Қаршиликлар оғзида бир гап: «Қарзим йўқ, аммо фалон сўм пеня чиқибди, тўламаса бўлмасмиш...»
Шу кунларда Қарши шаҳри газ идорасига иши тушган деярли ҳамманинг оғзида бир гап: «Қарзим йўқ, аммо фалон сўм пеня чиқибди. Тўламаса бўлмасмиш». Бу ҳолга фақат бир-икки киши дуч келган бўлса ҳам майли эди. Тушунса бўларди. Ахир интизомсиз истеъмолчилар ҳам йўқ эмас-да орамизда. Бироқ қизиғи, дабдурустдан хабари берилган ушбу «сийлов»дан бебаҳра одамни учратмайсиз ҳисоби. Бевосита жойига бориб ўрганиш асносида ҳам бунга тўла ишонч ҳосил қилдик.
Одамлар нима дейди?
Кимдир пеня хабарини эшитиб саросимага тушган, кимнингдир жиғибийрони чиққан. Буни уларнинг юзи-ю сўзидан билиш ҳам қийин эмас. Ҳайратдан ёқа ушлаётган истеъмолчилар ҳам топилади. Айримларини суҳбатга тортдик.
«Қарзни тўлайман, деб келсам 235 минг сўм пеня чиқариб ўтирибди. Компьютерга қараб айтишди. Ҳисоблагич бўйича ўтган ой 6 минг сўм ишлаган. Доим ойма-ой тўлов қилиб келганмиз. Ортиқчаси билан 50 минг сўм тўламоқчи эдим. Энди бу аҳвол. Нега бундай қилишади, ҳайронман. Йўқ жойдан пеня деб турса. Оилада бир ўзим ишлайман. 500 минг сўм маош оламан. Осонмас-да. Қай бирига етказаман?!», дейди Қарши шаҳри «Кат» маҳалласида яшовчи Тамара Икромова.
«Чақар» маҳалласидан Гулбаҳор Худоёрова ҳам интизомли истеъмолчи бўлиш пайидаги фуқаролардан. Ўзи пенсионер. Ўтган ой фойдаланилган табиий газ учун қарздорликни сўндиргани келган. Қарздан қутулгани етмаганидек, абонент дафтарчаси устига «186 минг сўм пеня», деб ёзиб қўйишибди. Шошиб қолган аёл 150 минг сўмини тўлаб ҳам берибди.
Қарши шаҳри «Гулшан» маҳалласида истиқомат қилувчи Нигора Ҳамидова хонадонига газ учун 1 миллион сўмдан зиёд пеня ҳисобланган.
«Яшаб турган уйимизни 2017 йилда бировдан сотиб олганмиз. Нотариусдан ўтказгунча, уй эгаси «МИБдан газдан қарзи йўқ», деган маълумотнома олиб келиб берувди. Тартиби шундай экан. Бугун билсак, 5-6 йиллигини кўтаришибди. Бизда шунча пеня бор экан. Қизиқ, қарзи бўлмаса, пеня қаёқдан келди?! 100 мингнинг нари-берисида бўлса ҳам бошқа гап эди. Тўлаб кетардим. Қаердан топаман бунча пулни? Мактабда ўқитувчи бўлиб ишлайман. Коммуналдан қарзи йўқ, деган «справка» талаб қилишади. Шунга келувдим ўзи. Энди бу пеняни ойлигимдан ушлаб қолишмаса яхши эди. Қийналиб топган пулимизни емай-ичмай, шу пеняга ишлатамизми?!», - дейди у.
Маълум бўладики, фуқаро янги уйда яшай бошлаганига энди 2 йил бўлибди. Айтганидек, истеъмол қилинган табиий газ ҳақини ойдан ойга ўтказиб ҳам юбормаган. Чунки иш жойига доим қарзи йўқ деган маълумотнома топширган. Хўш, шу қисқа фурсатда унга 1 миллион сўмдан кўп пеня ҳисобланиши мумкинми?
Ушбу таъминот корхонасининг бошқа бир мижози – Қарши туманида истиқомат қилувчи А.Худойқулов билан юз берган ҳолат ҳаммасидан ошиб тушди. Истеъмолчининг билдиришича, бир неча йил олдин унга табиий газдан қарийб 1,5 миллион сўм нореал қарздорлик ҳисобланган. Фуқаро буни исботлаб бергач, асоссиз қарз тегишли акт ҳужжати билан юритувдан олиб ташланган. Эътиборлиси, истеъмолчи бугунги кунда унга ёзилган 500 минг сўмдан ортиқ пенядан норози бўлиб абонент картасини кўздан кечирганда, ўтган даврдан бери айнан шу қарздорлик суммасига ҳам жарима қўллаб келинаётгани маълум бўлган. Шунинг ўзиёқ ушбу жараён холис кечаётганини шубҳа остида қолдиради.
