Ўзбекистон | 15:38 / 04.06.2019
17182
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонга помидор ва бодринг навлари ҳам четдан кириб келмоқда

Фото: KUN.UZ

Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги анжуманлар залида Олий Мажлис, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси мутасаддилари ҳамда депутатлар иштирокида журналистлар билан очиқ мулоқот бўлиб ўтди.

Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Уруғчиликни ривожлантириш маркази директори ўринбосари Рафиқжон Ҳабиев 2018 йил апрель ойига қадар Ўзбекистонда пахта ва ғалладан бошқа қишлоқ хўжалиги экинларида уруғчилик тизими мавжуд бўлмаганини билдирди.

Фото: Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги

Рафиқжон Ҳабиев:

«Шу пайтгача тадбиркорлар, ишбилармонлар уруғчилик билан шуғулланиб келишарди. Президентимизнинг фармонлари билан Уруғчиликни ривожлантириш маркази ташкил этилди. Марказ ҳозирда нафақат пахта, ғалла, балки сабзавот, полиз, озуқа экинлари уруғларини тизимли равишда етиштиради. Нафақат ички, маҳаллий бозорга, хорижий давлатларга ҳам экспорт қилинмоқда.

Иссиқхоналар учун помидор ва бодринг навлари асосан четдан кириб келяпти. Лекин ўзимизда ҳам уруғчиликнинг маҳаллий селекция ишлари йўлга қўйилган. 

Давлат солиқ қўмитаси, Божхона қўмитаси билан ҳамкорликда барча ҳужжатларни кўтариб ўрганганимизда Ўзбекистонга охирги уч йилда четдан 140 тонна уруғ кириб келгани маълум бўлди.

Бироқ бу бутун дунёда мавжуд амалиёт, ҳеч қайси давлат 100 фоиз ўзи уруғ ишлаб чиқармайди, алмашиш жараёни бўлади.

Бозорларимизда уруғларнинг сифати пастлигига назоратнинг ва соҳага масъул ваколатли ташкилотнинг йўқлиги сабаб бўлган. Илгари истаган одам уруғ етиштираверарди, унинг сифати учун кафолат бермасди. Тадбиркор шу уруғни олиб, бозорчига берарди, сотувчи эса уни сотаверарди.

«Уруғчилик тўғрисида»ги қонунга асосан, Агроинспекцияга республикамизда уруғ етиштирувчи, сотувчи ким ва қандай ташкилот бўлса, барчасини назорат қилиш ваколати берилди».

Мавзуга оид