Ўзбекистон | 09:50 / 30.05.2019
32846
9 дақиқада ўқилади

Кўп йиллик бош вазир ва сўзамол сиёсатчи – Ўзбекистонга келаётган «Европа президенти» Дональд Туск ким?

31 май куни Европа Иттифоқи қошидаги Европа Кенгаши раиси Дональд Туск Ўзбекистонга келади. Бу 2014 йилдан буён кўҳна қитъадаги энг йирик сиёсий ташкилотни бошқариб келаётган польшалик сиёсатчи учун Ўзбекистонга илк ташриф бўлади. Бу ташрифдан қандай мақсад кўзланган? Дональд Туск қандай сиёсатчи?

Тожикистон ва Қозоғистонда 1 кундан, Ўзбекистонда 3 кун

Тускнинг Марказий Осиё бўйлаб турнеси 29 май куни бошланди. У айни вақтда Тожикистонда бўлиб турибди, у ердан Қозоғистонга йўл олади, Марказий Осиёга ташрифи доирасидаги асосий кунларини эса Тошкентда ўтказади. 31 май куни Ўзбекистонга келадиган Туск 2 июнгача Тошкентда бўлиши кутилмоқда.

Европа Кенгаши раиси Марказий Осиёда учта мамлакат президенти билан учрашади. Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев, Тожикистон етакчиси Имомали Раҳмон ва Қозоғистон раҳбари Қосим-Жўмарт Тўқаев Тускни қабул қилишади. Турган гапки, Туск Қозоғистонга ташрифи давомида Нурсултон Назарбоев билан ҳам учрашади. Чунки Назарбоев ҳамон мамлакатнинг амалда асосий сиёсатчиси ҳисобланади.

Европа Кенгаши раисининг Марказий Осиёга ташрифи доирасида бир қатор мавзуларда учрашувлар ўтказилади. Улар орасида чегараларни назорат қилиш, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва минтақавий хавфсизлик каби мавзулар бор. Айниқса атроф-муҳит ҳимоясига кўпроқ вақт сарфланишини кутиш мумкин. Чунки Европа Иттифоқи табиат муҳофазасига жиддий эътибор бермоқда. Буни якунига етган Европарламент сайловларида «яшиллар»нинг мавқейи сезиларли даражада яхшиланганидан билиш мумкин.

Юқоридаги мавзулар протоколга киритилганлари холос. Улардан ташқари учрашувлар ҳам бўлиши мумкин. Масалан, Туск Орол денгизига боришни хоҳлаб қолиши ҳам эҳтимолдан холи эмас. Чунки нафақат Ўзбекистон, балки бутун минтақа учун асосий экологик муаммо айнан Орол денгизи муаммоси ҳисобланади. Туск Ўзбекистоннинг Оролбўйи ҳудудларда амалга ошираётган ишларига баҳо бериши ҳам мумкин. Сиёсатчи Қорақалпоғистонга бормаган тақдирда ҳам учрашувларда Орол ҳақида гапириб ўтса керак.

Дарвоқе, Тускнинг келиши аввалидан табиат муҳофазаси борасида қонунчиликда ўзгартириш қилингани ҳам қайсидир маънода рамзий кўриниш олди. Президент «Ўзбекистон Республикасининг Жиноят кодексига ҳамда Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида»ги қонунни имзолади.

Унга кўра, эндиликда ўсимлик ва ҳайвонот дунёсининг камёб намуналарига зарар етказганлар учун жазо кучайтирилди. Жарималар энг кам иш ҳақининг 400 бараваригача оширилди. Масалан, эндиликда дарахтларни ўзбошимчалик билан кесган фуқаро 2 миллион сўмдан кўпроқ, шу қоидабузарликни қилган мансабдор шахс эса 3 миллион сўмдан кўпроқ жарима тўлайди.

Тускнинг ташрифи давомида савдо ёки бизнес борасида шартномалар имзоланишини кутиш қийин, чунки одатда бундай шартномалар борасида режа қилинса, олдиндан маълум бўлади. Тускнинг ташрифини икки оғиз сўз билан ифодалайдиган бўлсак, у Марказий Осиё давлатларига Европа Иттифоқи улар билан ҳамкорликдан мамнун бўлишини билдириб, бу борада минтақа давлатларига рамзий маънода сиёсий ҳурмат намойиш қилмоқчи.

Умуман, Европа Иттифоқи раҳбарларининг дунё бўйлаб сафарлари одатий ҳол, лекин уларнинг ташрифи ўша давлат учун доим катта воқелик бўлган. Европа Иттифоқи дипломатияси раҳбари Федерико Могерини ҳам ўтган йил бошида Ўзбекистонга келганди. Тошкентга сафари арафасида Европа Кенгаши раиси Дональд Тускнинг фаолиятига назар ташлаймиз.

Сиёсий фаол талабаликдан Польша бош вазирлигигача

Дональд Туск 1957 йилнинг 22 апрель куни Польшанинг Гданьск шаҳрида дурадгор оиласида туғилган. Гданьск университетининг тарих факультетини тамомлаган. Туск сиёсатга ёшлигидан бефарқ бўлмаган. У Гданьск университетида ўқиб юрган вақтида олийгоҳда талабалар мустақил кенгашини тузади.

1989 йилда Гданьск либераллари билан бирга Либерал-демократлар партиясига асос солади. 1991 йилдан партияга раислик қилади. 1997-2001 йилларда Польша сенатида вице-маршал бўлиб ишлайди. Сиёсий фаолиятининг дастлабки йилларидан бозор иқтисодиёти, консерватизм ва Россия билан яқинлашишни қўллаб келади (аммо Европа Иттифоқи раҳбарлигига келгач, Россияга нисбатан қатор негатив чиқишлар қилган).

