Жамият | 11:00 / 03.06.2019
42751
16 дақиқада ўқилади

Нарх, монополия ва режалар. Artel бош директори билан эксклюзив суҳбат

– Ҳамюртларимиз Artel номини турлича изоҳлашади. Ўзи Artel атамаси нимани англатади? Дастлаб шу ҳақда маълумот берсангиз.

– Албатта, кўпчилик ўзимиздан ҳам сўрашади. Бизнинг гуруҳимизда ёзилмаган бир қоида бор ва барча лойиҳаларимизда унга риоя килишга интиламиз: «Бир иш қилсанг – уни маҳорат, яъни санъат даражасига олиб чиқ». Шунинг учун Artel инглизча Art (cанъат) ва electronics (электроника) сўзлари бирикмасидан ҳосил бўлиб, Artel, яъни электроникадаги санъат маъносини англатади.

– Нега айнан электротехника маҳсулотлари ишлаб чиқариш билан шуғулланмоқдасиз?

– Электротехника саноати умуман олганда, бошқа саноат тармоқларига нисбатан ёш ҳисобланади ва бугунги кунда олдида жуда катта истиқболлар мавжуд. Авваллари, кундалик ҳаётимизда ишлатиладиган маиший техника воситаларининг деярли барчаси четдан келар эди ва маҳаллий бозордаги талаб импорт маҳсулотлар ҳисобига қондириларди. Аҳоли сонининг ортиб бориши ва маиший техникага талабнинг кўпайиши, маҳаллий ишлаб чиқарувчилар томонидан таклифнинг етарли даражада эмаслиги бизга айни соҳада иш бошлашга асосий турткилардан бўлди.

Ёши катта ҳамюртларимиз эсласа керак: яқин ўтмишда саноқли хонадонларда телевизор бўлган. Телевизори бор хонадон бошқаларга нисбатан тўқ, давлатманд ҳисобланган. Айнан маиший техника воситалари ҳам аҳоли яшаш турмуш даражаси кўрсаткичини белгиловчи омиллардан бири ҳисобланган. Негаки техника ишларимизни енгиллаштириб, қулайлик яратади. Ҳозирги даврда ҳар бир хонадонда иккита ва ундан ортиқ телевизорлар бор.

Бугунги кунга келиб эса, республикамизда маиший техниканинг йигирмага яқин тури маҳаллий ишлаб чиқарувчилар томонидан етказиб берилмоқда, бундан ташқари қўшни давлатларга экспорт ҳам қилинмоқда. Ҳали бу соҳада фойдаланилмаган имкониятлар ҳам кўп, шунга қарамай жаҳон бозорида жуда катта рақобат бор. Бу эса ҳали ўз устимизда кўпроқ ишлашимиз керак эканини англатади.

– Корхоналарингизнинг ишлаб чиқариш қуввати ҳақида ҳам сўзлаб берсангиз.

– Ҳозирги кунда Artel савдо белгиси остида, бир кунда ўртача 15 000 дона турли хилдаги маҳсулот ишлаб чиқарилади. Йиллик маҳсулот ишлаб чиқариш қуввати 4,5 млн. дона маҳсулотга тенгдир. Масалан, биргина кондиционерларнинг 42 хилдаги модели ишлаб чиқарилади. Истеъмолчилар талабидан келиб чиқиб, совуткичларнинг 56 турдаги кўриниши ҳам ишлаб чиқарилади.

– Artel маҳсулотларининг экспорт кўрсаткичлари ва географияси ҳақида маълумот берсангиз. Чунки бу ўйлашимча кўпчиликка қизиқ.

Албатта, барчаси шаффоф. Artel корхоналарининг маҳсулотлари 2018 йилда 45,0 млн. доллар миқдорида экспорт қилинди. Ушбу кўрсаткични 2019 йилда 65,0 млн. долларга етказиш режалаштирилган.

Экспорт географияси ҳозирга кунга келиб анча кенгайган. Қозоғистон, Қирғизистон, Озарбойжон, Тожикистон, Туркманистон, Украина, Россия, Латвия, Арманистон, Грузия, Афғонистон ва яна бир қанча давлатларга бизнинг маҳсулотларимиз кириб бораяпти.

