Иқтисодиёт | 23:01 / 04.06.2019
32860
7 дақиқада ўқилади

Давлат-хусусий шерикчилиги ўзи нима? Агентлик директори билан суҳбат

Яқин икки йил ичида янги тушунча сифатида янграётган давлат-хусусий шерикчилик соҳаси бўйича кўплаб инсонларда, ҳаттоки юристлар орасида ҳам бир қатор саволлар туғилмоқда. Мавҳумликлар ва саволларимизга жавоб топиш мақсадида Давлат-хусусий шерикчиликни ривожлантириш агентлиги директори Ғолиб Холжигитов билан суҳбатлашдик.

Видео: Youtube

Видео: Mover (tas-ix)

— Давлат-хусусий шерикчилиги ўзи нима?

— Бу аввало узоқ муддатли шартнома, битимдир. Бу битимнинг ўзига хос аломатлари шундан иборатки, лойиҳанинг хатари, молиявий манбалар ҳам хусусий сектор зиммасида бўлади. Бу молиявий манбани олиб киришдан нима манфаатдор деган савол туғилиши мумкин. Аввало бу давлатнинг талаби бор жойларга киритилади. Аҳоли инфратузилмаларини оширишга қаратилган соҳалар аэропортлар, йўллар, тиббиёт соҳаси бўлиши мумкин. Бу лойиҳалар 3 йилдан 49 йилгача бўлади. Бу шуни англатадики, лойиҳа мураккабдир. Чунки, вақтлар ўтиб кўп нарсалар, масалан нархлар, истеъмолчилар, мамлакат демографияси ўзгариши мумкин. Шунинг учун, буни пухта тайёрлаш лозим. Лойиҳани тайёрлашда ғоядан бошлаб шартномани имзолашга 18 ойгача вақт талаб этилади. Бунга замонавий менежмент тизимини жорий қилиш ҳам мумкин.

— Ўзбекистон бозор иқтисодиётига ўтганига салкам 30 йил бўлмоқда. Нега айнан ҳозир бу қонун қабул қилинишга зарурат туғилди?

— Демак, давлат-хусусий шерикчилик қонунлари, янги лойиҳалар дунёнинг 130дан зиёд давлатида амалга ошиб келмоқда. Ўзбекистон, тўғрисини айтиш керак, бу масалада озроқ кеч қолди. Шунга қарамай, ишлар тез жадаллашмоқда. Айрим мамлакатларда қонун йўқ, айрим мамлакатларда агентлик йўқ. Бизда агентлик ташкил қилингандан 6 ой ўтиб, қонун ташкил этилди. Мана энди биз ҳам қонунчилик шаклланган давлатларга жуда ҳам яқин келдик. Президентимиз томонидан 2019 йил 29 апрелда қабул қилинган 4300-сонли қарорда 15та йирик лойиҳалар қабул қилинди. 2 миллиард доллардан ошиқ бўлган бу лойиҳалар жумласига, аэропортлар, йўллар, сув таъминоти, электр энергияси таъминоти соҳаларида бўлади. Бу стратегик аҳамиятга эга бўлган соҳаларда лойиҳаларни амалга ошириш кўзда тутилган. Инвестицияларни жалб қилиш учун асос сифатида ишлар олиб борилмоқда. Давлат-хусусий шерикчилик соҳасининг бунга нима дахли бор? Масалан, туризмни олайлик. Туризм учун аввало меҳмонхоналар қуриш керак. Йўллар яхши бўлиши керак, аэропортлар яхши бўлиши керак. Булар бизнес учун инфратузилманинг сифатини оширади. Бу маҳаллий инвесторлар учун қулайликлар келтиради. Масалан, ҳозир аэропорт сиғими 2,5 миллион йўловчига мўлжалланган бўлса, лекин талаб 5 миллион ҳисобланади. 1-2 йил ўтиб 10 миллионга ҳам етар, балки.

— Қонунда асосий мақсадлардан бири сифатида инфратузилмаларни ривожлантириш ва иқтисодий барқарорликни таъминлаш дейилган. Яқин йилларда қандай режалар кўзда тутилган?  

