Ўзбекистон | 17:20 / 02.06.2019
41064
7 дақиқада ўқилади

Эксперт билан интервью: Германия президенти Ўзбекистонга нега ташриф буюрганди?

Германия Федератив Республикаси президенти Франк-Вальтер Штайнмайернинг 27-29 май кунларидаги Ўзбекистонга ташрифи жамоатчиликда қизиқиш уйғотиш билан бирга кўплаб масалаларда мулоҳаза қилишга йўл очиб берди. Ташриф ва давлатлараро муносабатлар ҳақида Ўзбекистон Республикаси президенти ҳузуридаги стратегик ва минтақалараро институти бўлим раҳбари Баҳром Сотиболдиев Kun.uz'га ўз фикрларини билдирди. 

— Германия Федератив Республикаси президенти жаноб Франк Вальтер-Штайнмайернинг Ўзбекистонга ташрифини икки мамлакат муносабатлари изчил равишда мустаҳкамланиб бораётгани билан боғлаш мумкин. Айниқса, охирги икки йилда бу муносабатлар янада яхшиланди. Масалан, 2017 йил ноябрь ойида Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Абдулла Арипов, 2018 йилда эса Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов Германияга ташриф буюрган эди. 2019 йил январда эса Президент Шавкат Миромонович Германияга давлат ташрифи билан борди, ҳар томонлама манфаатли масалаларда музокаралар ўтказилди, амалий натижаларга ҳам эришилди. Давлат ташрифи доирасида бўлиб ўтган бизнес форумда икки мамлакат ишбилармонлари ўртасида 8 млрд евро миқдоридаги турли шартномалар имзоланди.

Ўзбекистон Германиянинг ташқи сиёсий ташаббусларини доимо қўллаб-қувватлаган. Европа Иттифоқида ҳам Германиянинг нуфузи ва салоҳияти алоҳида мақомга эга. Германиянинг йиллик ялпи ишлаб чиқараётган маҳсулотининг ҳажми 3 трлн 300 млрд доллар атрофида баҳоланади. Германия тайёр маҳсулот экспорти бўйича ҳам дунёда тўртинчи ўринда туради. Аҳолиси 82 млн киши. Яқин йилларгача икки мамлакат муносабатларини иқтисодий масалаларда мустаҳкамлашга валюта конвертацияси муаммолиги тўғаноқ бўлаётган эди. Бу масала ҳал этилиши германиялик ишбилармонларнинг Ўзбекистонга қизиқишини оширмоқда.

Очиқ сиёсат олиб борилиши натижасида Ўзбекистон жаҳон, хусусан, герман ҳамжамиятига ўзининг ижобий қирраларини кўрсата оляпти. Германия ҳам Марказий Осиё бозорига кириб келишидан манфаатдор. Йирик мамлакатлар ҳар доим ўз маҳсулотини сотиб олишга қодир бўлган бозорни қидиради. Марказий Осиё ҳам худди шундай қиёфада шаклланмоқда. Ўзбекистондаги ислоҳотлар негизида Марказий Осиёда янги геосиёсий ва геоиқтисодий ҳолат юзага келмоқда. Халқаро даражада иш олиб борадиган ишбилармонлар учун шундай эталон мавжуд. Яъни, қаерга Германия ишбилармонлари пул тикишни бошлаётган бўлса, демак, бу мамлакат иқтисодиётига сармоя киритиш ишончли саналади.

Ўзбекистон ҳам Германия бозорига кириб бориш учун уларнинг стандартларига, сифат кўрсаткичларига интилиши керак. У ерда аҳоли жуда тўқ яшайди, юқори сифатли маҳсулотга эҳтиёж бор.

Видео: Youtube

Видео: Mover (tas-ix)

— Халқаро нуфузга эга сиёсатчиларнинг Ўзбекистонга ташрифи жаҳон майдонида ўз сўзимизни баралла айта олишимизга, халқнинг турмуш фаровонлиги даражаси ўсиши учун асос бўла оладиган ишлар амалга оширилишига таъсир кўрсата оладими?

— Ўзбекистоннинг чуқур ўйланган прагматик ташқи сиёсати Марказий Осиёдаги манзаранинг ҳар томонлама ўзгаришига таъсир кўрсатди. Марказий Осиё геосиёсий, иқтисодий салоҳияти жуда юқори бўлган минтақа ҳисобланади. У дунё сиёсатини тебратаётган давлатлар билан чегарада жойлашган. Ўз-ўзидан, Ўзбекистонга бўлган муносабат ҳам ижобий йўсинда шакллана бошлади. Хусусан, 2019 йилда Европа Иттифоқининг Марказий Осиё бўйича янги стратегияси ишлаб чиқилди ва қабул қилинди. Дональд Тускнинг ташрифи ҳам Ўзбекистоннинг фаол ташқи сиёсати мамлакатлар, хусусан, Европа Иттифоқи томонидан ҳам ижобий қабул қилинаётгани ифодаси сифатида баҳолаш мумкин.