У 2001 йилда Польшада ташкил қилинган «Фуқаролик платформаси» партияси асосчиларидан бири ҳисобланади. Туск 2005 йилги Польша парламенти сайловларида партия етакчиси сифатида қатнашган. Ўша йили президентлик сайловларида ҳам иштирок этган ва сайловчиларнинг 45,96 фоизи унга овоз берган, лекин бу овозлар ғалаба учун етарли бўлмаган - ўшанда Лех Качиньский президентликка сайланган (у 2010 йил авиаҳалокатда вафот этганди).

Сайлов кампанияси вақтида қизиқ воқеа содир бўлади. Качиньскийнинг сайлов кампаниясидаги маслаҳатчиси Яцек Курский унинг рақобатчиси бўлган Дональд Тускнинг бобоси иккинчи жаҳон уруши вақтида кўнгилли сифатида немис армияси сафида жанг қилгани ҳақида маълумот тарқатади. Бироқ бу маълумот хатолиги маълум бўлгач, Курский хатосини тан олиб, Тускнинг бобосини унинг амакиваччаси билан адаштириб юборганини айтади. Шундай бўлса-да, экспертлар бу шов-шув Тускнинг сайлов кампаниясига салбий таъсир қилганини айтишади.

2007 йил Польшада навбатдан ташқари парламент сайловлари ўтказилади ва унда Туск таъсисчиларидан бўлган «Фуқаролик платформаси» партияси ғалаба қозонади. Сайлов якунларига кўра Дональд Туск Польша бош вазири этиб тайинланади.

2014 йил 30 августда Туск Европа Кенгаши раислигига сайланади ва сентябрда Польша бош вазирлигидан кетади. У Еврокенгаш раислигига декабрдан киришиши керак бўлса-да, сентябрь ойиданоқ бош вазирликдан кетади ва 3 ой давомида кенгаш раислигига киришишга тайёргарлик кўради.

Сўзамол сиёсатчи...

Дональд Туск сўзга чечан сиёсатчи ҳисобланади. Балки бунга сабаб унинг яхшигина тарихий асарлар муаллифи эканидир. У ўзи туғилган Гданьск шаҳри ҳақида тарихий китоб ёзган. Дональд Туск Украинадаги сиёсий нотинчлик вақтида, Майдан энди-энди тинчий бошлаганида Киевга боради ва Олий Рада минбарида нутқ сўзлайди: «Мен бу ерга аввало Европа Кенгаши раиси ва ўз навбатида сизнинг дардингизга шерик бўлишни истаган польяк қўшнингиз сифатида келдим. Европа сизнинг фарзандларингизни унутмайди».

Фарзандлар деганда Туск Майданда ҳалок бўлган украиналикларни назарда тутганди. Украинадаги можаролар айнан мамлакатнинг Европа Иттифоқига кириши борасидаги фикрлар хилма-хиллигидан бошланганди.

Туск Украинанинг Европа Иттифоқига кириши эҳтимолига шундай чиройли таъриф берганди: «Сиз украиналикларга Европа нималигини ўргатманг, улардан Европа нималигини ўрганинг. Шубҳасиз, Европани Украинасиз тасаввур қилиб бўлмайди!». Улардан Европа нималигини ўрганинг, деганда Туск украиналикларнинг Европа Иттифоқига кириш хоҳиши ортидан юз берган урушда қандай мардонаворлик кўрсатганини назарда тутган.

Тускнинг бу гапларидан сўнг уни Украинада қаҳрамондек қабул қилишади. Бу эса сиёсатчи ўз ишини қойиллатишини ва киришимли эканини кўрсатади. Балки шунинг учун у Польшада энг узоқ вақт давомида бош вазир бўлишни эплагандир. Туск ҳамманинг кўнглини топишни уддалайди. Масалан, Украина Радасида украинча гапирган бўлса, Черногорияга борганида черногорча, Руминияга борганида руминча гапирганди.

Бу сиёсатчи барча давлатларнинг анаъналарини ҳурмат қилиши билан бирга кўп тил билишини ҳам англатади. Ўзбекистонга келганида жаноб Тускнинг ўзбекча гапиришига ваъда бериш қийин, лекин у рус тилини яхши билади ва мулоқотларда айнан рус тилидан фойдаланиши мумкин. Айтишларича, Туск Европа Кенгаши раислигига келганида инглизчани билмаган, лекин ҳозирда у дунё тилига айланган инглизчада бурро сўзлайди.

Польша президентлигига номзодини қўйиши мумкин. Қўймаслиги ҳам мумкин

Польяк нашрлари 2020 йилда ўтадиган президентлик сайловларида амалдаги президент Анжей Дуда билан биргаликда Дональд Туск ҳам ўз номзодини қўйишини истисно қилмаяпти. Бу ҳақда сиёсатчининг ўзи ҳеч нарса дегани йўқ, лекин Польшада шундай хабарлар юрибди. 2020 йилга бориб Туск Европа Кенгаши раислигидан кетган бўлади ва ёшлигидан буён сиёсатда юрган инсоннинг ундан ташқарида қолишини тасаввур қилиш қийин. Шу боис, Туск ватанига яна раҳбар сифатида қайтишини кутиш ҳам мумкин.

Аммо жаноб Тускнинг Европада ўз мавқейига эга эканлигини инобатга олсак, у президентликка номзодини қўймаслиги ҳақиқатга яқин. Чунки Польша парламентар республика ва асосий сиёсий қарорларни бош вазир қабул қилади, президент эмас. «Европа президенти» деган рамзий номга эга бўлган жаноб Туск эса иккинчи бўлишга кўнмаса керак...

Ўткир Жалолхонов

Мавзуга оид