Жамият | 08:36 / 08.06.2019
8043
3 дақиқада ўқилади

Ўрганган кўнгил ўртанса қўймас: Нарпайда ўз уйида наша эккан гиёҳвандфуруш қамалди

Халқимизда «Букрини гўр тўғрилайди», деган нақл бор. Жамшид Ҳайдаров (исм-фамилиялар ўзгартирилди) муқаддам жиноятни содир этганликда айбли топилиб, унга нисбатан амнистия акти қўлланилган ва жазодан озод қилинганди. Бироқ, ўзига кўрсатилган мурувватдан у сабоқ чиқармаган экан.

Кейинги гал Жамшид инсоннинг ширин ҳаётига таҳдид солувчи, соғлиғига путур етказувчи гиёҳвандлик воситалари билан қонунга хилоф равишда муомала қилишдек қалтис жиноятига қўл уради. Жиноят кодексининг 273-моддаси 3-қисми «б» банди билан айбланиб, суднинг 2007 йил 1 март кунги ҳукми билан беш йил муддатга озодликдан маҳрум қилинади. Ж.Ҳайдаровнинг оилавий шароити инобатга олинади, вояга етмаган фарзандлари ҳамда қарамоғида кекса ота-онаси борлиги учун қонунларимиз унга мурувват кўрсатади. Тайинланган жазо шартли ҳукмга алмаштирилиб, уч йил муддатга синов белгиланади.

Жамшид Ҳайдаровнинг судланганлик ҳолати 2010 йилнинг 1 март куни тугалланган. Орадан шунча вақт ўтган бўлса-да, ўрганган кўнгил ўртанса қийин экан. Жамшиднинг жиноятга мойиллиги сувнинг пуфагидек яна юзага чиқди.

Яқинда Нарпай тумани «Гулистон» маҳалла фуқаролар йиғини биносида ўтказилган сайёр суд мажлисида судланувчи Ж.Ҳайдаровнинг Жиноят кодекси 270-моддаси 1-қисми (Гиёҳвандлик моддасини етиштириш) ва 25, 273-моддаси 5-қисми (Гиёҳвандлик воситалари ва уларнинг аналоглари ёки психотроп моддаларни ўтказиш мақсадини кўзлаб қонунга хилоф равишда тайёрлаш, олиш, сақлаш ва бошқа ҳаракатлар қилиш, шунингдек уларни қонунга хилоф равишда ўтказишга суиқасд)да назарда тутилган жиноятни содир этганликдаги қилмиши маҳалладошлари иштирокида мазмунан кўриб чиқилди.

Жамшид ҳовлисида узум токи орасида гултувакда марихуана гиёҳвандлик воситасини экиб, парваришлаган. Ички ишлар ходимлари Ж.Ҳайдаровнинг уйида холислар иштирокида тинтув ўтказишганда целлофан пакетда қоғозга қадоқлаб солинган қуруқ ҳолда соф оғирлиги 1,37 грамм ва молхона айвонининг устунидаги михга илинган целлофан пакетда яна 68 грамм гиёҳвандлик моддаси борлиги аниқланиб, ашёвий далил сифатида ҳужжатлаштириб олинган.

Судда Ж.Ҳайдаров гиёҳвандлик моддасини ўзи истеъмол қилиш мақсадида етиштирганлиги, сотиб ўтказиш ёки бирон кишига бериш мақсади бўлмаганлигини қайта-қайта айтди. Афсуски, экспертиза хулосаси судланувчининг важларини рад қилди. Чунки етиштирилган гиёҳвандлик моддаси кўп миқдорни ташкил қилади. Бу ҳол унинг бир киши томонидан истеъмол қилинишини истисно этади. Моддалар муайян ўлчамда қадоқланган, ташиш ёки жўнатиш учун яшириб қўйилган. Уларни тайёрлаш учун Ж.Ҳайдаровнинг уйида асбоб-ускуналар мавжуд. Ж.Ҳайдаровнинг ўзи эса экспертизанинг хулосасига кўра гиёҳванд эмас.

Судланувчининг ўринсиз баҳоналари ўтмади, — деб маълумот беради Kun.uz’га жиноят ишлари бўйича Нарпай туман судининг раиси Илҳом Қорабоев. —Жиноятдан тийилмаган Ж.Ҳайдаров содир этган ушбу жиноий қилмиши учун беш йил муддатга озодликдан маҳрум қилинди.

Мавзуга оид