Ўзбекистон | 18:30 / 29.05.2019
23886
13 дақиқада ўқилади

Хитойга ўқишга боришдан олдин нималарга эътибор бериш керак? Эксперт билан суҳбат

Бир неча кун муқаддам Хитойда таҳсил олаётган бир гуруҳ ёшлар мурожаати интернетда шов-шувларга сабаб бўлди. Биз масалани батафсилроқ ўрганиш мақсадида консалтинг фирма билан суҳбат ўтказдик. Бу ишлар ҳозирги кунда кўпчилик ёшлар томонидан қизиқиш билдирилаётган хорижда таҳсил олиш учун юборувчи фирмалар хизматига катта шубҳа уйғотади. Хўш, бундай хизматларда нималарга эътибор қаратилиши лозим? Бу хусусда Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта-махсус таълим вазирлиги билан тузилган меморандум асосида фаолият юритувчи Хитойнинг «China campus network» университетлар ассоциациясининг Ўзбекистондаги филиали раҳбари Дилшод Хамраев билан суҳбатлашдик.

Видео: Youtube

Видео: Mover (tas-ix) 

— Хорижга ўқишга борувчи ёшларимизга дастлабки савол қандай?

— Биз биринчи навбатда чет элга боришдан мақсад сўралади. Шуни аниқлаб олишимиз керак. Ҳозир ёшларда ҳар хил мақсадлар бор. Кимдир ишлашга боришни хоҳлайди, кимдир ҳам ўқиб, ҳам ишлайман дейди. Баъзи ёшлар диплом кераклиги учун арзон ўқишларга қизиқишади. Ўқишдан асосий мақсад – Ўзбекистон учун малакали кадр бўлиб етишиш бўлиши керак. Бунинг учун биз соҳаларни билишимиз керак. Яъни, Ўзбекистон учун қандай соҳалар керак? Масалан, ҳозир рақамли иқтисодиёт, IT-йўналишлар, инжиниринг, қурилиш, урбанизация, энергетика ва бошқа соҳалар мамлакат учун жуда муҳим. Бу соҳаларнинг малакали кадри бўлиш учун нуфузли университетда ўқиш керак. Буни билиш учун Вазирлар Маҳкамаси, Олий ва ўрта-махсус таълим вазирлиги томонидан ишлаб чиқилган дунёнинг нуфузли университетларининг 1000таси рўйхати бор. Ўша университетларга топширса, ўшандагина малакали кадр бўла олади. Ёшлар орасида Европа, Америка ва Осиёнинг бир неча давлатларига боришга қизиқиш кучли. Бизнинг тавсиямиз Хитой давлатига бўлади.

— Нега айнан Хитой?

— Ўзбекистон ва Хитой давлати ўртасида дипломатик алоқалар ривожланганини, инвестициялар, Ўзбекистонда фаолият кўрсатаётган 2 мингдан ортиқ Хитой корхоналари, шунингдек, «Бир макон, бир йўл» лойиҳаларидан келиб чиқиб биз шу давлатга тавсия қиламиз. Хитой тилини биладиган мутахассисларга ҳозир талаб юқори. Энди университетларга ўқиш кириш йўлларини ўрганиб чиқиш керак. Авваламбор, ҳар қандай инсон олий ўқув юртларига мустақил ҳужжат топшириши мумкин. Бунинг учун ўша университетларнинг сайтлари бор. Бундан ташқари, консалтинг фирмалар ёрдами билан бориш мумкин. Охирги 3 йилда булар жуда кўпайиб кетди.

— Ўқишга бормоқчи бўлган ёшлар, уларнинг ота-оналари нимага эътибор бериши керак?

