Иқтисодиёт | 10:43 / 25.05.2019
17578
3 дақиқада ўқилади

Қатор маҳсулотлар экспорти учун энди президент ёки Вазирлар Маҳкамаси рухсати талаб қилинмайди

Фото: Shutterstock

Ўзбекистон Республикаси президенти “Экспорт фаолиятини молиялаштириш ва суғурта ҳимояси механизмларини кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорни имзолади

Шундай тартиб ўрнатиладики, унга мувофиқ товарлар (ишлар, хизматлар)ни, шу жумладан, комиссионер (ишончли вакил) орқали реализация қилишдан тушган умумий тушумида ҳисобот даври якуни бўйича тайёр маҳсулот экспорти улуши 50 фоиздан юқори бўлган юридик шахсларга уларнинг аризаларига кўра экспортга мўлжалланган маҳсулот ишлаб чиқаришда фойдаланиладиган хомашё, бутловчи буюмлар ва материаллар импортида қўшилган қиймат солиғи тўлашни божхона декларацияси қабул қилинган кундан бошлаб 120 кунга кечиктириш имконияти берилади.

Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги, Давлат божхона қўмитаси ва Давлат солиқ қўмитаси икки ой муддатда экспорт қилувчи корхоналарга қўшилган қиймат солиғини тўлашни кечиктириш имкониятини бериш тартибини ишлаб чиқади ва тасдиқлайди.

Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги ҳузуридаги Экспортни рағбатлантириш агентлиги зиммасига ҳам республикадаги, ҳам хориждаги халқаро стандартлаштириш ва сертификатлаштириш тизимларини жорий этиш, миллий маҳсулотни хорижий давлатлар ваколатли органларида рўйхатдан ўтказиш, шунингдек, кўргазма стендларини ташкил қилиш ва халқаро кўргазма-ярмаркаларида иштирок этиш, тақдимотлар ва реклама кампанияларини ўтказиш, шу жумладан, анъанавий миллий маҳсулотлар ва брендларни потенциал бозорларда илгари суриш бўйича экспорт қилувчи ташкилотларга молиявий кўмак бериш вазифаси юкланган.

Агентлик икки ой муддатда экспорт қилувчи ташкилотларга мазкур молиявий кўмакни бериш механизмини ишлаб чиқади ва тасдиқлаш учун Вазирлар Маҳкамасига киритади, бунда тадбиркорлик субъектларининг хорижий мамлакатларда зарур лицензиялар, рухсатномалар, сертификатлар олиш, шунингдек, рўйхатдан ўтказиш йиғимлари ҳамда халқаро тендерлар ва танловларда иштирок этиш билан боғлиқ бошқа тўлов харажатларининг бир қисмини тўлашни назарда тутади.

Белгиланишича, 2019 йил 1 июндан бошлаб тирик ҳолдаги товуқ, қуён ва балиқ ҳамда уларни сўйиб ишланган маҳсулотлар экспорти учун Ўзбекистон Республикаси президенти ёки Вазирлар Маҳкамаси рухсати талаб қилинмайди.

Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги ҳамда “Ўзбекинвест” экспорт-импорт миллий суғурта компанияси директорлар Кенгашининг:

“Ўзбекинвест” ЭИМСКнинг устав капиталини компаниянинг ўз капитали ҳисобига 221,6 миллиард сўмгача кўпайтириш;

“Ўзбекинвест” ЭИМСК тузилмасида экспортолди ва экспорт суғуртаси масалалари бўйича бош директорнинг биринчи ўринбосари лавозимини жорий этиш тўғрисидаги таклифлари маъқулланди.

Мавзуга оид