Охирги йилларда давлатимиз раҳбарияти, хукуматимиз томонидан олиб борилаётган ислоҳотлар натижасида ишлаб чиқарувчиларга жуда кенг имкониятлар яратилмоқда. Жумладан, чет эл валютаси конвертациясини эркин қилиб қўйилиши ва солиқ соҳасидаги охирги ислоҳотлар бизга ўхшаган маҳсулот ишлаб чиқарувчиларни ўз фаолиятини кенгайтиришга ва ривожланишга катта туртки бўлиб хизмат қилмоқда.

– Хорижда рақобатга ўзгача, бозор тўйинган, фақат сифатли ва ҳамёнбоп маҳсулот истайди. Бундай шароитда ишлаш қийин бўлмаяптими?

Экспортга маҳсулот етказиб бериш бугунги кунда жуда сермашаққат ва оғир фаолият бўлиб қолмоқда. Сабаби чет давлатларнинг бозорларига кириб бориш ва ўз маҳсулотларимизни чет эллик истеъмолчиларга танитиш анча вақт ва меҳнат талаб қилади.

Одамлар орасида битта ёзилмаган қоида мавжуд. Яъни, йирик бренд компанияларнинг номи айтилса, ушбу маҳсулот ишлаб чиқариладиган давлат кўз олдимизга келади. Мисол учун, Sony деганда Япония, Mercedes Benz деганда Германия, Samsung деган Жанубий Корея ва бунга ўхшаш мисолларни кўплаб келтириш мумкин. Мен нима демоқчиман: компаниямизнинг асосий мақсадларидан бири бу, Artel деганда жаҳоннинг қайси давлатида бўлмасин, Ўзбекистонни кўз олдида гавдалантиришга ҳисса қўшиш.

Чет давлатларнинг маиший техника бозорида, устига‑устак дунёнинг машҳур компанияларнинг маҳсулотлари билан бир пештахтада туриб, улар билан нарх борасида, сифат борасида, дизайн борасида рақобатлашиб, хорижлик истеъмолчиларинг ишончини қозониш жуда машаққатли, шу билан бирга вақт талаб қиладиган жараён.

Ҳозирги вақтда экспорт давлатимиз ва ҳар бир корхона учун табиий зарурат бўлиб қолмоқда. Шу сабабли, мамлакатимизда экспортга жуда катта эътибор берилмоқда ва маҳсулот экспорти билан шуғулланувчи корхоналарга катта имконият, фаолиятларини кенгайтиришларига шароитлар яратилиб, имтиёзлар ҳам берилмоқда. Мисол учун, ишлаб чиқарган маҳсулотимизни чет элга экспортга йўналтирадиган бўлсак, ҚҚСдан озод қилинади. Бу ўз навбатида чет давлатларда маҳсулотларимиз нархининг бироз арзонлашиши ва рақобатбардош бўлишига шароит яратиб беради. Мана шу нуқтага эътибор беринг: харидорлар ўртасида ўзимизда ишлаб чиқарилаётан маҳсулотлар чет элда бироз нархи паст, деган саволлар ҳам туғилади. Сўнгги натижа барчага қизиқ. Хорижга маҳсулот чиқарадиган бўлсак, давлатимизга валюта кириб келади. Бу ўз навбатида корхонанинг ишлаб чиқариш ҳажмларини ошириш имконини беради. Ишлаб чиқариш хажмларининг ошиши, ҳар бир маҳсулот таннархида ётган харажатларнинг камайишига (“эффект масштаба” назарияси), бу ўз навбатида, маҳсулотларимизнинг ички бозорларимизда ҳам арзон нархларда сотилишига олиб келади.

– Умуман, кечаги бозор билан бугунги бозорни таққослаш мумкинми?

– Ҳозир чет эл бозорига кириш ниҳоятда қийин. Шу боис, баъзи корхоналар айни соҳада “демпинг” сиёсатини қўлламоқда. Бу нима дегани? Бу – зарурат бўлса маҳсулотни зарарга бўлса-да сотишни англатади. Мисол тариқасида, Хитойнинг Мidea компанияси ўз кондиционерларини чет давлатларда (Қозоғистон, Қирғизистон, Россия, Ўзбекистон ва бошқаларда) Хитойдаги ўша маҳсулотнинг нархига нисбатан 5-10% арзон нархларда сотишмоқда. Ёки бўлмаса, Жанубий Кореянинг Samsung компанияси музлаткичлари ҳам худди шунақа тартибда, Жанубий Кореядан ташқари бошқа давлатларга ўша давлатнинг бозори талабидан келиб чиққан ҳолда белгиланган нархларда сотилади. Бунақа мисолларни кўплаб келтириш мумкин. Йирик компаниялар ўз маҳсулотини чет элларга киришини ва рақобатбардош бўлишини таъминлаш мақсадида, айрим вақтларда демпинг усулидан фойдаланади. Бусиз экспортни амалга ошириш иложсиз бўлиб қолмоқда.

