Каттақўрғоннинг «Каттакўрпа»сидаги фуқаролар йиғини раиси сайлови нега норозиликларга сабаб бўлмоқда?
Айни вақтда республика миқёсида маҳалла фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) сайлови жараёни давом этмоқда.
Фуқаролар йиғинлари раислари ваколат муддати тугамоқда. Шу муносабат билан Олий Мажлис Сенати қарорига кўра, 2019 йил май ойида фуқаролар йиғини раиси сайлови ўтказиш белгиланди.
Бу галги сайлов 2018 йил 15 октябрда қабул қилинган «Фуқаролар йиғини раиси сайлови тўғрисида»ги қонуни асосида ташкил этилмоқда.
Қонун асосида аввалги сайловлар жараёнига бир қатор ўзгаришлар киритилди. Хусусан, фуқаролар йиғини раиси билан бир вақтда уларнинг маслаҳатчиларини сайлаш тартиби бекор қилинди. Фуқаролар йиғини раиси икки ярим йил муддатга эмас, уч йилга сайланадиган бўлди. Шунингдек, сайловда қатнашадиган вакиллар сони сайловда иштирок этиш ҳуқуқига эга бўлган фуқаролар умумий сонининг камида ўн икки фоизини ташкил этиши лозимлиги, фуқаролар йиғини раиси сайлови фақат яширин овоз бериш орқали амалга оширилиши белгиланди.
Kun.uz таҳририятига ушбу сайловлар юзасидан кўплаб мурожаатлар келмоқда. Уларнинг аксариятида сайловларда қонун бузилишларга йўл қўйилгани, сайловни шаффоф ва холис ўтмаганидан шикоят қилинган.
Мазкур мурожаатлар асосида таҳририят мухбирлари ўтказган журналистик суриштирувлар сайтимизда эълон қилиб борилмоқда.
Таҳририятга Каттақўрғон тумани «Каттакўрпа» маҳалласи аҳолиси ҳам шу мазмунда мурожаат қилди.
«Маҳалламиздаги бўлиб ўтган сайловда қонун бузилишларига йўл қўйилди. Вакиллар сони етарли бўлмаса-да, бировнинг номидан овоз бериш ҳолатлари кузатилди. Овоз тўплашда нохолисликка йўл қўйилди. Биз ушбу сайловдан норозимиз ва қонун бузилишига йўл қўйилган деб ҳисоблаймиз», – дейилади бир гуруҳ фуқаролардан келган мурожаатда.
Ушбу мурожаатни жойида ўрганиш мақсадида Каттақўрғон туманида бўлиб, фуқаролар ва фуқаролар йиғини раиси сайловига масъул бўлган мутасаддилар билан суҳбатлашдик.
«Дастлаб сайловга икки номзод кўрсатилган эди. Сайловдаги икки номзод бўйича сайлов бюллетени ҳам чиқарилганди. Аммо сайловга бир кун қолганда учинчи номзод қўшилиб, сайлов бюллетен қайтадан чоп этилган. Учинчи номзод қаердан пайдо бўлганини ҳақида бизга тушунтириш ҳам берилмади. Сайловда айнан шу учинчи номзод сайланди ва шу номзодга овоз бериш ҳақида сайлов жараёнида маҳалладаги ишчи гуруҳ раиси А.Бобоқулов томонидан яширинча тарғибот ҳам қилинди. Овоз тўплашда шу тариқа қонун бузилишига йўл қўйилди. Вакиллар айнан учинчи қўшилган номзодга овоз бериши кераклиги ҳақида огоҳлантирилган», – дейди биз билан суҳбатда мурожаатчилардан бири.
Маълум бўлишича, «Каттакўрпа» маҳалла фуқаролар йиғини раислигига Улфат Қаюмов ва Тўлқин Эргашев номзоди кўрсатилган. Дастлаб сайлов бюллетенида ҳам шу икки номзод номи қайд этилганди. Аммо сайловга бир кун қолганида Пўлат Салохутдинов номзоди қўшилиб, сайлов бюллетенлари қайта чоп этилган. Шу ҳолат норозиликларни келтириб чиқарган.
