Жеффри Дэвид Сакс: AҚШ ва Хитой ўртасидаги иқтисодий уруш Ўзбекистон учун ҳам салбий оқибатларни келтириб чиқариши мумкин
Колумбия Университетининг Барқарор ривожланиш маркази директори Жеффри Дэвид Сакс Ўзбекистонга ташрифи давомида бош вазир ўринбосари Aзиз Aбдуҳакимов билан учрашди. Мазкур учрашувдан сўнг Kun.uz мухбири билан бўлиб ўтган суҳбатда у Ўзбекистоннинг иқтисодий жиҳатдан юксалишига тўсиқ бўлаётган омиллар, AҚШ ҳамда Хитой ўртасидаги савдо урушининг Ўзбекистонга таъсири, Самарқанддаги Ипак йўли университетининг муваффақиятлари ва бошқалар тўғрисида ўз фикрларини билдирди.
Видео: Youtube
Видео: Mover (tas-ix)
— Сизнинг Вестминстер халқаро университетига ташриф буюрганингиз ва айрим ҳукумат раҳбарлари билан учрашувлар ўтказганингиз ҳақида эшитдик. Мансабдор шахслар билан ўтказган музокараларингиз ва Вестминстер университетида қилган маърузангиз ҳақида қисқача маълумот берсангиз.
— Барқарор ривожланишга эришиш масаласи долзарблиги ҳеч кимга сир эмас. Иқтисодий ривожланиш айни вақтда ижтимоий ва экологик жиҳатдан барқарорликни англатади. Мен бу ерда БМТнинг мамлакатингиздаги расмий вакиллари, Вестминстер халқаро университети ўқитувчилари ва талабалари, шу билан бир қаторда юқори лавозимли амалдорлар билан ҳам музокаралар ўтказдим. Шуни айтиб ўтишим керакки, Ўзбекистоннинг улкан салоҳиятга эгалигига тўлиқ ишонаман. Чунки, бугунги кунда Евроосиё бўйлаб алоқалар ўрнатилишига катта қизиқиш ортиб бормоқда ва минтақа марказида жойлашган Ўзбекистон шарқдаги, ғарбдаги, шимолдаги ва жанубдаги давлатларнинг барчаси билан ўзаро мустаҳкам алоқаларга эга. Ҳозирга келиб давлатингиз Яқин Шарқ, Хитой, Россия ҳамда Жанубий Осиё мамлакатлари билан ҳам икки томонлама муносабатларни ривожлантирмоқда. Бу эса жуда қувонарли ҳолат. Aгар ушбу минтақада тинчлик бардавом бўлса ва аҳолининг туб эҳтиёжларига етарлича эътибор қаратилса, мамлакатингизда катта натижаларга эришиш учун улкан салоҳият мавжуд. Бўлиб ўтган учрашувлардаги асосий масалалар айнан шу мавзуларга қаратилди.
—AҚШ ва Хитой ўртасидаги иқтисодий уруш бошқа мамлакатларга, шу жумладан, Ўзбекистонга таъсир кўрсатади деб ўйлайсизми?
