Huawei'га қарши дунё, интернет бизнесида ўзини синаб кўраётган Илон Маск ва «Яндекс»дан янгилик
Якунланиб бораётган ҳафта давомида технология ва бизнес оламида бир-биридан қизиқарли, айрим ҳолларда таҳдидли ўзгаришлар юз берди.
SpaceX ва йўлдошли интернет
Илон Маск анча пайтдан бери бутун дунёни тезкор интернет билан таъминлашни истарди. SpaceX компанияси 500 миллион долларга молиялаштирган Starlink лойиҳасига кўра, Ер юзини узлуксиз интернет билан таъминлай оладиган тўлқин қоплама учун 12 минг дона сунъий йўлдош орбитага учирилади. Уларнинг 60таси 26 май куни белгиланган манзилга юборилди.
Аслида бир қанча компаниялар аллақачон йўлдошли узатма орқали интернет хизматларини кўрсатиб келади. Уларнинг сунъий йўлдошлари Ер сатҳидан 35 минг км баландликда ҳаракатланади. SpaceX компанияси тақдим этаётган лойиҳанинг фарқли жиҳати шундаки, Starlink йўлдошлари Ердан 340-1150 км баландликдаги масофага юборилмоқда. Бу маълумотлар алмашинувидаги тўхталишларни камайтириб, интернет сифатини оптик толали узатмага тенглаштиради.
Илон Маскнинг таъкидлашича, йўлдошли интернет орқали компания 30 миллиард доллар даромад қилишни кўзламоқда ва бу пуллар SpaceXнинг бошқа мақсадли лойиҳаларини амалга ошириш учун сарфланади.
Huawei ҳаммага қарши
Технологик совуқ уруш бошланди, деб жар солмоқда NYT журналисти. АҚШ Хитойнинг техногигант компаниясига таҳдид қилган бўлса, Huawei жорий ҳафтада ундан ҳам каттароқ муаммога дуч келди.
Гап шундаки, Google Huawei билан ҳамкорликни тўхтатиб, дастурий таъминот, техник хизматлар ва ускуналарни беришни тақиқлади. Бунга сабаб — Huawei'нинг амалда АҚШ санкциясига дучор бўлгани кўрсатилмоқда. Алоҳида таъкидлаш керакки, санкция бўйича таъсир чоралар Huawei воситасига эга истеъмолчиларга тааллуқли эмас.
Эндиликда Huawei алоқа воситалари орқали Android операцион тизимини янгилаш мушкул иш бўлиб, Gmail, Google Play, Google Maps ва Youtube порталига уланиш қийин бўлади. Huawei муқобил ечим сифатида ўзининг платформасини ишга тушириш устида иш олиб бораётганига қарамай, Android тизими ўрнатилмаган смартфонлар сотуви ҳам қийин кечиши мумкин.
Бундан ташқари Huawei'га эҳтиёт қисмлар етказиб берувчи Qualcomm, Broadcom, Xilinx ва Intel ҳам санкция домига тортилиб кетмаслик учун, Huawei билан ҳамкорликни тўхтатиб қўйиш сўралди. Қатъий жазо чоралари қанча давом этиши ҳали аниқ эмас.
Янги «Яндекс»
Бир неча кун аввал Москва шаҳрида «Яндекс» нинг анъанавий анжумани бўлиб ўтди. Россия компанияси анжуманда янги маҳсулотларини тақдим этиб, кадрлар алмашинуви ҳақида маълумот берган.
Аввалги йилларда «Яндекс» анжуманларида янги маҳсулотлар тақдимотини ўтказган бўлса, бу йил кўпроқ эътибор мавжуд инфратузилмани такомиллаштиришга қаратилган. Шунга қарамай, янги хизмат —«Менинг эфирим» истеъмолчиларга тақдим этилди. Бу шахсий видеоканал бўлиб, унда фильм, сериал, спорт тадбирлари ва бошқалар намойиш этилади. Хизматнинг афзаллиги шундаки, у истеъмолчининг истагига кўра дастурланади. Бунинг учун телевизорга 1990 рублга нархланаётган махсус модулни улаш керак.
«Алиса»нинг имкониятлари ошди. Эндиликда «Яндекс»нинг овозли ёрдамчиси уйдаги «ақлли» ускуналар билан мулоқот қила олади. «Алиса» ёрдамида «Яндекс.Авто» платфомасидаги автомобиль ойналарини тушириб, кўтариш ва орқа багажни очиш мумкин бўлди.
Мавзуга оид
09:00 / 19.12.2024
Huawei компанияси Дубайдаги тақдимотида янги букланадиган смартфон ва бошқа флагман қурилмаларини тақдим этди
22:21 / 17.12.2024
SpaceX ракетаси янги авлод GPS сунъий йўлдошини орбитага олиб чиқди
20:07 / 16.12.2024
WSJ: Илон Маск ўз компанияси АҚШ ҳарбийлари ва разведка топшириғи билан космосга нималар жўнатаётганини билмайди
22:55 / 11.12.2024