Light | 13:02 / 04.06.2019
32041
3 дақиқада ўқилади

16 та тилни билган одамдан 10 маслаҳат

Като Ломб, мутахассислиги кимёгар бўлишига қарамай, дунёдаги илк синхрон таржимонлардан бири бўлган ва 8 та тилга тез ва равон таржима қила олган. Жами 16 та тилни тушунган ва шунча тилда ишлаган. У яшаган даврда овозлар ёзилган аудиодиск, скайп ва тил мактаблари бўлмаганини ҳам эътиборга олиш керак.

Фото: Pinterest

Ғаройиб жиҳати шундаки, Ломб тилларнинг кўпчилигини мустақил ўзлаштирган. Бу жараёнда у хорижий тилдаги дарслик ва бадиий адабиётлар билан ишлаган. Унинг ёндашуви асосини - «тилга тўлиқ шўнғиш» тамойили ташкил этади. 

Като Ломб тилни ўрганиш учун самарали қоидаларни ёзган ва ўзининг «Мен тилларни қандай ўрганаман» китобида баён қилган. Хорижий тилларни ўрганаётганлар учун мазкур қоидалар ҳақида ўқиш қизиқ бўлади:

1. Тил билан ҳар куни шуғулланиш лозим. Вақт етишмаганида мутолаа ёки янги жумлаларни такрорлаш учун ҳеч бўлмаганда 10-15 дақиқа ажратинг. Тонгда шуғулланиш айниқса самарали.

2. Агар тилни ўрганиш истаги жуда тез кучсизланса, машғулотларнинг шахсий алгоритмини ўйлаб топинг. Масалан, бироз машғулот, кейин эса – бироз мусиқа, сайр учун озгина танаффус. Ўқиб-ўрганишни ташлаб қўйманг.

3. Нутқ ёки асарнинг тугал парчаси – биз учун ҳамма нарса. Ҳеч қачон алоҳида сўзларни ўрганманг, матндан максимум даражада фойдаланинг. Масалан, «strong wind» иборасини ёдда сақлаган бўлсангиз, сўзлардан бири хотирада автоматик тарзда иккинчисини чақиради.

4. Тайёр ибораларни ёзиб олиш ва нутқда кўпроқ қўллашга ҳаракат қилиш айниқса фойдали.

5. Кўзингиз тушган барча нарсалар – реклама, қўшиқдан парча, диалог, газета мақолалари номларини таржима қилинг. Мия ва хотира учун фойдали машғулот.

6. Кичик матн ва диалогларни ёдлаш фойдали. Бироқ юз фоиз тўғри ёдлаш керак.

7. Фойдаланиш учун тайёр бўлган ибора ва сўз бирикмаларини ёзиб юринг ва хотирангизда биринчи шахс номидан сақланг.

8 Ҳар қандай хорижий тилни изоляция кўринишида ўрганиб бўлмайди. Қалъани ҳар томондан ишғол этган маъқул: фильм томоша қилинг, оригиналдаги адабиёт ва газеталарни ўқинг, интернетда хорижликлар билан мулоқот қилинг (Масалан, Като Ломб рус тилини Гоголнинг «Ўлик қалб» ва катта луғатни ўрганишдан бошлаган).

9. Хатолардан эмас, тўғриланмаган хатолардан қўрқинг. Ҳеч қачон, ҳеч нарсани текширилмаган ҳолда қолдирманг. Яхшиси, икки марта аниқлаштиринг.

10. Ҳеч нимага қарамай, тилни ўрганишингизга ишончингиз комил бўлсин. Миқдор сифатга етиб оладиган вақт келади ва тил тўсиғи «синади».

Мавзуга оид