Қонунда ёзилишича...
Албатта, истеъмолчиларнинг иддаоси ҳам тўғри, эътирозлари ўринли. Тўловини ойма-ой қилган бўлса, нега унга пеня ҳисобланиши керак? Ўзи бу чора қачон қўлланиши мумкин? Шу ўринда масаланинг ҳуқуқий томонига бир кўз югуртиришни лозим топдик.
Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 12 январдаги 22-сон қарорига асосан «Табиий газдан фойдаланиш қоидалари» тасдиқланган. Унда келтирилишича, истеъмолчи ой тугаганидан сўнг 10 кун мобайнида истеъмол қилинган газ ҳажми учун табиий газ истеъмолини ҳисобга олиш приборлари кўрсаткичлари ёки белгиланган меъёрлар асосида тўловни амалга оширади. Тегишли муддатда истеъмол қилинган табиий газ ҳақи ўз вақтида тўланмаган тақдирда, истеъмолчи газ таъминоти ташкилотига қонун ҳужжатларида белгиланган миқдорда пеня тўлайди. Ҳозирда бу миқдор қарз умумий суммасининг 0,1 фоизини ташкил этади.
Бир қарашда бу арзимаган рақамдек кўринади. Айтайлик, истеъмолчининг муддатидан кечиккан 100 минг сўм қарздорлиги бўлса, унга ўтган ҳар бир кун учун 100 сўмдан пеня ҳисобланиши, аммо бу миқдор қарз суммасининг 50 фоизидан ошиб кетмаслиги керак. Демак, фуқароларга ёзиб берилаётган пеня бир ё икки ойда шаклланиб қолмаган. Бугун гарданига ҳатто 2 миллион сўмгача пеня илинган истеъмолчилар борлиги шундай дейишимизга асос бўлади. Мана бир мисол.
Одамларни ўйлантираётган бошқа бир савол бор. Таъминотчи корхона истеъмолчиларнинг кечиктирилган қарздорликдан ҳосил бўлган пеняси 5-6 йил давомида йиғилиб боришига нега йўл қўйиб берди? Нима учун уни вақтида, ойма-ой ундириб бормаган, аҳолини хабардор этмаган? Пеня учун бир ойда 4-5 минг сўм тўлаган қайдаю, 72 ойда бир неча миллион сўм?! Албатта, иккинчиси ҳар қандай кишига оғир ботади. Шунингдек, қарзи йўқлиги ҳақидаги маълумотномалар нимага асосланиб ёзиб берилган? Хуллас, пеня масаласи нега айнан ҳозирги пайтга келиб кун тартибига чиқарилди? Олдинроқ қаерда эди шу гаплар? Ана шундай саволлар билан Қарши газ таъминоти участкаси мутасаддиларига юзландик.
Мутасаддиларнинг ҳеч нарсадан хабар йўқ
«Облгаз»га борасиз, пеня масаласида улар тўлиқ жавоб беришади, биз участка бўлиб қолганмиз, таъминот билан шуғулланамиз, холос.
Кассада ўтирганлар ҳам бизнинг ишчилар эмас. Ҳаммаси МИБ ходимлари. Хуллас, пеняни биз ҳисобламаймиз. 2013 йилдан бери компьютерга киритилади. Қарздорлик бўйича 278-сонли қарор бор. Шу бўйича тартибга солинади. Ҳисоб-китоб бизга қараган пайти, 2015 йил аҳоли жанжал қилиб келгач, ўртада бир-икки йил тўхтади. Шу йил январь ойида Тошкентдан, «Ўзтрансгаз»дан комиссия келиб, пеняни ундириш масаласини кўтариб кетди. Бўлгани шу. Нега қайта жорий қилингани, ҳуқуқий асосини келтиришга ваколатимиз йўқ», - дейди участка муҳандиси Нодир Шаропов.
Масъулнинг сўзларидан англаш мумкинки, бу юқоридан бўлган топшириқ. Боз устига, пеняни ундиришни исталган пайти тўхтатиб, яна қайта йўлга қўйишаётганига нима дейсиз?! Ғалати-а, шундай эмасми?! Нима, бу ишлар одамларнинг асабини синаш учун қилинадими? Пеняси туғиб ётган истеъмолчининг аввал бамайлихотир, хотиржам юришига қўйиб бериб, кейин бирдан саросимага солишдан, фалон сўм пенянг бор, деб юрак ёришдан қандай мақсад кўзланган?
