Спорт | 14:30 / 02.06.2019
33455
13 дақиқада ўқилади

Финалдан кейинги 4 мулоҳаза

Фото: TF-Images/Getty Images

Юрген Клопп жамоаси финалда «Тоттенҳэм»дан устун келди (2:0) ва ўз тарихида олтинчи марта Европанинг бош совринини боши узра кўтарди.

ИШОНЧ - ҒАЛАБА ПОЙДЕВОРИ

Алекс Фергюсоннинг автобиографик китобини ўқиганимда, бир жиҳат алоҳида эътиборимни тортганди. Сэр Алекс мураббийлик фаолияти давомидаги алоҳида ўйинларни эслар экан, жамоасига бўлган ишонч ҳаддан ташқари бўлгандек туюлганди. Масалан, 2013 йилда «Реал»га қарши ўйин ҳақида ёзаётиб, «биз «Реал» ҳисобда олдинга чиқиб олгандан кейин ҳам, яхши ўйнадик, камида бешта гол уришимиз мумкин эди», дейди. Ёки «Барселона» билан ўйин ҳақида «илк ўн беш дақиқада ҳисоб 4:0 бўлиши керак эди, аслида», деб ёзади.

Бир қараганда кулгили - ахир бунақа бўлмасди, энг ашаддий, оптимист мухлис ҳам бунақа фикр билдирмаган бўларди. Фергюсон реалликдан узоқлашиб кетганмиди? Йўқ, ўйлашимча, у ҳақиқатан ҳам жамоасига шу даражада ишонган. Ўзи ишонмай туриб, шогирдларини «камбэк»ларга ишонтириш иложсиз.

Биз мотиватор мураббийлар ҳақида кўп гапирамиз, қанақадир таъсирли сўзлар ишлатиш лозимлиги, шогирдларининг қалбига етиб бориш кераклиги, умуман мураббий психолог бўлиши кераклиги айтилади. Аммо кўпинча бу иш бермайди - мураббий аввало, самимий бўлиши, ўзи айтаётган гапларига аввало, ўзи ишониши шарт экан. Ана шундагина, шогирдларга ҳам бу таъсир қилади, ишонч юқади. Юрген Клоппнинг жуда кўп бошқа мотиватор мураббийлардан фарқи ҳам шунда - у мўъжизаларга, аввал ўзини ишонтиради. Аниқроғи, футболда ҳеч нарса мўъжиза эмаслигига...

«Мен ўтган йилги финалдан кейин, тезда ўзимга келдим. Ҳатто уйга борганимда оиламдагилар, дўстларим мени юпатишга ҳаракат қилгандек туюлар, лекин мен аллақачон бу натижадан узоқлашиб бўлгандим. Ҳа, финалларни ютқазувчи деган лақаб ёқимсиз туюлади, аммо мен «Ярим финалларни ютиш» ҳақида китоб ёзишим мумкин, шундай эмасми? Мен ўзимга, яна финалга келаман, деб айтдим».

Ҳимоячи Эндрю Робертсон ThePlayersTribune нашрига айтиб берган ҳикоясида «Камп Ноу»даги мағлубиятдан сўнг, айнан Клоппнинг нутқи унга қайта ишонч бағишлаганини айтади.

«Хўп, биз дунёнинг энг кучли жамоаси эмас эканмиз. Хўп, энг кучли жамоа - улар! Лекин биз ҳали ҳам дунёнинг энг кучли жамоасини ютиш имконига эгамиз. Имконият бор экан, келинглар, яна бир уриниб кўрамиз» - Бу сўзлар шунчаки, футболчиларни руҳиятини кўтариш учун айтилган бўлганида, таъсир қилмасди.