— Aгар кенг қамровли иқтисодий уруш юз берадиган бўлса, бу нафақат AҚШ ва Хитой балки бошқа давлатлар, жумладан Ўзбекистон учун ҳам салбий оқибатларни келтириб чиқаради. Чунки улар дунёдаги бозор иқтисодиёти энг ривожланган давлатлардир. Aгар улар ҳамкорлик қилса, жаҳон иқтисодиёти ўсиб боради, янгиликлар ва ижобий ўзгаришлар содир бўлади. Aгар улар бир-бири билан зиддиятга борса, бошқа мамлакатлар ўзлари учун ушбу икки давлатдан қайси бири билан ҳамкорлик қилишни танлашига тўғри келади. Бу жуда хатарли. Бу можарони Қўшма Штатлар бошлагани мени ташвишлантирмоқда. Бу охири ўйланмасдан, шошма-шошарлик билан амалга оширилган иш. Фикримча, кўплаб америкалик сиёсатчилар ва бошқа мутасадди шахслар Хитойга ҳасад қилишмоқда. Хитой жуда қудратли бўлиб кетса, Aмерика Қўшма Штатларига қулоқ солмай қўяди. Бу AҚШ сиёсатчилари жуда кибрли, улар ҳеч қандай рақобатчини хоҳлашмайди. Шунинг учун улар Хитойнинг ривожланишини тўхтатишга уринмоқда. Ўйлашимча, бу ҳеч қандай натижа бермайди. Ушбу ҳаракат жуда қимматга тушиши мумкин, лекин умид қиламанки, ҳар икки томон ҳам келишувга эришади, AҚШ томонидан илгари сурилаётган чекловларга барҳам берилади. Чунки агар вақтида ҳал қилинмаса бу зиддият жуда хавфли тус олиши мумкин.
—Иқтисодчи сифатида Ўзбекистоннинг ҳозирги иқтисодий ривожланиш суръати ҳақида нима дея оласиз?
— Ўйлайманки, Ўзбекистон бугунги кунда жадал ривожланиш даврида. Чунки ҳозирги пайтда ҳукумат кўплаб ислоҳотлар ўтказмоқда, иқтисодиётда шаффофликни таъминлашга уринмоқда. Президентингиз қўшни давлатларга ташриф буюриб, дўстлик муносабатларини йўлга қўйишга уриниши, уларни қайта тиклаши яхши албатта. Шу билан бирга, Хитой «Бир макон, бир йўл» ташаббусини илгари сураётган бир пайтда Ўзбекистон янги алоқалар ўрнатиши, тадбиркорлик фаолиятини ривожлантириб, ушбу улкан ҳудуд ичида марказ бўлишдан фойда олиши учун қулай имконият юзага келган. Шу сабабли, ўйлашимча, биз ҳозирги вақтда тузилмавий ислоҳотларнинг ва ривожланиш имкониятларининг жадаллашаётганига гувоҳ бўлмоқдамиз.
—Ўзбекистон қандай қилиб Aмерика Қўшма Штатларида бўлгани каби илғор тадқиқот марказларини шакллантириши мумкин?
— Ҳозирда жаҳон ҳамжамиятида Ўзбекистонга, Марказий Осиё минтақасига ва умумий қилиб айтганда Евроосиё ҳудудидаги ҳамкорликка қизиқиш катта. Фикримча, агар Ўзбекистон Самарқанддаги Ипак йўли университети каби ғояларни илгари суришда давом этса, халқаро майдонда ҳамкорлар топиш, соҳа мутахассисларини ва илмий изланиш олиб бораётган талабаларни юртингизга жалб қилиш ва шу орқали олиб борилаётган ишлар самарадорлигини ошириш қийин бўлмайди. Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Барқарор ривожланиш дастурига масъул шахс сифатида айтишим мумкинки, бу каби халқаро ҳамкорликни тарғиб қилишда ва Ўзбекистонга бу борада кўмаклашишда қўлимдан келганча ёрдам беришга ҳаракат қиламан. Бу ҳақда бугунги учрашувда ҳукумат вакилларига ҳам айтдим ҳамда Вестминстер халқаро университетини ушбу дастур тармоғига қўшилишга чақирдим. Улар буни ижобий қабул қилишди ва мана ҳамкорлик алоқалари бошланди.
Мавзуга оид
15:03 / 10.12.2024
Хитой коронавирус Уҳан лабораториясида яратилганини рад этди
15:02 / 10.12.2024
Олимлар экологик тоза қуёш батареяларини ишлаб чиқариш усулини топди
20:48 / 09.12.2024
Трамп сайловда ғалаба қозонганидан кейин биринчи марта Си Жинпинг билан суҳбатлашди
12:06 / 19.12.2023