Бундан ташқари, 2011 йилда Artel компанияси маиший техника воситалари ишлаб чиқаришга энди қўл урганда, маиший техникалар, мисол учун, сплит тизимли кондиционерларнинг 12 btu ўлчамлиси, таққослашга осон бўлиши учун, долларда айтадиган бўлсак, 400-450 доллар атрофида ва бозорда ушбу кондиционерларнинг кўпи билан 2-3 брендлиги сотиларди, бугунги кунда бозорларимизда битта шу ўлчамдаги кондиционерларнинг 10 дан ортиқ турдаги брендлари 230-250 доллар атрофида сотилмоқда. Бу нимадан далолат беради, бугунги кунда, республикада маиший техника воситалари ишлаб чиқарувчиларнинг кўплигидан, ундан ташқари ташқи ишлаб чиқарувчилар учун ҳам бозоримиз очиқлигидан, рақобатнинг юқорилигидан ва асосийси истеъмолчи ютишига олиб келадиган шароит яратилган.

– Саволларнинг асосийсига ва кўпчиликни қизиқтирганига келдик. Бугунги кунда, кўпчиликда Artel монопол корхона, шунинг ҳисобига ривожланмоқда, деган фикр мавжуд. Шу ҳақида нима дейсиз?

– Бу фикрга қўшилмайман. Нима учун? Биринчидан: монополия – бу бирор ташкилот ёки корхонанинг бозорда мутлақ устунлиги ва бошқаларнинг ишлаб чиқаришига тўсқинлик қилиш. Энг муҳими, истеъмолчида танлов имкониятининг йўқлиги. Лекин бугун Ўзбекистон маиший техника бозорида Artelдан ташқари яна 20дан ортиқ маиший техника воситалари ишлаб чиқарадиган кичик ва йирик маҳаллий ишлаб чиқарувчилар бор. Савдо марказларига бориб кўришингиз мумкин ва республикамизда ишлаб чиқарилган қанчадан қанча электр маиший маҳсулотларини учратасиз. Масалан булар: Vista, Roison, Itimat, Odul, Ideal, Rosso, Konig, Comfort, Sirius, Vitech, S-Smart ва бошқалар. Ушбу корхоналар ҳам Ўзбекистон бозорида ўзи ишлаб чиқарган маҳсулотларни истеъмолчиларга етказиб бермоқда ва биз чет эл корхоналари билан бирга ушбу корхоналар маҳсулотлари билан ҳам соғлом рақобатлашмоқдамиз.

Бундан ташқари, монопол бўлган корхоналар истеъмолчилар ҳақида қайғурмайди ва ўз маҳсулотининг тақдири ҳақида кам ўйлайди. Artel корхоналари мана шундай корхоналардан фарқли равишда, ўз маҳсулотларига уч йил тўлиқ кафолат беради ва бугунги кунда республиканинг барча ҳудудларида 30 дан ортиқ сервис хизмати кўрсатиш марказлари мавжуд. Сервис хизмати соҳасида 450 нафар мутахассис меҳнат қилмоқда.

– Ишлаб чиқариш кетма-кетлиги нималарга асосланган? Саволни янада соддароқ қўядиган бўлсак, маҳсулот бутловчи қисмларининг неча фоизи маҳаллийлашган?

– Бугунги кунда, кўпчиликнинг тасаввурида Artel фақат маиший техника воситаларини йиғиш билан шуғулланади”, деган тушунча мавжуд. Лекин корхоналаримизда ишлаб чиқарилаётган маҳсулотларнинг маҳаллийлаштириш даражаси камида 65 фоизни ташкил қилмоқда. Мисол учун, совуткичларимизни олайлик, зарур бўлган пластик ва металл қисмлари тўлиқ ўзимизнинг ишлаб чиқариш корхоналаримизда ишлаб чиқариляпти. Пластик қисмлар учун гранула шаклидаги хомашёдан, совуткичнинг ташқи металл қопламалари учун лист, ўрам (рулон) шаклида келадиган металл хомашёсидан фойдаланилади. Фақатгина совуткичлар ишлаб чиқарувчи заводимизнинг ўзида бугунги кунда 1500 нафардан ортиқ ходим меҳнат қилмоқда.