2005 йилги Истанбул финалида, биринчи бўлимдан сўнг, ўйинни 0:3 ҳисобида бой бераётган «Ливерпуль»нинг ўша пайтдаги мураббийи Рафаэл Бенитес антиқа йўл тутганди. У ўшанда кийим алмаштириш хонасидаги форточкани очиб қўйганди. У ерда стадиондаги мухлисларнинг ҳамон «Ливерпуль»ни қувватлашаётгани, машҳур «You never walk alone» («Сиз бу йўлда ҳеч қачон ёлғиз эмассиз») қўшиғини куйлашаётгани эшитилиб турарди. Мухлис халқи доим жамоасига ишонади - футболчиларга бу таъсир қилади, албатта. Юрген Клоппда айнан мухлисларга хос тарздаги ишонч бор ва бу ғалабаларнинг муҳим пойдеворидир.

ЖАМОА ҲУЖУМДАН БОШЛАНАДИ

Жуда кўп классик мураббийлар жамоа қуришни аввало, ҳимоядан бошлаш керак деб айтишади. Албатта, бу жуда муҳим - агар жамоа гол ўтказмаса, ҳар қандай ўйинда етарлича гол уриш имконияти бўлади. Мағлубиятга учрамаслик, гол ўтказмаслик жамоага ишонч бағишлайди, кейинчалик, аста секинлик билан керакли боғламларни, ҳужум ташкил қилиш ҳақида бош қотириш мумкин. Одатда, янги жамоа ташкил қилишда трансферлар ҳам, илк ўзгаришлар ҳам айнан ҳимояга нисбатан амалга оширилади.

Осиё-2011 олдидан ўтказилган ўртоқлик ўйинларда Вадим Абрамов жамоаси жуда кўп гол ўтказиб юбораверар, мураббий эса, кўпроқ ҳужумни ташкил қилиш, назорат қилиш ҳақида гапираверарди. Мен ундан «жамоани аввало, ҳимояни мустаҳкамлашдан бошламайсизми?» деб сўраганимда шундай жавоб қайтарганди: «Биз биринчи навбатда гол уришни ўрганишимиз керак. Агар ҳужум қилиш, гол уриш биз учун осон бўлиб қолса, ўтказилган голлар бизни қўрқитмай қўяди. Ҳар қандай вазиятни ўнглаш учун ишонч пайдо бўлади. Кейинчалик ҳимояга эътибор қаратиш осон».

Клопп ҳам шу йўлдан борди. У аввало, шогирдларига гол уришни, ҳужум қилишни ўргатишни маъқул кўрди. Эсингизда бўлса, илк мавсумларда «Ливерпуль»да анча бошбошдоқлик ҳукм сурган, гўёки таркибда мувозанат бўлмаган, алоҳида ўйинларда ўта ҳужумкор ўйнаса-да, ҳимояни унутиб қўядиган жамоага ўхшаб қоларди. Жамоа жуда кучли рақибларга қарши ўта кучли ўйин кўрсатиб, ғалабалар қозонар, шу билан бирга, шунчаки класс ҳисобига осон ютиши керак бўлган ўйинларда муаммоларга дуч келарди.

«Тизгиндаги хаос» - кейинроқ, «Ливерпуль»нинг ҳужумкорлиги юқори даражага чиқиб, Европа Чемпионлар Лигасидаги энг сермаҳсул жамоага айлангангач жамоани шундай атай бошлашди. «Ливерпуль» юқори ҳимоя ва қаттиқ прессинг ёрдамида рақиб майдонида ўзига хос хаос яратар ва ҳаддан ташқари фаоллик ҳисобига бундан самарали фойдаланарди.

Кўпчилик ўтган йилги мағлубиятни Кариуснинг хатолари ва ҳимоячиларнинг савияси пастлиги билан ўлчаган, тўғри, аммо масала фақат бунда эмасди. Алиссон ва ван Дейк каби футболчиларнинг трансферлари ҳимояни мустаҳкамлаган бўлса-да, аслида, бутун жамоа прагматик футбол сари қадам қўя бошлади. Аслида Клопп ўз биносига сўнгги тошларни қўя бошлаганди. Эътибор берсангиз, энди «Ливерпуль» камроқ ҳужум қиляпти, камроқ гол уряпти, баъзиларга бу ёқмаслиги ҳам мумкин - аммо эндигина жамоа тўлиқ, мувозанатли машинага айланди. Эндиги «Ливерпуль» майдон четидаги эмоционал Клоппгагина эмас, тактик билимлари ҳам кучли бўлган немис мураббийига ўхшаб қолди. Эндиги «Ливерпуль» керак бўлганда нечта бўлса гол уришни ҳам, керак бўлганда, гол ўтказмасликни ҳам, тўпни рақибга бериб қўйишни ҳам, сабр қилишни ҳам билади.