— Авваламбор, фирманинг тажрибасини аниқлаб олиши керак. Бунинг бир йўли – ташкилотнинг гувоҳномасида ташкил топган санаси келтирилади. Шундан ҳам билиб олса бўлади. Шу билан биргаликда, фирма бирор университетни тавсия қилаётган бўлса, ўша олий ўқув юрти билан тузилган шартномасини кўриб чиқиш керак. Шунингдек, мижоз билан фирма ўртасида ҳам шартнома имзоланади. Ушбу шартнома кўп нарсаларни белгилайди. Шартномада келтирилган бандларда ҳаммаси ёзилган бўлади: муддати, дастури, ётоқхона, ким кутиб олиши, бошқа харажатлар масалалари ҳисобга олинган бўлади. Мижоз ва фирма ўртасидаги юридик кучга эга бўлган хужжат айнан шу шартномадир. Шартномани бирор ҳуқуқшуносга кўрсатиш керак. Чунки, ҳуқуқшунос тўғри ёки нотўғрилигини, қайси бандлари қанақа оқибатларга олиб келишини айтиб беради.

Яна бир жиҳат шуки, баъзи фирмалар фалонча одам жўнатганман, фалонча мижозим ўқияпти деб оғзига келган гапни айтаверишади. Агар ростдан айтганича мижози бўлса рўйхатини сўрасангиз бера олади. Чунки ўзига ишонган фирма ҳар бир мижоздан олган даромади учун солиқ тўлайди. Бунинг рўйхати эса қонуний фаолият юритаётган ташкилотда албатта бўлади. Агар акси бўлса, кўрсата олмайди.

Ҳозирда талаба бўлиб юрган мижозларнинг контактларини ҳам сўраш мақсадга мувофиқ бўлади. Улар билан мулоқот ҳам кўп маълумот беради. Ўқиш, шароитлар қандайлигини сўраб билиб олса бўлади. Ўзига ишонган ташкилотлар буни қўрқмасдан бера олади. Лекин, бу билан кифояланиб қолмаслик керак. Чунки берилаётган контактдаги одам аслида талаба бўлмаслиги ҳам мумкин. Яхшиси кетган талабаларнинг ота-онасининг контакт рақамларини олса тўғрироқ бўлади.

Шунингдек, компаниянинг фаолияти тўғрилигини билишнинг яна бир йўли нақд пулда тўлов билан боғлиқ. Яъни, агар компания сизга «нақд пулда тўлайверинг, банкдан тўласангиз банкка қўшимча тўловлар тўлайсиз ва харажатингиз ошиб кетади» деса билингки, бу фирибгарликнинг бир белгиси ҳисобланади.

— Университетларнинг қандай турлари мавжуд ва қайси турларига топширишни тавсия қиласиз?

— Хитойда университетларнинг турли даражалари мавжуд.

Биринчи тоифаси 985-лойиҳага кирувчи С9 университетлардир. Пекин, Ҳарбин, Тонгжи университетлари ва бошқа шундай даражадаги университетлар киради. Булар ичида дунёнинг топ-200талигига кирувчи университетлар мавжуд.

Иккинчи тоифада – 211-лойиҳага тегишли университетлар ҳисобланади.

Шундан сўнг, учинчи тоифадаги ўқишлар бўлиб, биз бундай ўқишларга тавсия бермаймиз.

Биз 985 ва 211-лойиҳадаги университетларни тавсия қиламиз. Буларнинг ичида бизнинг мамлакатда нострификация қилинмайдиганлари ҳам бор.

Шунингдек, Хитойда ўқийдиган университет тоифаси эмас, университет жойлашган шаҳарга қараб ҳам тавсиялар берамиз. Биринчи тоифали шаҳарлар бу – Пекин, Тяньцзинь, Шанхай ҳисобланади. Булар энг ривожланган шаҳарлар ҳисобланади. Иккинчи тоифали шаҳарларга – Сианг, Чангсу каби провинциялардаги шаҳарларни мисол қилиш мумкин. Биз шу биринчи ва иккинчи тоифа шаҳарлардаги ўқишларга киришни тавсия қиламиз. Чунки, Хитойда давлат тили путунхуа дейилади. Учинчи тоифали шаҳарларга борса, маҳаллий аҳолининг шеваси кескин фарқ қилади. Университетда путунхуа бўлса, ташқарида аҳоли шеваси бўлгани учун хитой тилини ўрганишда муаммолар вужудга келади. Хитой тили мураккаб тил. Ўрганиш учун анча вақт кетади. Ўртада таъсир қилувчи омиллар бўлмаслиги керак. Хитой тили асосан товушлардан иборат. Шеваларда айнан товушлари билан фарқланади. Шундай шаҳарларда ўқиётган талабалар Пекинга борса уларни тушунишмаётганини айтишади.