Бевосита ишлаб чиқариш жараёнларига тўхталсак, шуни айтиб ўтиш жоиз, деб биламан. Ишлаб чикаришда асосий тамойилимиз бу маҳсулотнинг юқори сифатини таъминлаш! Шу мақсадда барча заводларимизда бир неча босқичдан ташкил топган сифат назорат жараёни йўлга қўйилган. Бусиз маҳсулотларимиз сотувга қўйилмайди.

Шу билан биргаликда, корхоналаримизда ўзимизнинг Artel савдо белгиси билан ёнма-ён, битта ускуналарда хорижий ҳамкорларимизнинг Samsung ва Shivaki савдо белгилари остидаги маиший техника воситалари ҳам ишлаб чиқарилмоқда. Бу ҳолат корхоналаримизда ташкил қилинган ишлаб чиқариш жараёнлари ва бўлимлари ушбу катта компанияларнинг аудитлари назорати ва техник талабларига ҳам тўлиқ жавоб беришидан далолат беради.

– Artel савдо белгиси остида ишлаб чиқарувчи корхоналарга давлат томонидан божхона, солиқ ёки бошқа бирор имтиёз берилганми? Яъни, қўшимча имтиёзлар эгамисизлар?

– Қўшимча... Қўшимча имтиёзларимиз йўқ. Корхоналаримиз норматив ҳуқуқий ҳужжатларда барча корхоналарга нима кўрсатилган бўлса, шундан фойдаланади, холос. Мисол учун Artel савдо белгиси остида фаолият юритувчи корхоналар 2018 йилгача қонунчиликда ва Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарорлари асосида белгилаб берилган “Маҳаллийлаштириш дастури” доирасида бошқа ишлаб чиқарувчилар қатори имтиёзларга эга бўлган.

Бу имтиёзлардан тегишли равишда, агарда белгиланган шартларни бажара олса, маҳаллийлаштириш даражасини оширса, ушбу имтиёзлардан республиканинг барча ишлаб чиқарувчилари фойдалана олиши мумкин бўлган ва фойдаланган ҳам.

Лекин бугунги кунда, Artel савдо белгиси остида фаолият юритувчи корхоналарнинг ўзига алоҳида турдаги, имтиёзли шартларда, алоҳида мақомдаги имтиёзлар берилмаган ва ҳамма ишлаб чиқарувчиларга яратилган шарт-шароитлар асосида ишлаб келмоқдамиз.

Шу билан биргаликда, таъкидлаб ўтмоқчи эдимки, Artel корхоналари 2019 йилнинг биринчи чорагида 171,0 млрд. сўмдан ортиқ миқдорда солиқ, божхона ва бошқа тўловлар амалга оширган.

Artel корхонаси техника бозорида доимо эркин рақобат муҳитини ва тарафларнинг эркин ривожланишни қўллаб-қувватлаган ва шу асосда ҳаракат қилган.

– Келгусида истеъмолчилар Artelдан қандай янгилик кутиши мумкин? Ёки ҳозирги ишлаб чиқариш жараёнларининг ўзи етарлими?

– Албатта, бизнинг ҳозирги кўрсаткичларимизда тўхтаб қолиш ниятимиз йўқ. Келгусидаги режаларимиз катта. Бу борада асосий мақсадларимиздан бири ишлаб чиқарилаётган маҳсулотларнинг тури ва моделларини янгилаш ва кенгайтириш ҳамда маиший техника воситаларини янада чуқур маҳаллийлаштириш асосида, экспорт кўрсаткичларини ошириш.

Корхонамизнинг R&D маркази мутахассислар томонидан Ўзбекистон иқлимига, шароитига ва бошқа кўрсаткичларини ҳисобга олган ҳолда, ишлаб чиқилган совуткичларнинг янги тўрт хил русумини жорий йилнинг 15 июлида тақдим қилишни мақсад қилганмиз, шунингдек, кондиционерларнинг ҳам яна янги икки хил турини истеъмолчиларга тақдим қилишни режалаштирганмиз.