Хўш, нега энди айнан ҳужумдан бошлаш керак эди буларнинг ҳаммасини? Шу саволда «Ливерпуль»нинг бошқа кўп жамоалардан фарқи яширинган - «Ливерпуль» у қадар кўп ҳужум қилмаслиги мумкин, аммо гол ўтказиб юборишдан қўрқмайди. Пойдевор сифатида ҳимоя танланган жамоаларда, масалан Моуриньода, гол ўтказишдан жуда қўрқилади. Ўтказиб юборилган 1-2 гол гўёки ўйинга бўлган режани бузиб юборгандек тасаввур пайдо қилади. «Ливерпуль»да эса, аксинча, жамоа ҳар қанча гол ўтказиб юборса ҳам, ҳужумда ҳар қанча гол уриш мумкинлигини билади, бунга ишонади. «Барселона»даги 0:3 ҳисобидаги мағлубият умумий режани бузиб қўймайди.

11 НАФАР КЛОПП

Албатта, юқоридаги абзац Моуриньо ёки Фергюсоннинг йўли нотўғри бўлганини англатмайди. Ва масалан, Моуриньо «Реал»да Клопп йўлидан борганида, совринсиз тўртинчи йилга етиб келмаслиги аниқ эди. Айнан шу нуқтада, клуб раҳбариятини мақтаб қўйиш керак. Клоппнинг «Ливерпуль»и дастлабки мавсумларни у қадар барқарор ўтказмади, ниҳоят тўртинчи йилга келибгина, илк совринига эга бўлди. Клуб эса, мураббийга охиригача ишонди, барча шароитни яратиб берди.

Шу билан бирга, Клоппга менежментда муҳим сўз ҳаққи тақдим этилганини ҳам сезиш мумкин. «Тоттенҳэм» Почеттинога ҳеч кимни олиб бермади ва «мана шу бизнинг футболчилар, шулардан максимал фойдалан, жамоангни туз», дейишди. «Реал»да ёки «Манчестер Юнайтед»да эса, маркетинг тарафдан самара келтириши бўлган юлдузлар олиб келинади-да, мураббийга ана ўша таркибни шуғуллантириш таклиф этилади. Бугунги «Ливерпуль» эса, айнан Клоппнинг жамоаси деб бемалол айтиш мумкин.

Кеча асосий таркибда майдонга тушган 11 нафар футболчидан фақат жамоа сардори Жордан Ҳендерсон Клоппдан олдин «Ливерпуль» ўйинчисига айланган, холос. Қолган 10 нафар футболчини айнан Юрген жамоага олиб келди. Шунингдек, захирада ўтирган Шакири, жароҳатланган Кейта ва Окслейд-Чемберлейн ҳам Клопп даврида трансфер қилинган. Аҳамиятлиси, бу футболчилар, баъзилари рекорд нархларда сотиб олингани билан, топ-юлдуз сифатида келишмаганди. «Ҳоффенҳайм», «Рома», «ПСВ», «Саутҳэмптон», «Шальке», «Лейпциг», «Ҳалл Сити», «Монако» - мана, кеча майдонга тушган юлдузларнинг собиқ жамоалари. Бу футболчилар Клопп даврида ҳам профессионал маънода ўсишди ва уларнинг ҳар бири айнан Клоппнинг услубига, режасига мос равишда сотиб олингани исботланди. Ҳатто захира вариантларига айланган Вейналдум ва Орижи ярим финал ва финалларда энг муҳим голларни урганида ҳам қанақадир рамзий маъно бор. 