— Илгари хорижий мамлакатлар Ўзбекистон билан иқтисодий муносабатга киришишдан олдин ўзининг сиёсий талабларини қўярди. Ҳозир эса мамлакатнинг иқтисодий жозибадорлиги ошиб бормоқда. Қандай сабаблар бу ижобий ўзгаришнинг йўқолиши, муносабатлар яна совуқлашишига олиб келиши мумкин, деб ўйлайсиз?

— Коррупция. Бу ҳар қандай жамиятда бор ҳолат, фақат белгиланган механизмлар орқали жиловланади. Шу механизмлар яратилган ва амалий жиҳатдан ишлаётган бўлса, коррупция даражаси паст бўлади. Лекин бу кўрсаткич юқори бўлса, ҳам ташқи, ҳам ички инвестицияларни жалб қилиш жараёни секин кечади, шубҳали қараш пайдо бўлади. Лоббизм, яъни муайян гуруҳларнинг ўз қизиқишларини халқ манфаатларидан устун қўйиши ҳам ислоҳотларга тўғаноқ бўлади. Ўзбекистон илгаригидек ёпиқ жамият эмас. Шунчалик кўп ислоҳотлар қилиняптики, энди орқага қайтишнинг имкони ҳам йўқ. Халқ ҳам очиқлик сиёсатини қўллаб-қувватлаяпти. Мамлакат раҳбари халқ истакларини амалга оширувчи инсон сифатида ўзини намоён қилди, буни исботлади.

Давлат раҳбари таъкидлаганидек, ташқи сиёсатдаги асосий устувор принцип — Ўзбекистон ҳеч қандай ҳарбий гуруҳларга қўйилмайди ва мамлакат ҳудудида ҳеч бир давлатнинг ҳарбий базаси жойлашмайди, мамлакат ҳарбийлари хориждаги ҳарбий ҳаракатларда ҳам иштирок этмайди. Йирик давлатлар ўртасидаги муносабатлар таранглашаётган вазиятда қайсидир давлатнинг тарафини олиш ёки сиёсий иттифоқларга аъзо бўлиш Ўзбекистоннинг ташқи ва ички манфаатларига тўғри келмайди. Оқилона прагматик ташқи сиёсат деганда ҳам биринчи ўринда шу назарда тутилади. Доимо икки томонлама тенг манфаатли муносабатлар олиб борилишга ҳаракат қилиняпти.

— Германия ва Ўзбекистон узоқ йиллардан бери кўп соҳаларда ҳамкорлик қилиб келади. Ўзаро алоқаларда олий мақомдаги шахслар ташрифи ҳам кузатилмоқда. Бу борада нега айнан Германия Президенти Франк Вальтер-Штайнмайер? Бу ўринда бошқа шахсни ҳам кўриш мумкин эдими?

— Биринчидан, Франк Вальтер-Штайнмайер Германия ташқи сиёсатида кўзга кўринган сиёсий арбоб ҳисобланади. Иккинчидан, у илгари ҳам Ташқи ишлар вазири мақомида бўлганида Ўзбекистонга келган, мамлакат билан яхши таниш. Учинчидан, Германия канцлери Меркель хонимнинг ваколат муддати тугаб бормоқда, демак, мамлакат янги сиёсий давр бошланиши арафасида. Шу боис, айни дамларда Президентнинг сиёсий мақоми анча салмоқли ҳисобланади. Бу сиёсий шахснинг жаҳонда кечаётган жараёнлар борасидаги нуқтаи назарлари ҳам биз учун муҳим. Афғонистонда кечаётган тинчлик музокараларини шакллантириш бўйича Германия ва Ўзбекистон қарашлари мос тушади. Яна бир гап. Хитой дунёдаги энг йирик ишлаб чиқариш фабрикасига айланган бир вақтда унда ишчи кучи қимматлашмоқда, энергия ошяпти. Демак, энди Хитой товари қимматлашади, барча аҳоли қатлами учун мос келмай қолади. Ўзбекистон учун эса бу борада катта имкониятлар бор. Фақат бунинг учун пул тикиш керак, технология олиб кириш ва кадрларни тайёрлаш керак.

Мавзуга оид