Қолаверса, 13 май куни ўтказилган сайловда айнан шу номзод сайловда ғолиб бўлган. Мурожаатчилар маҳалладаги фуқаролар йиғинлари раислари сайловини ташкил этиш ва ўтказиш бўйича ишчи гуруҳ раҳбари А.Бобоқулов томонидан Пўлат Салохутдинов номзодига овоз бериш ҳақида вакиллар орасида яширинча тарғибот олиб борилганини таъкидламоқда.
Маҳалладаги фуқаролар йиғинлари раислари сайловини ташкил этиш ва ўтказиш бўйича ишчи гуруҳ раҳбари А.Бобоқулов биз билан суҳбатда ушбу эътирозларнинг барчасини рад этди.
Сайловда ғолиб бўлган Пўлат Салохутдинов билан ҳам суҳбатлашдик.
«Номзодим сайлов кунидан бир неча кун аввал қўйилгани рост. Сайловга уч нафар номзод бўлган ва бири тасдиқдан ўтмаган. Шу учинчи номзод ўрнига маҳалланинг бир гуруҳ нуроний отахонлари келиб номзодимни раислик учун қўйиш таклифини айтишди. Уларнинг илтимоси билан рози бўлдим. Унгача мен захирадаги номзод эдим», – дейди П.Салохутдинов.
Аммо «Фуқаролар йиғини раиси сайлови тўғрисида»ги қонунда ҳам «захира номзод» сўзини тополмадик. Номзодларнинг шакллантириши юзасидан ишчи гуруҳ раҳбари А.Бобоқуловдан изоҳ сўрадик. Саволимизга тайинли жавоб беролмаган ишчи гуруҳ раҳбари барча саволимизга туман кўмаклашувчи комиссиясидан жавоб олишимизни билдириш билан кифояланди.
Бўлиб ўтган сайлов юзасидан етарлича маълумот беролмайдиган масъул қандай қилиб маҳалладаги сайлов ишчи гуруҳ раҳбари бўлиб фаолият юритгани ажабланарли.
Ўрганишимиз давомида мурожаатчиларнинг таъкидлашича, сайловда 328 нафар вакил иштирок этиш лозим бўлган. Аммо сайловда 187 нафар вакил иштирок этган, қолган 141 нафар вакил сайловда қатнашмаган. Бу рақамларни эслаб қолинг.
«Фуқаролар йиғини раиси сайлови тўғрисида»ги қонуннинг 25-моддасида агар фуқаролар йиғини раиси сайловида фуқаролар йиғинида иштирок этувчилар рўйхатига киритилган фуқароларнинг ярмидан камроғи иштирок этган бўлса, фуқаролар йиғини раиси сайлови фуқаролар вакилларининг йиғилишларида ўтказилган тақдирда, агар йиғилишда ҳовлилар, уйлар, кўчалардан фуқаролар вакилларининг учдан икки қисмидан камроғи иштирок этган бўлса, сайлов ўтмаган деб топилиши белгиланган.
Мурожаатчилар эътирози юзасидан фуқаролар йиғинлари раислари сайловини ташкил этиш ва ўтказишга кўмаклашувчи Каттақўрғон туман комиссияси раиси Зайнаб Бердиева ва туман ҳокимининг ёшлар сиёсати, ижтимоий ривожлантириш ва маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари Собир Мингбоев билан учрашдик.
«Дастлаб икки номзод бўйича сайлов бюллетени чиқарилгани рост. Бу менинг хатойим билан бўлган. Туман ҳокими томонидан Пўлат Салохутдинов номзоди ҳам тасдиқланган экан. Шунинг учун сайлов бюллетенини қайта чоп этдик. Маҳалладаги сайлов қонуний ўтган. Сайлов жараёнида туман ҳокими ўринбосари Собир Мингбоев иштирок этди. Мен соғлигимдаги муаммолар туфайли сайлов якуни арафасида етиб бордим. Якунда ҳеч ким сайлов юзасидан эътироз билдирмаганди», – дейди З.Бердиева.