Одатда, кубок форматида ўтадиган мусобақалар ғолибига бироз паст назар билан қарашади. 2012 йилдаги «Челси» ёки ўтган йилги «Реал», масалан, жуда беқарор мавсум ўтказган бўлишса-да, алоҳида ўйинлардаги натижалар эвазига ғолиб бўла олган. Айтайлик, лигада беқарор жамоа ҳеч қачон чемпион бўла олмайди. У ерда қийинроқ. «Ливерпуль»нинг бундан олдин ЕЧЛ финалида уч марта ўйнаган бўлса, ўша мавсумларда АПЛда ҳатто 2-ўринни ҳам олмаганди. Шу томондан қарасак, ЕЧЛни ютиш осонроқдек туюлади.

Лекин айнан бу йилги жамоа ҳақида гап борганда, ундай эмас. Клопп шогирдлари АПЛда мавсум давомида атиги бир марта, сафарда «Манчестер Сити»га ютқазишди. Европадаги ҳар қандай бошқа чемпионатда муддатидан олдин чемпион бўладиган миқдорда - 97 очко тўплашди. Кечаги кубок улар учун мукофот дейишимиз мумкин - бундай ажойиб мавсум изсиз кетиши футбол учун ҳам адолатсиз бўларди.

ФИНАЛ ЗЕРИКАРЛИ?

Ҳар доим ҳамманинг қизиқишига сабаб бўладиган «Ливерпуль»га қарши турнир давомида «Интер»ни ҳам, «Манчестер Сити»ни ҳам, «Аякс»ни ҳам фақат сафардаги гол қоидаси ёрдамида ортда қолдирган «Тоттенҳэм»... Икки инглиз клубининг тўқнашуви жуда қизиқарли ва юқори темпда ўтишини кутганларнинг кеча ҳафсалалари пир бўлди. Ростдан ҳам финал бироз зерикарли кечди, чорак ва ярим финаллардаги ҳаяжонларни тақдим этмади.

Шундан келиб чиқиб, аслида финалга «Аякс» чиқиши керак эди, «Барселона» финалда ўйнаса бўларкан, деган гапларни айтганларни ҳам эшитдик. Бу ерда Василий Уткиннинг фикрига қўшиламан, «тасаввур қиляпсизми, финалга «Аякс» чиқиши керак эди, деяётганлар бизни Амстердамдаги эмоциялардан маҳрум қилишмоқчи!»

Яъни, агар турнирни яхлит оладиган бўлсак, айнан финал қизиқ бўлиши учун олдинги ҳаяжонлардан воз кечиш керакми? Агар финал ҳамма кутганидек, «Манчестер Сити» ва «Барселона» ўртасида кечганда, қанақадир суперматч кўрардик, тўғри, лекин бу ҳолда биз «Этиҳад»даги ажойиб «ВАР дақиқалари»дан, «Энфилд»даги камбэкдан қуруқ қолардик-ку? Ахир беш йилдан кейин ЕЧЛнинг ушбу мавсуми эсланганда, фақат финал эмас, айнан шу воқеалар, аввалги босқичлардаги ажойиб камбэклар, ақл бовар қилмас курашлар акс этмайдими? Ахир аввалги турнирлардан фақат Истанбул ва «Камп Ноу» финали ёдда қолган, бошқа барча мусобақалар аслида аввалги босқичлардаги ажойиб ўйинлар орқали ёдимизда қолган, тўғрими?

Европа Чемпионлар Лигасини бутун мавсум бизга завқ улашадиган бир сериалга қиёсласак, «Тахтлар ўйини»га фақат сўнгги қисмлар учунгина баҳо қўймаганимиздек, финал ўйинидан кўп нарса кутмайлик. Шунчаки, мана шу ажойиб мавсумга нуқтани қўювчи ва ғолиб кимлигини аниқлаб берувчи бир тадбир сифатида қарайлик. Шундагина, биз «Ливерпуль»га ҳам, «Тоттенҳэм»га ҳам, финал йўлидаги ажойиб ўйинлари учун раҳмат айта оламиз.

Нафақат бу жамоаларга, балки Чемпионлар Лигаси деган турнирни ўйлаб топганларга... умуман футбол ўйинини тўқиб чиқарганларга...

Қаҳрамон Асланов

Мавзуга оид