— Ёшлар томонидан дастурлар бўйича шикоят қилинди. Ўқишда қандай дастурлар мавжуд?

— Хитойда турли дастурлар мавжуд. «1+3», «1+4», инглиз тилида ўқиш дастурлари бор. Хитойда инглиз тилида таҳсил олишни биз унчалик ҳам ёқламаймиз. Хитой инглиз тилида гаплашадиган давлат эмас. Хитойлик одам инглиз тилида гаплашишини тасаввур қилиш сал қийинроқ. Бизнинг ёшлар уларнинг ўқитувчилари даражасида ёки ундан ҳам юқорироқ савияда гаплашади.

«1+3» дегани бу, бакалавр дипломини жами 4 йилда олади. Биринчи семестрда хитой тили бўлади. Иккинчи семестрда универститет фанлари ҳам ўтилади. Тажрибамиздан келиб чиқиб айтиш мумкинки, бундай университетларнинг нуфузи пастроқ бўлади.

«1+4» дастурида эса, талаба бир йиллик тайёрлов курсида таҳсил олади ва HSK сертификатига имтиҳон топширади. Бу сертификат хитой тилини билиш даражасини белгилаб берувчи меъёр. Одатда бундан 4 олса, университетга киради. Агар 5 олса, грант билан ўқиши мумкин. Шунингдек, интенсив тарзда таҳсил берадиган «1+4» дастурлар ҳам бор. Уларда бир йилда 1080 соат бўлади.

— Дарс соатлари турли университетларда турлича ўқитиладими?

— Шу масалага қараб ҳам университетнинг нуфузини билса бўлади. Агар 500-600 соат дарс бўлса, HSK сертификатидан 4 баҳо олиши қийин масала бўлади. 1080 соат дарс ўтилса натижага эришилиши мумкин. Шунингдек, тайёрлов курсларида йўналишлар бўйича ҳам дарслар бўлади. Мисол учун, нефтгаз соҳасида таҳсил олаётган талабага хитой тили билан биргаликда кимё, физика, математика иккинчи семестрда хитой тилида ўргатилади.

Грантлар масаласига келсак, давлат, провинция, университет, конфуций, жасмин ва Great wall грантлари мавжуд. Грантларни олиш осон. Шартлари аввало академик лицей ёки коллежни қизил диплом билан битирган бўлиши керак. IELTS’дан 7 балл ёки HSK’дан 5 олган бўлса грант асосида ўқишни бошлайди.

— Грантнинг шартлари қандай бўлади?

— Талабага ишониб грант берилдими, демак бу талаба шу ишончни оқлаши ва яхши ўқиши керак. Биринчи йил дарсга қатнашиши 90 фоиз бўлиши, дарсларни яхши баҳога ёпиши талаб этилади. Масалан, 80-90 фоизга дарсларни ўзлаштириши лозим. Ҳар йили грант бўйича қўмита тузилади. Агар юқоридаги талаблар бажарилмаса талаба грантдан қуруқ қолади. Кўпчилик буни нотўғри тушунади. Биз бошида пул тўладикми демак охиригача грантда ўқишимиз керак деган тушунча бор. Бу шартларни фирма яхшилаб тушунтириши лозим. Биз ҳам баъзида ўқиб қоламиз «ўқиш текин, ётоқхона текин, стипендиялари бор, кириш учун имтиҳон шарт эмас» деган кулгили постларни кўриб қоламиз. Бу ҳақиқатдан узоқдаги сўзлар. Грантда сизга қандай шартлар ва имтиёзлар берилганини «admission notice» деган университетдан билса бўлади. Шу хатда ҳаммаси ёзилган бўлади. Қайси грантга тушди, шарт-шароити қанақа, қандай дарсларга қатнашиши керак ва бошқа шартлар батафсил тушунтирилган бўлади. Инглиз тилида бўлгани учун тўлиқ тушунишмайди. Буни тушунмасликлари ортидан муаммоларга дуч келишади.