Мутасаддилар бизга фақат маҳаллада ўтказилган сайловнинг айрим ҳужжатларни тақдим этишди. Номзодлар қай тартибда шакллангани, хулосалар ва учинчи номзоднинг қандай қўшилиб қолгани бўйича ҳужжатлар билан танишишнинг имкони бўлмади. Бизга тақдим этилган ҳужжатлар билан танишар эканмиз, мурожаатчилар таъкидлаган рақамлар ва ҳужжатдаги рақамлар ўртасидаги фарқ ҳамда айрим тушунмовчиликларга гувоҳ бўлдик.
Биринчидан, мурожаатчилар биз билан суҳбатда сайловда 328 нафар вакилдан 187 нафари иштирок этгани, қолган 141 нафари вакил сайловда қатнашмаганини таъкидлаганди. Ишчи гуруҳ раҳбари А.Бобоқулов ҳам буни тасдиқлаб, «вакиллар ярмидан ошгани»ни айтганди. Аммо ҳужжатда 336 вакилдан 286 нафари сайловда иштирок этгани қайд этилган. Ким кимни алдамоқда? Мурожаатчилар бировнинг ўрнига ҳам овоз бериш орқали вакиллар сони сунъий оширилганини иддао қилмоқда.
Шунингдек, маҳаллада Каттакўрпа ва Кичиккўрпа қишлоқлари мавжуд. Каттакўрпа қишлоғидан 179, Кичиккўрпа қишлоғидан 149 нафар вакил шакллантирилган. 179+149=328. Ҳужжатда эса 336 нафар вакил қайд этилган.
Иккинчидан, ҳужжатда маҳалла раислигига икки номзод бўйича тавсиялар тайёрлангани ёзилган. Шу билан бирга, уч нафар номзод кўрсатилган. Бу борада ҳам чалкашликлар мавжуд. Юқорида таъкидлаганимиздек, ишчи гуруҳ раҳбари сайлов юзасидан бизга етарлича маълумот беролмагандан кейин бундай тушунмовчиликлар келиб чиқиши табиий ҳолдек, аслида.
Мутасаддилар суҳбатимиз якунида сайлов юзасидан билдирилган эътирозлар уч кун ичида ўрганиб чиқилиши, айрим камчиликларга йўл қўйилган бўлиши мумкинлиги ва натижаси юзасидан бизга маълумот берилиши ҳамда маҳалладаги сайлов юзасидан бошқа тегишли ҳужжатлар тақдим этилишини ваъда беришганди.
Афсуски, орадан бир ҳафта вақт ўтган бўлса-да, бу борада ўрганиш натижаси юзасидан мутасаддилар томонидан ҳеч қандай маълумот тақдим этилмади. Ваъда ваъдалигича қолиб кетди. Туман кўмаклашувчи комиссия ва туман ҳокими ўринбосари С.Мингбоев билдирилган эътирозлар юзасидан нега зарур ўрганиш ва чораларни амалга оширмаётгани тушунарсиз ҳол. Мутасаддилар томонидан берилган ваъда бажарилмагач, улар томонидан бу масалага «сайлов ўтди, раис сайланди, нима бўлса ҳам қайта ўтказилмайди, поезд кетиб бўлди», қабилида қаралмоқда, бизнингча.
Таҳририятнинг маҳалла раислигига кўрсатилган номзодларга нисбатан ҳеч қандай хусумати йўқ. Ҳолат шикоят асосида ўрганилди.
Kun.uz сайлов жараёни юзасидан бир гуруҳ фуқаролар томонидан билдирилган эътирозлар масъул ташкилотлар томонидан қонуний ўрганиб чиқилишига ишонч билдиради ва лозим бўлса бу мавзуга яна қайтади.
Бардошбек САМАД ўғли,
Kun.uz мухбири.
Мавзуга оид
18:12 / 03.08.2024
Самарқандда содир бўлган ЙТҲда “Дамас” ҳайдовчиси ҳалок бўлди
11:38 / 18.07.2024
Самарқандда автобус уриб юбориши оқибатида пиёда вафот этди
17:30 / 20.02.2024
Тўрт ҳудудда ноқонуний ер савдоларига чек қўйилди
14:01 / 28.09.2023