Косондаги «Бўлмас»да нега оилавий поликлиника бўлмайди? Аҳоли тиббиёт маскани филиалга айлантирилганидан норози
Kun.uz таҳририятига Қашқадарё вилояти, Косон туманидаги «Юксалиш» маҳалласи аҳолисидан мурожаат келиб тушди.
Мурожаатда аҳоли маҳалланинг Бўлмас қишлоғидаги тиббиёт маскани фаолиятидан норозилигини, мутасаддилар томонидан муаммолари ижобий ҳал этилмаётганини баён этган.
Мазкур масалани жойида ўрганиш мақсадида ушбу маҳаллада бўлдик. Аҳоли эътирозларини тинглаб, улар айнан нимадан норозилиги ва масала моҳиятига ойдинлик киритдик.
Маълум бўлишича, бир неча йиллардан буён Бўлмас қишлоғидаги тиббиёт маскани аҳолига кўп тармоқли тиббий хизмат кўрсатиб келган. 2017 йилда ушбу тиббиёт муассаси ўрнида «Бўлмас» қишлоқ оилавий поликлиникаси филиали ташкил этилган. Айнан шу аҳолининг норозилигига сабаб бўлган.
«Аввал бу тиббиёт муассасаси жуда гавжум эди. Беморлар ётиб даволанишарди. Ҳозир бу катта бинода фақат филиал фаолият олиб бормоқда. Тўлақонли тиббий муолажа олишнинг имкони йўқ. Шунинг учун филиал эмас, балки оилавий поликлиника бўлишини хоҳлаймиз», – дейди маҳалла фаоллари биз билан суҳбатда.
Мазкур масала юзасидан Косон тумани тиббиёт бирлашмаси бошлиғи О.Нарбаев билан суҳбатлашдик.
Унинг маълумот беришича, қишлоқдаги тиббиёт муассасаси 2013 йилда Бўлмас қишлоқ участка шифохонаси тугатилгандан кейин Гувалак қишлоқ врачлик пункти Бўлмас бўлими сифатида фаолият кўрсатган. Президентнинг 2017 йил 29 мартдаги «Ўзбекистон Республикасида бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасалари фаолиятини ташкил этишни янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори асосида 1-сонли «Бўлмас» қишлоқ оилавий поликлиникаси филиали ташкил этилган. Ушбу тиббиёт муассаси туманниинг «Юксалиш», «Айрончи», «Этак» ва «Ушоқтепа» маҳаллаларининг 25 минг 977 нафар аҳолисига тиббий хизмат кўрсатади.
Мурожаатчиларнинг таъкидлашича, бу масалада Соғлиқни сақлаш вазирлиги вакиллари, вилояти ҳокими ва депутатлар келиб бир неча марта ўрганиш олиб борган, мутасаддилар томонида ҳар гал ваъдалар берилган бўлса-да, бу муаммо ижобий ҳал этилмаяпти.
Йигирма беш мингдан зиёд аҳолига хизмат кўрсатаётган 1-сонли «Бўлмас» қишлоқ оилавий поликлиникаси филиали биноси, унда яратилган шароитлар билан ҳам танишдик.
Бино ичи ҳувиллаб қолган. Авваллари беморлар ётиб даволанган хоналар (палаталар) бўш ва қаровсиз аҳволда. Муассасада замонавий тиббий жиҳозлар кўзга ташланмайди.
Ачинарлиси, бундай бинони бирорта қишлоқда қуришнинг ўзи бўлмайди. Бўлмас қишлоғидаги тайёр бино эса унумли фойдаланилмай, хоналари қаровсиз қолган.
Аҳоли эса бу тиббиёт муассасаси яна аввалгидек тўлақонли фаолият юритишини ва филиал эмас, балки оилавий поликлиника сифатида ташкил этилишини истамоқда.
Ўрганиш давомида шифокор Д.Ҳайитбоев ҳам масала юзасидан фикрларини билдириб ўтди.
«Уч йил аввал тиббиёт академиясини тугатиб қишлоғимга қайтиб келганман. Пойтахтда қолиш ниятим ҳам бор эди. Аммо шу ерда аҳолига нафим тегсин, деб қайтганман. Аммо бу ерда тиббиёт ривожланиш ўрнига орқага кетмоқда. Шу ерда кўп тармоқли тиббий хизмат кўрсатадиган маскан бугун филиалга айлантирилиб, шу аҳволга келди. Ахир, соҳадаги ислоҳот халқ манфаатига хизмат қилиши зарур. Бу ерда эса тескариси бўлди. Аҳоли ҳам бундан норози, шифокор сифатида мен ҳам», – дейди Ҳайитбоев.
Аҳоли бу масалада турли ташкилотларга мурожаат қилгани ҳақида юқорида таъкидлаб ўтдик. Маҳалла фаолларининг билдиришича, уларнинг илтимослари рад этилмаган, аммо ижобий ҳам ҳал этилмаган.
Аҳоли эса ҳамон бу филиал ўрнида қайтадан оилавий поликлиника ташкил этилишидан умидвор.
Тегишли вазирлик ва ташкилотлар мутасаддилари аҳолининг ушбу илтимоси юзасидан зарур чоралар кўриши мақсадга мувофиқ.
Kun.uz бу масала юзасидан воқеалар ривожини кузатиб боради ва бу мавзуга яна қайтади.
Бардошбек САМАД ўғли,
Kun.uz мухбири.
Мавзуга оид
17:57 / 12.01.2024
Муротжон Азимов Косондаги “шов-шувли” қарорни бекор қилиш бўйича топшириқ берди
13:58 / 27.06.2023
Оилавий поликлиникада рўйхатдан ўтмаган аҳолига пулли хизмат кўрсатилиши ҳақидаги хабарлар асоссиз – ССВ
14:24 / 05.07.2022
ССВ Тошкентда ёш бола қийноққа солиниб массаж қилингани акс этган видео бўйича расмий маълумот берди
20:20 / 11.12.2021