— «1+3», «1+4» каби дастурларда бир йил тайёрлов курсларидан сўнг, бакалавриатга кирганда тўланадиган тўлов ҳақида қандай маълумотлар бера оласиз?

— Тўлов бўлади, агарки, талаба грантга етадиган шартларни бажара олмаган бўлса. Қисман грантга тушиши ёки умуман грантга тушмаслиги мумкин. Ўша ҳолатда тўлов бўлиши мумкин. Айрим компаниялар охиридан бошлашади. Грантга тушиши, қулайликларни айтишади, лекин бунинг учун ўқиши шартлигини айтишмайди ёки айтишса ҳам алоҳида урғу беришмайди. Ёшлар бунга жиддий қарамагани учун дарсга қатнашмайди, яхши ўқимайди ва охирида пул тўлашга мажбур бўлади.

— Бундай ҳолатларни консалтинг фирма яхшилаб тушунтириши керак эмасми?

— Албатта. Бизнинг иш жуда масъулиятли бўлиб, инсоннинг ҳаётини ҳал қилади. Ўйлайманки, ҳар бир компания қилаётган ишим жамиятга фойда келтиряптими деган фикрда бўлиши керак. Талабалар бориб, яхши ўқиса, яхши мутахассис бўлиб келса бундан ортиқ бахт бўлмаслиги керак, аслида. Меҳнатимиз ҳосили мана шу деб биламан. Яхши ишласа, пул ўзи келаверади. Биз шу сабабли ҳам консултатив марказ саналамиз. Биз тушунтириш ишларини олиб борамиз. Авваламбор, биз учун қайси масала долзарблигини аниқлаб олиш керак. Ўзбекистон учун нима кераклигини аниқлаш керак. Айтайлик, 4 ёки 5 йилдан кейин нима долзарб бўлади. Катта компаниялар ҳам айтишадики, керакли кадрларни четдан олиб келишади.

— Талабалар ўқишга борганидан сўнг, биринчи ўринда берадиган тавсиянгиз қандай?

— Биринчи ўринда таълим. Хаёлида фақат дарсларга қатнашиш ва ўзлаштириш бўлиши керак. Ҳафтасига 3 марта ёки тушгача бўлган дарслар ҳам бор. Бу билан кифояланиб қолмаслиги керак. Хитой ўқишларининг кутубхоналари жуда катта бўлади. Хитойлик талабалар асосий вақтини ўқишга сарфлайди. Хитой ўқишларида ўз устида ишласин деган маънода кўп вазифалар берилади. Шуларга эътибор қаратиш керак. Бизнинг кўп талабалар ўзини ишга беради. Cargo’даги ишларга берилиб пул топишга тушиб кетишади. Бу билан вақтини беҳуда сарфлашмоқда. Бу билан хато қилишмоқда. Малакали кадр бўлиш эса учун тинмай ўқиши лозим.

— Хулоса ўрнида талабаларга қандай тавсия берасиз?

— Одамда қисқа ва узоқ муддатли режалар бўлади. Ҳозир ёшларимиз орасида шу қисқа муддатли режаларга берилиб кетишмоқда. Ҳозир ёшлар нима қилишмоқда? Ўқиш билан биргаликда ишлашмоқда. Одатда cargo да ёки юк ташувчиликда ишлашмоқда. Кўпчилиги узоқ муддатли бўлган, яъни асосий мақсади бўлган таълимга вақт ажратишмаяпти. Тўғри, кунига 50 ёки 100 АҚШ доллари топар, лекин таълимга инвестиция киритса эртага улар компанияларни ўзлари танлашади. Одатда компаниялар ходимни танласа, ўқиган талабалар компанияларни танлаб ишга киришади. Чунки, бундай ходимга талаб катта бўлади. Агар чалғиб юраверса, бундай даражадаги кадр бўла олмайди. Иккаласидан бирини танлаш керак. 

Мавзуга оид