Жамият | 20:23 / 27.05.2019
32577
2 дақиқада ўқилади

Ягона мактаб формасини сотиб олиш жараёнига мактаб директорлари ёки синф раҳбарлари аралашиши тақиқланганлиги маълум қилинди

Халқ таълими вазирлиги мактаб директорлари ёки синф раҳбарларининг ягона мактаб формасини сотиб олиш жараёнига аралашуви тақиқланганлигини маълум қилди. 

“Ишлаб чиқарувчилар ота-оналардан ҳали тикилмаган мактаб формаси учун бўнак (аванс) маблағларини йиғиш мумкин эмаслигини маълум қиламиз. 

Мактаб директорлари ёки синф раҳбарлари томонидан ягона мактаб формасини сотиб олиш жараёнига аралашуви қатъиян тақиқланган. Ота-оналар янги формани ташкил этиладиган савдо шахобчаларидан сотиб олишлари лозим”, дейилади вазирлик томонидан.

Эслатиб ўтамиз, Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 15 августдаги “Давлат умумий ўрта таълим муассасалари ўқувчиларини замонавий ягона мактаб формаси билан таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига кўра, 2019-2020 ўқув йилидан бошлаб давлат умумий ўрта таълим муассасаларида замонавий ягона мактаб формаси жорий этилиши кўзда тутилган.

Қарорда “Ўзтўқимачиликсаноат” уюшмаси мактаб формасини ишлаб чиқарувчи ташкилотлар рўйхатини ҳудудлар бўйича шакллантирилиши, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари “Ўзтўқимачиликсаноат” уюшмаси билан биргаликда республиканинг ҳар бир туман (шаҳар) марказининг аҳолига қулай жойларида мактаб формасини ишлаб чиқарувчи ташкилотларнинг савдо шахобчаларини ташкил этишлари, савдо шахобчаларини жойлашиш манзилларини оммавий ахборот воситалари орқали эълон қилиниши белгиланган. 

Қайд этилишича, мактаб формасининг нархини ишлаб чиқарувчи ташкилотларнинг ўзи эркин бозор муносабатларидан келиб чиққан ҳолатда белгилайди.

Мавзуга оид