«Пеня кеча ё бугун чиққан янгилик эмас, 2005 йилдан бери бор бу чора. Истеъмолчи қарздорлигини ойнинг 10-санасига қадар сўндирмадими, дастур унга пеня ҳисоблаб кетаверади. Ҳаммаси автоматик бажарилади. Фақат 50 фоиздан ўтказмайди. Бу масала нега ҳозир асосий масалага айланди? Чунки илгари эътиборсизлик бор эди-да. Энди халқнинг ўзи қўзғалди. «Справка», шунга ўхшаш у-бу нарса чиқди. Уйни олди-сотди қилаяпти, шунда қарзи йўқлиги ҳақида маълумот олиши керак. Менда пеня борми-йўқми, деб фуқаронинг ўзи қизиқаяпти-да. Аввал бу масалада кам одам мурожаат қиларди. Энди кўпайди. Пеня долзарб бўлгани сабаби ҳам шу», - дейди Қашқадарё бўйича газ таъминоти филиали директори ўринбосари Шокир Қодиров.
Бирор нарса тушундингизми?
Сиз мутасаддининг гапларидан нима тушундингиз? Гўёки пеня деган жабрни аҳоли ўзи истаб сотиб олган, деган маъно келиб чиқади. Ўзи ташаббускори бўлган нарсадан ўзи бехабар бўлиши мумкинми? Хўп, лоқайдлик бўлган экан, бунга ким айбдор, таъминотчими ё истеъмолчи? Ахир шу пайтгача пеняси борлиги бирор жойда, на абонент дафтарчасига тикиладиган тўлов квитанциясида (бу ҳужжатда «пеня» деган алоҳида банд бор –таҳр.), на фуқарога тақдим этилаётган қарздор эмаслигини тасдиқловчи маълумотномада қайд этилган. Жиллақурса, огоҳлантириш ҳам берилмаганку? Шокир Қодиров ҳам ўз оғзи билан айтиб турибди, охирги пайтда газ идорасига «справка» сўраб келгич кўпайган. Энди эса буни қулай фурсат билиб, ҳеч иккиланмай фойдаланишган, қўйишган.
Бу ерда ким ҳақ ўзи?! Уни-буни баҳона қилиб, истеъмолчидан 5-6 йиллик пеняни ундириш учун ҳуқуқий асос борми?
«Пеня бўйича кўп муаммо бўлаяпти, кўп ариза тушаяпти. Шу масала юзасидан фуқаролик ишлари бўйича туманларо судига икки фуқаро номидан даъво аризаси ҳам киритдик. Ҳали ҳал қилув қарорини олмадик. Шундай бўлса-да, бу масалани юридик жиҳатдан баҳолаш мумкин. Бунда иккита хатога йўл қўйиляпти. Яъни биринчидан, таъминот корхонаси ва аксар истеъмолчилар ўртасида шартнома мавжуд эмас, шу кунгача тузилмаган. Агар шартномавий муносабат расмий бўлмаса, унинг кучи йўқ дегани. Истеъмолчига мажбурият юклаб бўлмайди. Қолаверса, ҳисоблаш нотўғри бўлаяпти. Яъни Фуқаролик кодекси 150-моддасига кўра, даъво муддати уч йил этиб белгиланган. Бундан келиб чиқадики, 2016 йилдан бериси қамраб олиниши керак. Аслида пеня йилдан-йилга ўтмаслиги даркор. Истеъмолчига тўланг деб, хат берилиши лозим эди. Маълум бўлишича, ҳисоб рақами бошқа деб, пеняни алоҳида ҳисобга ундиришяпти. Унутмаслик керакки, пеня ҳам қарздек нарса», - дейди Қарши шаҳар истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ташкилоти ҳуқуқий ҳимоя мутахассиси Рустам Бердиев.