Нафақат мамлакатимиз ички бозорида, балки қўшни республикаларда ишлаб чиқаришни ташкил этиш орқали, жаҳон бозорига кириб бориш мўлжалланган. Бунга Қирғизистонда барпо этилган ярим автомат кир ювиш машиналари ишлаб чиқариш заводини келтирсак бўлади. Шу билан биргаликда, Тожикистоннинг Душанбе шаҳрида Artel савдо белгиси остида электр сув иситкичлари ва чангюткичлар ишлаб чиқариш бўйича завод барпо этишни режалаштирганмиз.

Бундан ташқари, шу пайтгача импортдан олиб келинган маиший техникаларнинг электр моторлари (двигатель) ишлаб чиқариш лойиҳасини Хоразм вилоятида амалга оширишни режалаштирмоқдамиз.

– Яна барчани қизиқтирадиган бир савол. Ходимларни ишга қабул қилиш қандай амалга оширилади?

– Artel ёшлар компанияси, десак бўлади. Чунки ишчи ходимларнинг аксарияти ёшлар, эндигина коллеж ё лицейни битирган ўғил-қизлар, уларнинг кўпчилиги учун Artel илк иш жойи ҳисобланади.

Ходимларни ишга қабул қилиш бир неча босқичларда амалга оширилади. Дастлаб номзодлар танлаб олинади, шундан сўнг махсус тест саволлари берилади. Тест натижаларидан муваффақиятли ўтган номзодлар, суҳбатга таклиф қилинади. Суҳбатдан муваффақиятли ўтган номзодлар ишга қабул қилинади.

Номзодларга бериладиган саволлар ва тестлар мазмуни талабгорнинг қайси бўлимга ва қанақа ишга қабул қилинишига қараб тайёрланади. Шунингдек, суҳбатда асосан номзоднинг умумий характерлари, ишга қизиқиши, компания тўғрисида фикри, келажаги ва бошқалар тўғрисида гаплашилади.

Булардан ташқари, корхонамиз Республикамиздаги ўндан ортиқ олий таълим муассасалари билан ўзаро ҳамкорликни йўлга қўйган. Жумладан, Ислом Каримов номидаги Тошкент давлат техника университети, Тошкент шаҳридаги Турин политехника университети, Тошкент шаҳридаги Инҳа университети, Тошкент кимё-технологиялар институти, Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети, Бердақ номидаги Қорақалпоғистон давлат университети ва бошқаларни мисол қилиб келтириш мумкин. Бу ҳамкорликлар таълим муассасаларининг талабаларини ишлаб чиқариш заводларимизда, R&D марказимизда амалиёт ўташи, тажриба алмашиши ёки уларнинг ўқув биноларида яхши шароитлар яратиш, замонавий ўқув жиҳозлари етказиб бериш, ўқув хоналарини таъмирлаш ва бошқа ҳомийлик ишлари кўринишида бўлиши мумкин.

Бугунги кунда, Artel савдо белгиси остида фаолият олиб борувчи корхоналарда жами 10 минг нафардан ошиқ ходим меҳнат қилмоқда. Ундан ташқари, ёрдамчи корхоналарда (дилер, савдо ва бошқалар) яна 15 мингдан ортиқ юртдошимиз меҳнат қилади.

Фурсатдан фойдаланган ҳолда, шуни таъкидлаб ўтмоқчи эдимки, корхонамиз ташкил қилингандан шу кунгача бизни қўллаб-қувватлаб турган, бизга ишонч билдирган ҳар бир истеъмолчига, фуқароларга, ҳамкорларимизга ўз миннатдорчилигимизни билдирамиз. Келажакда ҳам сизларнинг ёрдамингизга ва ишончингизга муҳтож бўлиб қоламиз. Иш бор жойда, камчилик ва хатолар ҳам бўлиб туради. Шу сабабли, фуқароларимиз, тадбиркорлар, бизнес соҳаси, оммавий ахборот воситалари вакиллари томонидан билдириладиган таклифлар, шикоятлар, эътирозларни муҳокама қилишга доим тайёрмиз. Бу таклиф ва мурожаатлар компаниямиз ривожланиши ва янада ўзимизнинг устимизда ишлашга асос бўлиб хизмат қилади.

Таклиф, мурожаат ва бошқа масалалар бўйича қуйидаги манзилларга мурожаат қилиш мумкин:

Сайт: artelgroup.org

Электрон почта: bakhodir.abdullaev@artelgroup.org

Телефон: +99878 1488888

Алишер Рўзиохунов сухбатлашди.

Мавзуга оид