Ҳадеб инфратузилма дейишдан мақсад, бу ҳамма соҳага таъсир ўтказади. Шунинг учун йўл, аэропорт, газ, электр, сув жамоат инфратузилмасисиз иқтисодий ривожланишни тасаввур қилиб бўлмайди. Энергетика соҳасида ҳам ўзгаришлар кетмоқда. Мисол учун, энергетика вазирлиги ташкил этилди. Электр энергетика соҳасини ҳам учга бўлиш якунланди, дейиш мумкин. Булар: ишлаб чиқариш, узатиш ва сотиш. Давлат-хусусий шерикчилиги айнан шундай масалаларда яхши шаклланади. Иккинчи соҳа бу – транспорт йўналиши. Бу соҳада ҳам вазирлик ташкил қилинди. Ўзбекистон ҳаво йўллари тизимида ҳам учга бўлиниш жараёни бошланмоқда. Аэропортлар, аэронавигация ва ҳаво йўллари алоҳида бўлмоқда. Олдин булар битта яхлит ҳолда фаолият юритган. Бу икки соҳа каби сув ҳам жуда муҳим. Айрим жойларда сув етишмаслиги бор гап. Биз сув таъминотини шакллантиришга қаратганмиз. Шунингдек, ижтимоий соҳалар бўлган соғлиқни сақлаш ва таълим ҳам бу соҳада жуда муҳим. Бу йўналишларга давлат-хусусий шерикчилиги қаратилган. 5 йилда бу бўйича ишлар амалга оширилса, Ўзбекистон иқтисодиётига жуда катта туртки бўлади. Ўрта Осиё ҳудудида энг рақобатбардош ҳудудга айланиши мумкин.

— Бу соҳа баъзи давлатларда йўқ, баъзиларида янги ёки олдиндан бор деб айтиб ўтдингиз. Бизда буни йўлга қўйиш учун қайси давлатлар тажрибасидан фойдаланилди?

— Биринчи лойиҳаси Европа тикланиш ва тараққиёти банки томонидан тайёрлаб берилган. Қонунни тайёрлаш жараёнида молия корпорациялари, масалан Жаҳон банки ҳам ўз ҳиссасини қўшган. Бундан ташқари, АҚШ, Франция, Германия, Италия, шунингдек Россия ва Қозоғистон давлатлари тажрибалари ҳам ўрганилган. Уларнинг мутахассислари бу ерга таклиф қилинди. Мамлакатимизнинг ўзига хос хусусиятларидан келиб чиқиб улар билан биргаликда ушбу қонун тайёрланди.

— Давлат-хусусий шерикчилиги бўйича инрфатузилмалар жуда ҳам муҳимлигини айтиб ўтдингиз. Ушбу соҳада қилинаётган инвестициялар асосан қайси йўналишда бўлиши кутилмоқда?

— Бу соҳалар инвесторлар учун жуда ҳам қизиқ соҳа. Мисол учун, қуёш энергиясини ишлаб чиқариш бўйича халқаро молия корпорацияси кўмаги натижасида тендер якунига етмоқда. Навоийда 100 мегаватт станцияни назарда тутяпман. Соғлиқни сақлаш соҳасида гемодиализни олайлик. Бу икки соҳа бўйича ишлар олиб борилмоқда ва сентябрь ойларида тугатиш кўзда тутилмоқда. Қуёш панеллари бўйича 42та, гемодиализ бўйича 11та дунёнинг йирик хорижий корхоналари қизиқиш билдирган.

— Ўзбекистонда кўплаб йўллар ҳолати қониқарли ҳолатда эмас. Сизнингча, ислоҳотлар қачон бу йўлларни ҳам қамраб олади?

— Бундай саволлар кўп берилмоқда. Ҳозир ҳамма институтлар қараб тургани рост. Йўллар масаласида Осиё тараққиёт банки томонидан Тошкент-Андижон пулли йўли қурилиши режалаштирилмоқда. Лойиҳанинг бирламчи босқичи ҳозир бу ўрганишдир. Яъни, қандай бўлади, халқ кўтарадими ёки йўқ, бошқа муқобил йўл ҳам бўладими, қайси транспорт турига тўлов белгиланади каби саволлар турибди. Ҳозир агентлигимизнинг асосий вазифаси шу каби бир-икки лойиҳани амалга ошириш. Муваффақиятли амалга ошса, кейинги лойиҳалар тезкорлик билан амалга оширилади. Тажрибага эга бўламиз, мутахассисларимиз ҳам шаклланади. Чунки, бу соҳада жуда эҳтиёт бўлиш лозим. Узоқ йиллик лойиҳаларда хато қилинса, эртага давлат бюджетига зарар бўлиши мумкин. Мисол учун, Туркия давлат-хусусий шерикчилик бўйича илғор давлатларидан бири ҳисобланади. Лекин ҳозир АҚШ доллари курси ўзгаргани, яъни икки баробар ошгани сабабли кўплаб шартномалар бекор бўлмоқда, қолганларини давлатнинг ўзи сотиб олиб ўз зиммасига олмоқда. Биз ҳам лойиҳани пухта ўрганиб йўл муаммосига ўхшаш масалаларни ҳал қиламиз. Бунга анча вақт керак.

Баҳодир Аҳмедов суҳбатлашди

Мавзуга оид