Спорт | 15:40 / 30.05.2019
20766
6 дақиқада ўқилади

Сорри, Сарри!

«Челси»нинг кечаги ғалабаси қайсидир маънода 2016 йилги Англия Кубоги финалида «Манчестер Юнайтед»нинг «Кристал Пэлас»ни ютганини эслаб юборди. Гап мураббийларда. Ўша куни фаолиятидаги сўнгги совринини ютган Луи ван Гаал билан кеча илк марта бирор турнирда ғалаба қозонган Маурисио Сарри ўртасида бир ўхшашлик бор. Иккаласи ҳам ажойиб эмоциялар, голлар, финалдаги ғалабалардан кейин истеъфога чиқарилмоқда. Сарри ҳолатида ҳали расман эълон қилинмади, лекин бу ҳақиқатга яқинроқ. Ва мантиқлироқ ҳам.

Сабаби, Маурисио Сарри ҳам худди нидерландиялик ҳамкасби каби ўз услубига, жамоада қурмоқчи бўлган фалсафасига зид йўлдан борган ҳолда соврин ютишди. Яъни, кечаги ғалаба Саррининг Лондонда қурмоқчи бўлган янги жамоаси учун пойдевор бўлишини, ниҳоят «Челси» ўз йўлини топганини кўрсатмайди. Ҳа, балки, мавсум давомида «Челси» ўз йўлини топгандир, аммо шубҳасиз, бу Саррининг йўли эмас.

«Наполи»дан ташриф буюрган мураббий илк ойларданоқ «Челси» фалсафасини ўзгартиришга киришди. Жамоанинг фаол прессинг ва юқори ҳимояда ўйнай бошлаши «Стемфорд»да аввал муваффақиятли ишлаган Жозе Моуриньо, Антонио Конте ва ҳатто Карло Анчелотти ғояларидан кескин фарқ қиларди. Сарри билан Неаполдан ташриф буюрган Жоржиньо жамоа юрагига айланди, «Челси» эса, жуда самарали натижалар қайд этиб, «Манчестер Сити» ва «Ливерпуль» билан маълум муддат рақобатлашди ҳам.

Кейинчалик, натижалар ёмонлаша бошлагач, Саррининг қайсарлиги муҳокама қилина бошланди ҳамки, мураббий билганидан қолмади – «мен ўз услубимдан ҳеч қачон воз кечмайман». Бу туриш Пеп Гвардиоланинг дастлабки йилдаги жавобини эслатиб юборгандир, ахир айнан Гвардиола танқид-у шубҳаларга қарамасдан, ўз фалсафасига содиқ қолган ва кейинги йилда ҳеч ким тенг кела олмайдиган машинани яратди-ку...

Аммо «Челси» «Манчестер Сити» эмас, Абрамовичнинг, умуман лондонлик футболчиларнинг мураббийларга муносабатини, истеъфо тажрибасини жуда яхши биламиз. Сарри барибир жадвалнинг юқори қисмида юрса-да, унинг кетиши ҳақидаги гаплар кўпайиб борди. Айниқса, февраль ойида Манчестер клубларидан умумий – 0:8 ҳисобидаги мағлубият, Борнмутдаги шармандалик, Кепа воқеаси, ҳаммаси Саррининг истеъфосидан дарак бера бошлади.

Луи ван Гаал ҳатто ўша финал кечасидаям уни кетказишларини билмаган, эртасига истеъфога чиқарилишини шок ўлароқ қабул қилганди. Менимча, Сарри анча аввалроқ кетиши ҳақида билган, балки шунинг учун қайсарликни тўхтатиб, ўз фалсафаси билан эмас, натижа келтириши мумкин бўлган тактикаларга кўпроқ мурожаат қила бошлаган. У энди эътиборини ўз жамоасини қуришда давом этиш, масалан, келаси мавсумлар учун ҳам пойдевор қуриш, ниманидир тайёрлашга эмас, Чемпионлар Лигаси йўлланмасини қўлга киритиш, Европа Лигасида ютиш каби қисқа масофали стратегияларга қарата бошлади.

Таққослаш учун, «Челси»нинг худди шу «Арсенал» билан август ойидаги ва кечаги ўйинидаги баъзи кўрсаткичларга қараш кифоя. Мавсум бошида «Челси» футболчилари бутун ўйин давомида 700дан ортиқ узатмани амалга оширган бўлса, кеча бу кўрсаткич 400тагаям етиб бормади. Жамоа фақат юқори прессингга мурожаат қилди, гол ургандан кейин эса, асосан вазият пойлаш билан шуғулланди. Яъни, кўпроқ Контенинг жамоасига ўхшаб кетди ҳаммаси. Таркибни аниқлаган, режани тузган Сарри бўлгани билан, ўйинда Сарридан асар ҳам йўқ эди. У фақат маълум футболчиларни аниқ учрашувга тайёрлади, холос. Ортиқ эмас. Умуман, «Челси»нинг февралгача ва ундан кейинги кўрсаткичларига қарасангиз, ҳар томонлама фарқли жамоалар майдонга тушганини кўриш мумкин. Тўп назорати, прессинг, ҳужум ва ҳимояланишдаги муҳим урғуларда яққол фарқни кўрасиз.

Буни биз яна учрашув қаҳрамони Оливье Жиру бўлганидан ҳам билишимиз мумкин. Сарри ҳеч қачон унга асосий таркиб ўйинчиси сифатида қарамаган, Жирунинг ўйин услуби жамоа фалсафасига мос эмаслигини кўп бор тилга олган, у ярим ҳимоячилар билан боғламларда жуда пассив иштирок этишини танқид қилган. Қарсаклар Азарга қаратилгани билан, франциялик ҳужумчи кечаги ўйинда асосий ишни бажарди: жуда қийин вазиятда боши билан зарба бериб, ҳисобни очди, пенальти ишлади, Азарнинг сўнгги голида мукаммал ҳаракат қилиб, ўз ҳисобига ассист ёзиб қўйди.

«Челси» ажойиб жамоа. Тушуниб бўлмайди, тўғриси. Жуда кўп оддий қонуниятлар бу ерда ишламайди. Бу ерда кучли жамоанинг ташкил бўлиш жараёни ҳам, совринли мавсумлардаги тенденциялар ҳам тескари.

Масалан, еврокубоклардаги муваффақиятли мавсумларни олайлик. 2008 йилда жамоани ЕЧЛ финалига ўша мавсум давомида жамоани қабул қилиб олган Абраам Грант олиб чиққанди. Ўша Эвребе финал остонасида тўсиқ қўйган «Челси» бошқаруви эса, вақтинча вазифани бажарувчи Гуус Ҳиддинк бўлган. 2012 йилдаги ажойиб ғалаба «бунёдкор»и Ди Маттео ҳам уч ойгина олдин мураббий этиб тайинланганди. Ўтган сафар Европа Лигасида ғалаба қозонилганда ҳам мавсум давомида мураббий алмашган – Рафа Бенитес Ди Маттеонинг ўрнига келганди.

Бу сафар эса, янада бошқача, ғоявий тарафдан истеъфодаги мураббий билан Европа Лигаси ютилди.

Қаҳрамон Асланов

Мавзуга оид