Тўғри-да. Пеня ҳам жарима сифатидаги чора, истеъмолчи зиммасидаги қарз. Ўтган йиллари фуқароларга тегишли маълумотнома бериб келган газ идораси қандай қилиб уларни яна қарздорга чиқариши мумкин?! Уддабуронликни қарангки, бугун мазкур амалиётни қўллашда сал бошқача йўл тутишяпти. Энди маълумотномада бирваракайига ҳам қарздорликни, ҳам пеняни акс эттиришяпти. Яъни, табиий газдан асосий қарздорлик йўқ, лекин фалон сўм пеня бор. Бир ўйлаб кўрайлик. Бюджет ташкилотида ишловчи истеъмолчи бу ҳужжатни ўз иш жойига тақдим этди. Мавжуд тартибга кўра, қарз ходимнинг ойлигидан ушлаб қолинади. Хўп, тағин пеняга деб шу маошдан маблағ ундирилмаслигига ким кафолат беради?!
Маълумотларга кўра, ҳозирда Қарши газ таъминоти участкасига 126 минг маиший истеъмолчи – аҳоли вакили қарайди. Таъминотчининг шунча кишидан ойнинг 10-санасигача тўловларни тўлиқ қабул қилиб олишга имконияти етадими? Агар ўртача минг фуқародан тўлов қабул қилиш керак бўлса, уларнинг ҳар бирига 5 дақиқадан вақт кетса ҳам, шаҳар газ идораси ёнида ташкил этилган қабул жараёнида бунга бир кунда улгуриш амримаҳол. Ахир биз 126 минг истеъмолчи ҳақида гапиряпмиз.
Боз устига, «Табиий газдан фойдаланиш қоидалари»нинг фақат пеняга дахлдор банди ижросини бажаришда жонбозлик кўрсатаётган таъминотчи бошқа мажбуриятларини ҳам сидқидилдан адо этса, барчага фойда бўларди, назаримизда. Ваҳоланки, Вазирлар Маҳкамасининг ўша 22-сон қарорида маиший истеъмолчиларга табиий газ истеъмолини ҳисобга олиш замонавий ускуналарини харид қилиш, ўрнатиш, рўйхатдан ўтказиш, даврий давлат қиёслови ва пломбалаш тегишли равишда ҳудудий газ таъминоти ташкилотлари маблағлари ҳисобидан амалга оширилади, деб қатъий белгилаб қўйилган. Охирги пайтда бу масала ҳам нуқул истеъмолчи гарданига юклаб қўйилаётгани айни ҳақиқат. Таъминотчи ўз ҳисобидан бирор аҳоли хонадонига «счётчик» олиб бориб ўрнатиб берганини яқин орада эшитмадик.
Сўнгги маълумотларга кўра...
Вазият ҳамон ўша-ўша, одамлар чарчаган, югурган-елган, аммо нима бўлаётганини тушунмай ҳалак. Очиғини айтганда, халқ қийналмоқда. Буни Қарши шаҳри Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамияти раҳбари Қоржов Жўраевнинг ҳам сўзларидан англаш мумкин.
«Ишонасизми, юқоридаги муаммо юзасидан ҳар куни йигирмалаб одамни қабул қиламиз. Одамлар жуда сарсон бўлди. Ҳар бир истеъмолчининг ҳуқуқини ҳимоя қилиб, улар билан судма-суд юришга бизда имконият етарли эмас. Ўтган май ойида 24 кун иш куни бўлган бўлса, шу муаммо билан боғлиқ 23та «дело» судга берилди. 2012 йилги қарзларни келтириб чиқаришяпти. Бу ҳолатни вилоят, керак бўлса, республика ечимида ҳал этиш керак, назаримда», дейди у.
Тўсатдан долзарблик касб этган пеня масаласини одамлар ўзича тусмол этаётгани ҳам бор гап. Кимдир «газчилар ишида ками чиққани учун шуни тўлдираман деб, ёппасига аҳолига пеня солишяпти», деган гумонни билдиради. Аммо буниси бизга қоронғи, далил-исботсиз аниқ бир фикр айтишга ожизмиз. Қолаверса, бу ташкилотдан илгари ҳам панд еганлар кўп бўлган. Камомад бўлиб қолса, катта пулни шартта фуқароларга тақсимлаб ташлашгани, натижада нореал қарздорликлар юзага келгани авваллари кўп қулоққа чалинган. Қарз асоссиз миндирилгани кўп бора ўз исботини ҳам топган.
Мирзоҳид Жўраев,
Сарвар Анвар ўғли
Мавзуга оид
20:11 / 20.07.2024
Қарши аэропорти яқинида ёнғин содир бўлди
07:43 / 27.04.2024
Ўзганинг сир сақланиши лозим бўлган видеоларини тарқатмаслик эвазига пул талаб қилган аёл ушланди
22:32 / 20.04.2024
Қаршида DAMAS автомобилида 25 нафар болани ташиган ҳайдовчи аниқланди
23:02 / 16.04.2024