида тариқасида, Ўзбекистон Республикаси ИИВ таълим муассасалари томонидан амалга оширилади, бундан ушбу муассасаларда ўқитилмайдиган ихтисосликлар мустасно”, дея белгилаб қўйилди.

Мавзуга оид