Ўзбекистон | 19:20 / 12.06.2019
14166
5 дақиқада ўқилади

Транспорт ва логистика муаммолари: Халқаро транспорт форуми эксперти билан интервью  

Транспорт ҳар қандай мамлакат иқтисодиётининг муҳим бўғини ҳисобланади. Ўзбекистон денгизга тўғридан-тўғри чиқа олмаса-да, республика жаҳон савдосида фаол иштирок этишга ҳаракат қилмоқда. Шу билан бирган янги имкониятлар ва муаммолар пайдо бўлмоқда.

Шу кунларда Ўзбекистонга Халқаро транспорт форуми (ХТФ) экспертлари ташриф буюрди. Kun.uz ташкилот вакили Яри Кауппила билан суҳбат уюштирди.

- ХТФ нима билан шуғулланади?

- Биз транспортнинг барча турларини мужассамлаштирган ягона ҳукуматлараро ташкилотмиз. Биз ташкилотимизга аъзо давлатларнинг транспорт вазирликлари билан ишлаймиз. Ташкилотимизга 60 мамлакат, жумладан, Озарбойжон, Грузия, Арманистон, Беларусь, Қозоғистон, Хитой, Россия, Латвия, Литва, Эстония, Молдова аъзо ҳисобланади.

Биз дунёнинг энг яхши тажрибалари билан алмашиш платформаси сифатида фаолият юритамиз ва транспорт соҳасидаги турли йўналишларда тадқиқотлар ўтказамиз. Биз шунингдек, ҳар йили мингдан ортиқ киши қатнашадиган саммит ташкил этамиз.

ХТФ бош котиби жаноб Ким биринчи навбатда Ўзбекистон ҳукуматини Транспорт вазирлиги ташкил этилганлиги билан қутлайди. Ҳукумат бу орқали Ўзбекистонда транспорт соҳасидаги стратегик режалаштириш имкониятини яратди. Биз ҳукуматни бу қадами билан табриклаймиз ҳамда Ўзбекистоннинг ХТФга қўшилиш ғоясини олқишлаймиз.  

- Ўзбекистоннинг транзит мамлакат сифатидаги салоҳиятини қандай баҳолайсиз?  

- Ўзбекистон транзит оқимлар нуқтаи назаридан аъло жойлашувга эга, Осиё, Яқин Шарқ ва Европани бирлаштирадиган тарихий Ипак йўли у орқали ўтади. Ҳозирда Марказий Осиёдаги қатор давлатлар ўзларини транзит мамлакат сифатида кўрмоқда, аммо улар бир-бирлари билан кооперациялашиши ва саъй-ҳаракатларини бирлаштириши лозим. Бу маблағ киритиладиган йўлакларни пухталик билан танлаш кераклигини англатади. Бундан ташқари, бу давлатлар нафақат халқаро йўлаклар, балки маҳаллий транспорт боғламаси, яъни алоҳида шаҳарлар, корхоналар ҳамда минтақадаги давлатлар ўртасидаги боғламаларга ҳам эътибор қаратишлари керак.  

Ўзбекистон яхши темир йўл тизимига эга, аммо ҳамиша уни такомиллаштириш имконияти бор. Меҳнат самарадорлигини Қозоғистон каби қўшнилар даражасигача ёки ундан ҳам юқорироқ даражада яхшиланиши мумкин. Бундан ташқари, самарадорликни ошириш учун Ўзбекистон келажакда фаолиятнинг айрим турларини аутсорсинг қилишни кўриб чиқиши ҳамда темир йўл ташувлари бозорини мунтазам очиб бориши лозим.

- Ўзбекистон киши бошига мева етиштириш бўйича етакчи мамлакатлардан бири ҳисобланади, аммо экспортни йўлга қўйиш муаммо бўлиб қолмоқда. Қиммат юк ташиш соҳасида нималарни яхшилашимиз мумкин? Транспорт қандай қилиб меҳнат самарадорлигига таъсир кўрсатиши мумкин?  

- Ўзбекистон денгизга чиқиш учун камида иккита давлат ҳудудидан ўтиши керак ва бу жаҳон бозорига чиқишда салбий таъсирга эга.

Мамлакат ўз географик жойлашувини ўзгартира олмайди, аммо ҳукумат буни транспорт харажатларини пасайтириш, ташувлар тезлигини оширишга қаратилган самарали транспорт сиёсати ўтказиш орқали ҳал қилиши мумкин.

Бугунги кунда ўзбекистонлик ишлаб чиқарувчи учун жаҳон бозорига чиқиш Германиядаги ишлаб чиқарувчига нисбатан 4 баравар қимматга тушади.  

- Марказий Осиёдаги йўллар сифати ҳақида нима дея оласиз? Қандай муаммолар ва уларнинг ечимлари мавжуд? 

- Ҳозирда автомобиль ва темир йўл тармоқлари узоқ йиллар давомида молиялаштириш етарлича бўлмаган даврдан сўнг тикланиб бормоқда. Молиялаштиришнинг етарлича бўлмагани тезликнинг пасайиши ва транспорт воситаларини таъмирлаш учун қўшимча харажатлар келтириб чиқаргани сабабли фойдаланувчилар учун қиммат нархни келтириб чиқарган.

Ўзбекистон Тошкент ва Самарқанд ўртасидаги шоссе каби жаҳон даражасидаги автойўлларни қурган, аммо айрим муҳим автойўлларнинг сифати жаҳон стандартларидан паст бўлиб, бу тезликнинг пасайиши ва транспорт воситаларининг тез ишдан чиқишига олиб келади.

Йўл қурилиши ва таъмирлаш бўйича фонд ташкил этилиши ҳамда барча соҳаларда самарадорликнинг ошириб борилиши бу Марказий Осиё давлатлари амалга ошириши ва минтақага иқтисодий манфаат олиб келиши мумкин бўлган нарсадир.

ХТФ экспертлари «Марказий Осиёда савдо-транспорт боғламасини ошириш ва юк ташишни ривожлантириш» деб номланган махсус ҳисобот ҳам тайёрлади. Унда Қозоғистон, Қирғизистон, Монголия, Тожикистон ва Ўзбекистондаги юк транспорти йўллари билан боғлиқ масалалар ўрганилган.

Ҳисобот минтақадаги транспорт боғламасини яхшилаш учун зарур сиёсатни ўтказиш бўйича тавсияларни ўз ичига олади. Ҳисоботнинг тўлиқ матни билан бу ерда танишиш мумкин.

Мавзуга оид